Тадбиркорни «эмаклатиш» қачонгача?



 
  Расм манбаси : ЎзА

Тадбиркорни ким қўллаши керак – ҳокимлик, тадбиркорнинг бошини ким силаши керак – ҳокимлик, тадбиркорни... Хуллас, икки-уч одамни тўплаб мен ҳам бир ишни бошлай деган ниятда тадбиркорлик кўчасига қадам ташлаётган киши учун, айниқса, бугунги воқеликлар нуқтаи назаридан қаричланганда, энг яхши нажот-у дастак ҳокимликлар бўлиши керак. Хаёлга келадиган биринчи фикр шу ва бу ҳақиқат.

Аслида бўлғуси тадбиркор кўп нарса сўрамайди, бор-йўғи битта РУХСАТНОМА бўлса бас. Беш кунлик иш, битади – кетади. Йўқ, шошманг, беш кун – кам эмасми...

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилоят бошқармасига Навоий шаҳар давлат хизматлари марказидан махсус хабарнома келиб тушди. Тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани қайд этилган шу хабарга аниқлик киритиш учун ҳолатни ўргандик ва ҳақиқатан ҳам амин бўлдикки, айрим мутасаддилар учун нафақат беш кун, балки бир ой ҳам камлик қилишига амин бўлдик...

Масалан, «Iskra Xazora» масъулияти чекланган жамияти тадбиркорларини олайлик. Улар 2018 йилнинг 25 август куни алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олишни сўраб, давлат хизматлари марказига ариза беришади. Мурожаат шу куннинг ўзида марказ ходимлари томонидан электрон ахборот алмашинуви дастури («E-ijro») орқали ваколатли органга жўнатилган.

Эътиборингизни тортмоқчимиз, ваколатли орган бу – ҳокимлик идоралари. Аниқроғи, ҳокимликда фаолият юритаётган ишчи гуруҳи аъзолари.

Навоий шаҳар ҳокимлиги мурожаатни белгиланган муддатдан 30 иш кунига кечиктириб кўриб чиқади ва 12 октябрь куни (!) тадбиркор учун алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини дастур орқали марказга жўнатган. Аслида бу мурожаат 5 иш кунида ҳал бўлиши лозим эди. Аммо, ундай бўлмади. Шу тобда тадбиркорни битта гувоҳнома учун йиллар давомида «эмаклатадиган» вақтлар ўтиб кетди, дегингиз келади ҳокимлик мутасаддиларига.

Худди шундай давлат хизматига эҳтиёж сезган «Tibtexnika» масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлари мурожаатига ҳам жавоб Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан 19 иш кунига кечиктириб жўнатилган. Жами 30 та тадбиркорлик субъектига давлат хизматлари кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Ўрганишларимизни умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини олишга ариза берган тадбиркорлар фаолияти мисолида давом эттирдик. Бу мурожаатларда ҳам ҳокимлик томонидан 22 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Масалан, Навоий шаҳрида фаолият юритаётган «Best Pub» масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлари жорий йилнинг 10 сентябрь куни умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини олишни сўраб ёзган аризаси марказ томонидан шу куннинг ўзида электрон ахборот алмашинуви дастури (E-ijro) орқали ваколатли органга жўнатилган. Буёғи нима бўлди деб сўрасангиз, мазкур мурожаатнинг тақдири ҳали-ҳануз номаълум...

Наҳотки ҳокимлик мутасаддиларига тушунарли бўлмаса, ахир бу бориб турган қоидабузарлик-ку!

Эслатиб ўтмоқчимиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПФ-5409-сон Фармонининг 3-иловаси 19-бандига кўра, алкоголли маҳсулотлар билан (чакана, умумий овқатланиш) савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини туман (шаҳар) ҳокимликлари 5 иш кунида бериши кўрсатилган.

Мазкур масалада мурожаат қилаётган тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқини чеклаётган Навоий шаҳар ҳокимлигидаги  ишчи гуруҳ аъзолари буни ўйлаб кўришса яхшилаб бўларди. Энди эскича ишлаш кетмайди. Тадбиркорнинг оёғига тушов бўлолмайсиз.

Ҳокимликларки президент фармони ижросига шундай эътиборсиз бўлса, унда тадбиркор дардини кимга айтсин?..

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати

2018-10-30 14:32:25  |  1677 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация