“МАМЛАКАТИМИЗ АДВОКАТУРАСИ УЧУН ТАРИХИЙ КУН!”



 
  Расм манбаси : Advokatnews.uz

Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси биносидаги ўқув суд залида ёш адвокатлар ҳақиқий сайёр суд мажлисини бевосита кузатиш, шунингдек, томонларнинг суд мажлисига тайёргарлик ҳолати юзасидан фикр алмашиб, тажрибали адвокат таҳлилини тинглаш ҳамда судьялар билан юзма-юз савол-жавоб қилиш имконига эга бўлган эдилар.

— Бу кун мамлакатимиз адвокатураси учун тарихий кун бўлди, — дейди Адвокатлар палатасининг Халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи Гўзал САЙФИЕВА. — Аввало, Адвокатлар палатасининг ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қўллаб-қувватланганининг ўзи эътирофга лойиқ бир қадамдир. Унинг илк натижаси сифатида эса Палатада махсус ташкил этилган ўқув суд залида Тошкент шаҳар иқтисодий суди апелляция инстанциясининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди ва Тошкент шаҳрида фаолият юртадиган ёш адвокатлар ва стажёрлар суд жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлдилар.

Суд мажлиси якунлангач эса Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзоси, “My Lawyer” адвокатлик фирмаси адвокати, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жамшид Турдалиев маҳорат дарси кўринишида машғулот ўтказди. Машғулотда тингловчилар ҳам ўзлари гувоҳ бўлган сайёр суд мажлисида тарафларнинг суд муҳокамасига қай даражада тайёр бўлиб келганлари, қандай имкониятлардан фойдаланганлари, қайси камчилик ва хатоларга йўл қўйганлари масаласини кенг муҳокама қилишиб, ўзаро фикр алмашдилар.

Шунингдек, суд мажлисидан сўнг Тошкент шаҳар иқтисодий суди апелляция судлов ҳайъати судьялари Мақсуд Саидов, Муҳиддин Султонов ва Равшан Рашидовлар Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров билан биргаликда тингловчилар билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Кўп йиллик тажрибага эга бўлган судьялар бўлажак адвокатларга танлаган касбларининг нуфузи ҳақида ижобий фикрларни билдираркан, адвокатларнинг профессионал тарзда иш олиб бориши судьяларнинг одил қарор чиқаришига ёрдам беришини, шунинг учун ҳам адвокат ўзи ҳимоячи сифатида иштирок этаётган ишни ҳар томонлама чуқур ўрганишлари, барча моддий ва процессуал қонун меъёрларини самарали қўллашга ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидладилар.

Учрашувда Адвокатлар палатаси раиси ҳам иштирокчиларга бугунги кунда адвокатурани мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар бўйича маълумот бериб, адвокатуранинг келгуси ривожи ёш кадрларга боғлиқлигини таъкидлади ва уларни Адвокатлар палатаси томонидан ташкил этилаётган тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.

Шунингдек, у адвокатларнинг масофавий ўқитиш тизимини яратиш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилаётган ва ҳар томонлама кўмак бераётган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги — USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастурига ҳамда мазкур дастурнинг Бош пудратчи ташкилоти Tetra Tech DPK (АҚШ)га ўз миннатдорчилигини билдирди.

Зеро, Адвокатлар палатаси биносидаги махсус замонавий ускуналар билан жиҳозланган мазкур ўқув суд зали ва яна алоҳида ўқув хонаси айнан шу лойиҳа доирасида ташкил этилган эди.

Лойиҳанинг кейинги босқичи сифатида эса мамлакатимизда фаолият юритаётган тажрибали, малакали ва муваффақиятли адвокатлар орасидан тренерлар танлаб олиниб, уларни масофавий таълимни сифатли ва самарали олиб боришга тайёрлаш мақсадида, хорижий экспертлар жалб қилинган ҳолда махсус тренинглар ўтказилди.

Шу тарзда замонавий методика ва механизмларни ўзлаштирган тренерларимиз ҳуқуқнинг турли соҳалари бўйича ўзларининг биринчи ўқув материалларини ишлаб чиқдилар ва ўқув хонаси ҳамда суд залидан мақсадли фойдаланган ҳолда адвокатлар, адвокатлик мақомини олишга талабгорлар, адвокат стажёрлари ва ёрдамчилари, олий ўқув муассасаларининг юридик факультетлари талабалари учун интерфаол машғулотларга асосланган, ҳам оффлайн, ҳам онлайн ўқув курсларини олиб бордилар. Айтиш жоизки, масофавий ўқитиш тизимимизнинг илк қалдирғочлари ўқув курсларидан ва тренерларнинг маҳоратидан миннатдор бўлиб, жуда қизиқарли ва самарали ўтган бундай ўқув курслари тизимли ўтказиш фойдали эканини эътироф этдилар.

Шунга кўра ҳозирги кунда тренер-адвокатларимиз қаторини кенгайтириш ва долзарб мавзуларда янги ўқув материалларини ишлаб чиқиш ҳамда Адвокатлар палатасининг барча ҳудудий бошқармаларини масофавий таълим учун зарур бўлган техник ускуналар билан жиҳозлаш устида ишлар олиб борилмоқда. Албатта бундай тизимни яратишда фаол ва жонкуяр адвокат-тренерларимизнинг ҳам ҳиссаси беқиёс бўлмоқда.

Шунингдек, бу лойиҳани амалга оширишда Адвокатлар палатасидаги ўқув суд залида ҳақиқий сайёр суд мажлисларини ўтказиш ва унга адвокатлар ҳамда адвокатликка талабгор шахсларни жалб қилиш ҳам назарда тутилган эди. Юқорида хабар берганимиздек, 25 март куни бўлиб ўтган суд мажлиси ҳамда ундан кейинги машғулот ва учрашувлар мазкур босқичнинг ҳам амалдаги самарали бошланиши бўлди. Шу боис ҳам бу кунни ҳақли равишда Адвокатлар палатаси томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг улкан самараси ва мамлакатимиз адвокатлари учун муҳим тарихий сана деб айтиш мумкин!

2021-03-29 21:50:51  |  2152 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация