Текширувлар рўйхатга олиниши шарт



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида тизимли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, сўнгги икки йилда бу борада бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг яшаш турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилди. Олий Мажлиснинг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (омбудсман) инс­титути, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўл­лаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди. Тадбиркорлик субъект­ларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартибини тубдан такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асосида уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида бевосита мулоқот қилмайдиган шаклларидан фойдаланишни жадал рағбатлантириш, шунингдек, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва бу жараённи жадаллаштириш, уларни хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулк қилиб сотилган объектларда рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиниб, мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Дастур асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланиб, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни элек­трон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шартлиги белгиланди.

Қолаверса, Фармонда текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Барча соҳаларда бўлгани каби, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадбиркорликни ҳамда хусусий секторни янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатиладиган спорт-соғ­ломлаштириш хизматлари сифатини яхшилаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шароитлар яратилди.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмлари жорий этилди. Хусусан, юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион ор­қали амалга оширилиши, ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди.

Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Унда мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури амалга оширилиши белгиланиб, ҳозирда бу борада муайян ишлар қилинмоқда.

Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йил 16 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ёш­лар тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган. Қарорда туман марказлари ва шаҳарларида юридик шахс ташкил этмасдан ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш, ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритиш учун кластер ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ёш тадбиркорларга рухсат берувчи ҳужжатлар, кредитлар олиш, бизнес-режалар тайёрлаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, савдо бозорларини топиш ва бошқалар учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш функциялари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳарлар кенгашларига юклатилди.

Аҳамиятлиси, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чоралар самарадорлиги натижасида Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш — 2018» ҳисоботида Ўзбекистон тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатлар қаторида жаҳонда биринчи ўнталикка кирди.

Комил Алиходжаев,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-11-04 16:33:12  |  1701 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация