5 минг долларгача қийматдаги товарлар учун божхона декларацияси талаб этилмайди​



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан 5 минг долларгача бўлган товарларни божхонадан ўтказиш чоғида декларация тўлдириш талаб этилмайди. Бу Президентнинг 2018 йил 30 октябрда қабул қилинган «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Фармонда савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товарлар бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларини камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

2018 йил 1 ноябрдан бошлаб, импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулот турларини, эгаларининг хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотиш учун имкониятлар яратиб берилади. Худди шу санадан бошлаб, юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартибини жорий этиш йўлга қўйилади.

2019 йил 1 январдан товар-хом ашё биржаси аъзоларининг даромадларига қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиққа тортиш шартлари татбиқ этилади.

Халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг долларгача товарларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди ва барча юридик ва жисмоний шахсларга умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ ҳисобот юритган ҳолда ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишга рухсат этилади.

2018-10-31 23:03:46  |  1952 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация