Даъволарнинг судда кўрилишини онлайнда кузатиш мумкин бўлади



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди:

2021 йил 1 январдан судларда суд мажлисини тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан суд қарорларини тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2023 йил 1 январдан суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

Шунингдек, 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастур ишлаб чиқилади.

2020-09-04 10:28:21  |  2168 |   0  | 

2 изоҳлар

Ноябрь 01, 2020  14:53

1.ҚАРШИЕВ ЖАМШИД, ЮРИСТ

ЮҚОРИДАГИ ҚОИДАЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛСА ЯХШИ БЎЛАРДИ, АММО ЖАМИЯТНИ РИВОЖИГА БУ ТАРТИБЛАР КАМЛИК ҚИЛАДИ.

Сентябрь 05, 2020  01:12

2.Адвокат Усмонхон Салохиддинов

Ҳа, суд ҳокимияти фаолиятини рақамлаштириш тўғрисида жорий йилнинг 3 сентябрь куни Президент қарори қабул қилинди. Бу масала бўйича мен фаолиятимни деярли ҳар кунги лаҳзаларида доим қўллаб келадиган амалиётдаги жиддий ўзгаришлар Президентимизни июнь ойидаги видеоселектор йиғилишидаги маърузаларида қвйд этилгани учун кескин ўзгаришларга катта умид боғлаган эдим. Афсус...яна коррупция ва яна ривожланиш ёки тараққиёт ғилдирагига чўп тиқувчилар ҳанузгача борлиги гувоҳи бўляпмиз. Бу нима дегани (?), Президентни давлат сиёсатига нисбатан онгли саботажми ёки онгли "лирик чекиниш" ми? Сиз гап нима ҳақда боришига қизиқаётганингизни сезяпман... Энди мурожаатимнинг моҳияти тўғрисида: Жорий йилнинг 30 июнь куни Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович суд процесси жараёнларида йўл қўйилаётган жиддий камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, ҳаммамиз учун бош оғриғи бўлган суд мажлиси баённомаси тўғрисида тўхталиб ўтиб, мазкур масала яъни суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этишни йил якунигача мажбурий тартибда амалга ошириш тўғрисида топшириқ берган эдилар.(!) Албатта биз адвокатлар бир нафас тин олиб, "хайрияте(!)" деб Президентимизни бу таклифларини қарсаклар билан қарши олган эдик. Лекин, юқоридаги Президентимиз қарорларини 3-банди 1- хатбошисида, ихтибос "2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;"-деган матнда белгиланди.(?) Савол туғилади,: бу нима? Ўзини ўзи алдашми? Президент қарорини ўзбошимчалик билан ўзгартиришми(?) ёки тараққиёт (ғилдирагига) га чўп тиқишми? ёки топшириқни ўлда-жўлда эплашми(?)...Тушунмадингиз-а? Мен ҳам тушунмадим??? Чунки, амалдаги жиноят процессуал кодексни 19-моддаси бундай тартиб ва шаклни 1994 йилдан бери белгилайди ва 2018 йили бу масала 2018 йилдаги 16*сонли (ЎРҚ) қонуннинг 326-моддаси билан такомиллаштирилган эди! Президентимиз селектор видеоконференция йиғилишида амалга оширилаётган ишларнинг самарасизлиги тўғрисида тўхталиб, суд мажлисларини аудиоёзувлардан фойдаланган ҳолда олиб бориш мажбурий тизимини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисида тўхталиб ўтган эдилар. Президентимизни давлат сиёсатини замон талабида жадаллаштириш ва суд ишларини халқаро стандартлар даражасига етказишгача такомиллаштириш тўғрисидаги сиёсати ким томонидан кесиб ташланяпти ? Қарор лойиҳасини тайёрлаганлар анча йиллардан бери кўп давлатларда бу амалиёт яъни суд мажлисини аудиоёзувлардан фойдаланган ҳолда мажбурий қавйд этиш тизими, умумий одат тусига кириб бўлгани ва тадбиқ этилаётганидан хабарлари бормикан ва буни масъулиятини тушунишармикан...??? Саволлар кўп жавоблар йўқ! Жамоат назорати қоғозда бор, амалда йўқ. Мени фикримча мазкур қарор лойиҳасини, аввал шу суд мажлисларида доимий иштирок этадиган, бу мажлислардаги қалбакилаштиришлари гувоҳи бўлаётган адвокатлар ҳамжамоасининг жамоат назорати остида тайёрланганда ва улар фикрини ҳам эътиборга олинганидўа бундай ҳолатлар юз бермаган бўларди...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация