«Агробанк» мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган



 
  Расм манбаси : msubkhonov.blogspot.com

«Аччиқ қалампир можароси» давом этади. Банкнинг бош офиси ва филиалларидаги мутасаддилар кредит бериш тартиб-таомилларини қўпол равишда бузганликда гумонланмоқда  

«Агробанк» АТБнинг бир қанча филиаллари мансабдор шахсларига нисбатан «бир гуруҳ шахслар томонидан мансаб мавқеини суистеъмол қилиш ва олдиндан тил бириктирган ҳолда банк мулкини растрата йўли билан талон-торож қилиш» бўйича жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда блогер Мирзо Субханов маълум қилди.

Унинг маълумотига кўра, банк филиалларидаги камомаднинг пайдо бўлишига Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш тўғрисида»ги қарори сабаб бўлган. Ҳукумат қарорини ижро этиш учун «Агробанк» филиаллари ходимлари фермер хўжаликларга аччиқ қалампир кўчатлирини сотиб олиш учун мажбуран кредитлар ажратишган. Фермерларга мажбуран кредит ажратиш филиал ходимларининг ўз ташаббуси билан эмас, балки «Агробанк» Бош банкининг буйруғи билан амалга оширилган.

Блогер, фермерларга кредит ажратиш чоғида банк ходимлари Марказий банк томонидан кредит ажратиш учун белгиланган талабларни қўпол равишда бузган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. М.Субхановнинг сўзларига кўра, кредитлар бўйича ликвид гаров таъминотлари ва кредитни қайтариш бўйича аниқ бизнес режалар мавжуд бўлмаган. Баъзи фермерларга кредит расмийлаштирилганлигини фермерларнинг ўзлари орадан икки ой ўтиб қалампир кўчат етқазилган пайтда хабардор бўлишган. Кредит шартномаси бўйича мажбурий етқазилган қалампир кўчатларни экиш учун аксарият фермерларнинг бўш ер майдонлари мавжуд бўлмаган ва натижада кўчатлар уч кун ичида чириб нобуд бўлиб кетган.

«Агробанк» ходимларининг фермерларга мажбурий тарзда ва ликвид гаровсиз кредитлар ажратиш ҳолатлари олдин ҳам кузатилган. Кредит ажратиш пайтида гаров мавжуд бўлмаганлиги учун банк ўзининг баъзи мижозлари қарздорликларини суд оркали эмас, балки прокуратура орқали ундираётганидан таажжубдамиз”, деб ёзади муаллиф.

Банкнинг кредит шартнома бўйича қарздор фермерларнинг устидан судга мурожаат этмасдан прокуратурага мурожаат этаётганлиги ҳолатларини Ўзбекистон республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари», «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси» ва «Банк сири» тўғрисидаги қонунларининг бузилиши билан боғлаш мумкин.  

«Агробанк» АТБ ходимларининг фермерларга ноқонуний ва мажбуран ажратган кредитларнинг охир оқибат яна оддий фермерлар бўйнида қолиб кетмаслигига умид қилиб ушбу муаммога жамоатчилик ва тегишли давлат органларининг эьтибор қаратишига умид билдирамиз, дея якунлайди муаллиф.

Бош прокуратура ушбу масала юзасидан ҳозирча расмий баёнот бергани йўқ.

2018-12-23 19:01:15  |  292 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация