Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими ишга туширилади



 
  Расм манбаси : Слово Делу

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Бош прокуратуранинг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжати лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, назорат қилувчи органларнинг марказий маҳкамалари ва ҳудудий бўлинмалари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Ягона тизимда мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказилади, деб хабар беради Kun.uz.

Ягона тизим тўлиқ ишга туширилгунга қадар текширув ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар ўрнатилган тартибда қоғоз шаклида расмийлаштирилади.

Назорат қилувчи органлар ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда ttt.prokuratura.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади.

Назорат қилувчи органларга Ягона тизимга кириш учун логин ва пароль Бош прокуратура томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ берилади ва алоҳида муҳрланган конвертда юборилади.

Логин ва пароллар реестри Бош прокуратуранинг солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан юритилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда рўйхатдан ўтганидан сўнг Бош прокуратура бошқармаси унинг маълумотларини тизим ичида тасдиқлайди.

Ягона тизимда рўйхатдан ўтказишни тасдиқлаш бир иш куни давомида амалга оширилади. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда бир маротаба рўйхатдан ўтказилади.

Текширув ўтказишни келишиш учун назорат қилувчи орган томонидан Ягона тизимга тегишли маълумотлар киритилади.

Текширувларни ўтказишга оид буюртмалар ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади.

Ваколатли органнинг масъул ходими текширувларни ўтказишга оид буюртма ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади.

Буюртма уч иш куни ичида, фавқулодда ҳолатлар бўйича бир иш кунида кўриб чиқилади.

Текширув ўтказишни келишиш ҳақида қарор қабул қилинганда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан Ягона тизимда ноёб рақам (код) асосида “Рухсат берилсин” мақоми танланади.

Ягона тизимга текшириш ўтказишга оид маълумотлар ваколатли органнинг қарорида белгиланган шартларга (текшириш муддати, текшириладиган масала ва бошқалар) мувофиқ киритилади.

Текширув ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан унинг аниқ сабаби кўрсатилган ҳолда “Рад этилсин” мақоми танланади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилиб, маълумотлар талабларга мослаштирилганда текширувларни ўтказиш учун буюртма янгидан расмийлаштирилади.

Ягона тизимда буюртма рўйхатдан ўтказилиб, текширув учун ноёб рақам (код) олингандан кейин назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш ташкил этилади.

2018-11-13 13:35:17  |  693 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация