Адвокатлар тергов жараёнини онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўлади



 
  Расм манбаси : jurisart.ru

“Электрон жиноят иши” орқали тергов ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари билан билан масофадан танишиш ҳам мумкин. Тизим 1 февралдан бутун республикага жорий этилади

Ўзбекистонда адвокатлар онлайн тарзда жиноят ишини кузатиб бориши ва тергов ҳужжатлари билан танишиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Бош прокуратура Тергов органлари тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси бошлиғи Алишер Имомназаров 24 декабрь куни йил якуни бўйича ҳисоботида айтиб ўтди, деб хабар беради Turon24.

Алишер Имомназаровнинг айтишича, Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда “Электрон жиноят иши” лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур тизим доирасида адвокатлар тергов жараёнини онлайн кузатиб бориш билан бирга жиноий ишга тегишли барча ҳужжатлар билан тўғридан-тўғри танишиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, ушбу тизим экспертиза хулосалари билан дарҳол танишиб чиқиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, “Электрон жиноят иши” тизимини жорий этиш Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди.

2018 йил 1 декабридан ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳрининг Миробод ва Яккасарой туманларида амалга оширилмоқда.

2019 йилнинг 1 февралидан бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

2019 йил 1 октябрга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритуви жорий қилиниши муносабати билан жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилади.

2019 йил 1 декабрга қадар Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳалари тайёрланиши белгилаб қўйилган.

2018-12-24 15:40:29  |  2310 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация