Алим Эрназаров: “Бизда 8200 кишига 1 адвокат тўғри келади. Бу ҳалокатли даражада кам”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ўзбекистон Адвокатлар палатасида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган эдик.

Мазкур мулоқот чоғида Палата раиси Алим Эрназаров меҳмонни мамлакатимиз адвокатурасининг ҳозирги вазият билан таништирар экан, соҳадаги долзарб муаммоларга бирма-бир тўхталди. Аввало, кадрлар танқислигига эътибор қаратилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 3946 нафар адвокат рўйхатга олинган. Яъни, ўрта ҳисобда 8200 нафар аҳолига битта адвокат тўғри келади.

“Бу ҳалокатли даражада кам, – деди Палата раҳбари. – Энг ачинарлиси, сўнгги 8-10 йилда адвокатлар сонида нормал потенциал ўсиш кузатилмаган”.

Хўш, бошқа мамлакатларнинг аналогик кўрсаткичлари қандай?

А.Эрназаровнинг сўзларига кўра, яқинда Палата томонидан дунёнинг 41 давлатидаги адвокатлар сонининг умумий нуфусга нисбати таҳлил қилинган. Аниқланишича, аҳолининг адвокатлар билан таъминланганлик даражаси бўйича биз нафақат илғор Ғарб давлатлари, ҳатто постсовет макондаги қўшниларимиздан ҳам анча ортда қолганмиз.

Қиёслаймиз: жаҳонда энг юқори кўрсаткич Исроилга тегишли – 136 кишига битта адвокат. Шунингдек, яқин давлатлардан: Туркияда 665/1, Эстонияда 1300/1, Украинада 1200/1, Грузияда 700/1, Қозоғистонда 3932/1.

“Бу ҳали фақат сон масаласи. Ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олиш имкониятлари алоҳида муҳокамага арзийди”, – таъкидлади Палата раҳбари.

А.Эрназаровнинг айтишича, мазкур муаммо комплекс ечим талаб қилади, аммо ҳали-ҳануз объектив ва субъектив сабабларга кўра бу борада аниқ тўхтамга келинмаган. Ҳолбуки, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, вазият йил сайин оғирлашиб бораверади. Адвокатлар ва аҳоли сони нисбатини бир қадар мақбулроқ миқдорга келтириш эса узоқ вақт талаб этадиган жараёндир.

“Биз ўрганиб чиқдик: Ўзбекистон ОЎЮлари бир йилда тахминан 650 нафар ҳуқуқшунос тайёрлар экан. Агар адвокатура фойдасига мораторий эълон қилиб, ҳамма битирувчилар адвокатликка йўлланган тақдирда ҳам 5 йил давомида атиги 3500 нафар янги адвокат қўшилади”, – деди Палата раиси.

Бу бир иложсиз чора, албатта. Воқелик шундайки, алалоқибат бармоқ билан саноқли битирувчиларгина адвокатурани танлайди. Яқин-яқинларгача юридик ОЎЮларини тугатганларнинг аксари прокуратура ва суд идораларида ишлашга иштиёқманд эди. Ҳозирда уларнинг ҳаваслари бир қадар ўзгарган, бироқ адвокатуранинг бугунги аҳволи ҳануз ёш мутахассисларнинг амбицияларига мос эмас, таассуфки...  

Ҳа, Ўзбекистоннинг адвокатлар “армияси” камсонли бўлгани етмаганидек, тобора “қариб бораётир”. Алим Эрназаровнинг маълумотига кўра, 4 минг нафарга етар-етмас адвокатдан 30 ва ундан кичик ёшдагилар салмоғи атиги 70 кишини ташкил қилади!..

“Жамиятимизда адвокатнинг обрўйи ўзи ҳамин қадар. Қолаверса, шу касб эгаси бўлишни орзусида юридик билим олган ёшлар адвокатлик фаолиятини бошлашда маъмурий чекловларга дуч келади. Масалан, қонунчилигимизга кўра, адвокат лицензиясини олиш шартларидан бири – ҳуқуқий соҳада 2 йиллик иш стажига эгалик. Шу каби тўсиқлар адвокат бўлиш истагидаги камёб ёшларнинг оёғига тушов бўлаётир”, – дея афус билан қайд этди Адвокатлар палатаси раиси.

2019-09-20 16:51:55  |  536 |   0  | 

3 изоҳлар

Сентябрь 22, 2019  02:47

1.Адвокат Абдумалик Абдуллаев

Прокуратурага дастлаб ишга қабул қилинганида, ҳеч қандай стаж талаб этилмайди, буйруқ чиқади, прокуратура ходими бӯлиб, хизмат гувоҳномасини олганидан сӯнг жуда катта ваколатга эга бӯлади, гарчи у стажёр бӯлса ҳам. Энди, адвокат бӯлиш учун стаж чеклови мавжудлиги прокурор билан адвокат тенглиги принципи бузилишининг биринчи қадамдаги ёрқин мисолидир. Жамиятда ҳар бир қадамда ижтимоий адолат бӯлиши шартлигини таъкидланган мамлакат раҳбари.

Сентябрь 21, 2019  12:50

2.Адвокат Б.Мамиров

Тошкент шаҳрида адвокатлар кўпчиликни ташкил қилишини эътиборга олсак, вилоятларда анча кам экани маълум бўлади. Адвакатлик учун талабгорларга стаж билан боғлик чекловни олиб ташлаш нотўғри. Аксинча, адвокатларга қўшимча реал имтиёжлар яратиш орқали сафни кенгайтириш мумкин. Адвокатлар сони кўпайиши сифат кўрсатгичларини ошишига ҳам сабаб бўлади. Қолаверса, ахолининг даромадлари, адвокатга мурожаат қилишга истиҳола қилиши адвокатларга бўлган реал эхтиёж юқори эканини кўрсатмаяпти. Масалан, бирор фуқаро билан суҳбатлашиб қолсам, муаммоси айтади. Бундайлар кўпчиликни ташкил қилади, лекин, адвокатга мурожаат қилмайди.

Сентябрь 20, 2019  17:48

3.Шавкат

Полагаю что все затронутые вопросы в беседе конечно же весьма актуальны,однако решение указанных и других невысказанных проблем в полной мере зависит прежде всего от уровня обсуждения этих вопросов государственными органами республики,прежде всего Президентом и обеими Палатами Олий Мажлиса,инициировать же обсуждение животрепещущих вопросов и проблем адвокатуры необходимо ПА РУз через МЮ РУз ,СМИ через непосредственные контакты с депутатами нижней Палаты и Сената Олий Мажлиса,полагаю также чтобы придать импульс развитию адвокатуры и совешенствованию законодательства в этой сфере,в том числе элементарных условий деятельности адвокатов крайне необходима встреча Президента РУз и председателя ПА РУз для чего прежде всего следует направить в Аппарат Президента,а именно Государственному советнику ответственному за этот сектор работы соответствующую информацию обо всех аспектах деятельности адвокатуры и всех её проблемах с предложениями о том какими законодательными либо практическими мерами их решения.Это всего лишь мнение и не более того,так как в сфере применения права работаю 52-ой год о проблемах юриспруденции знаю не понаслышке,а за адвокатуру душа болит потому что до сих пор занимаюсь адвокатской практикой.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация