МАҚСАД СОҒЛОМ ТАҲЛИЛМИ ЁКИ ТЕСКАРИ ТАШВИҚОТ? Исми-шарифи номаълум ҳамкасбнинг (“Ўзбекистон адвокатлари ҳамжамиятининг аъзоси”) айрим иддаолари юзасидан мулоҳазалар



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Бир неча кун аввал “Uzmetronom.com”сайтида эълон қилинган “Проклятие адвоката” (“Адвокатга теккан тавқи лаънат”) номли мақолани кўпчилик ҳамкасбларимиз ўқигандирлар, албатта. Уни “Advokat” журнали сайти кўчириб босиб, ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифалари орқали ҳам улашди, натижада интернетда кенг муҳокама қилинди. Виртуал оламдаги ана шу муҳокамаларни кузата туриб билдимки, адвокатлар ҳамжамиятида муаллифнинг (дарвоқе, у ўз исм-шарифини сир тутиб, фақат шу ҳамжамият вакили эканини билдирган, холос) тарафдорлари ҳам оз эмас экан. Бу эса, очиғи, мен учун ажабланарли ҳол бўлди. Чунки мақоладаги айрим даъволарга адвокатлар томонидан холисроқ муносабатлар бўлишини кутган эдим.   

Йўқ, мен ҳар кимнинг ўз нуқтаи назарига эга бўлиш ҳуқуқи борлигини инкор этмайман. Айни чоғда, аноним муаллиф томонидан аксарият воқеа-ҳодисалар бир ёқлама ва нохолис талқин қилинган, дейишга журъат этаман (Шу воқеаларнинг бевосита ичида қайнаган кам сонли ҳамкасблардан бири сифатида бунга ўзимни ҳақли деб ҳисоблайман[1]). Қолаверса, мақола аллақандай ғаразли ўйлар таъсирида ёзилмаганмикан, деган гумон ҳам йўқ эмас.

Аввало муаллифнинг ўзини сир тутишиёқ шубҳали, гўё жуда сирли бир нарсаларни айтаётган ва худди ўзини танитса бунинг учун кимдир унга дахл қиладигандек. Аммо мен мақолада бундай хавфли ҳеч нарсани кўрмадим. Шу боис у эртага ёлғон маълумотлари ошкор бўлиб қолиб ҳамкасблар ва жамоатчилик олдида уялиб қолмаслик учун ўзини ошкор қилмагандир дея тахмин қилиш мумкин бўлади. Қолаверса, мақолада тилга олинган аксарият иддаоларни “ҳазм” қила олмаганим учун ҳам улар муаллифнинг шунчаки хатоси эканлигига ишонгим келмайди.

Хуллас, шу мулоҳазаларга кўра, ишимдан вақт ажратиб, айрим мулоҳазаларимни қоғозга туширишга қарор қилдим. Зеро, адвокатлар ҳамжамиятининг сукутини муаллиф ва унинг тарафдорлари ёппасига ризолик аломати деб қабул қилишларидан хавотир олдим.

... Инсон танасининг бир аъзоси касалланса, таъсири бора-бора ўзга аъзоларга ҳам ўтади, натижада асосий хасталик вақти келиб бошқа асоратларни ҳам келтириб чиқаради. Шундай пайтда асосий дард қолиб кетиб, унинг асоратлари билан курашилганида эса бу ҳаракат танага фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши эҳтимоли юқори бўлади.

Худди шундай, бугун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ҳам жиддий “хаста”ликни бошидан кечирмоқда. Унинг асорати эса тизимнинг таркибий қисми бўлган адвокатурани ҳам “дардманд” қилиб қўйган. Қолаверса, бу “дард”нинг томирлари прокуратура, ИИВ, суд ва бошқа идоралар билан ҳам бевосита боғланган. Шу боис ҳам, юқорида таъкидланган қонуниятга биноан, соҳанинг “касалликдан фориғ бўлиши”, истаймизми, йўқми, номлари саналган идораларнинг “соғайиши” билан баравар кечиши мумкин, холос.

Аммо мақола муаллифи, ўзи адвокат бўлатуриб (ҳар ҳолда шунга даъво қилган-ку), негадир бу ҳақиқатни англамаётгандек. Ёки, англаса ҳам, тан олгиси келмайди. Эҳтимол, ўзининг ҳақлигини исботлаш учун атай ҳақиқатдан кўз юмиб турмоқчи бўлгандир. Хуллас, нима бўлганда ҳам, у адвокатуранинг бошига тушган бутун кўргиликлар (“тавқи лаънат”) учун калтакнинг энг зўрини Палатанинг бошида синдирмоқчи бўлади.

Мен Адвокатлар палатасини бенуқсон демоқчи эмасман — камчиликлари етарли ва бу ҳақда ўз маърузаларим ва мақолаларимда ҳамиша таъкидлаб келаман (айримларини муаллиф ҳам тўғри кўрсатган). Бироқ бугунги Палата уч йил бурунги Палата эмаслигини, жамиятимиздаги ислоҳотлар фонида ижобий томонга ўзгараётганини (“тузалаётганини”), адвокатлар ғамида ишлай бошлаганини эътироф этмаслик ҳам инсофдан бўлмайди деб ҳисоблайман. Аммо бу ҳам бошқа масала. Шу боис, келинг, Палата ва ундаги ўзгаришларни ҳам кейинроққа қолдириб, яқин мозийга — “Ассоциация замони”га (1998-2008) фикран бир оз саёҳат қилиб, баъзи нарсаларни ойдинлаштириб олайлик.

Тарихга қайтиш бизга нега керак бўлиб қолганини эса зукко ўқувчи тезда илғаб ҳам олгандир. Зеро, мақола муаллифи ўша даврларни ҳаяжон билан эслаган-у, аммо кўп воқеа-ҳодисаларни чалкаштириб юборган. Билмасданми ё ўз фикрини ўтказиш учун бугун ҳамкасбларнинг ҳам аксарияти ўша даврларни билмаслигидан фойдаланмоқчи бўлибми, воқеалар моҳиятини янглиш талқин қилади (Шунга кўра муаллифни бизга нисбатан анча ёш ва ўша пайтларда соҳада фаолият олиб бормаган ҳамкасблардан бўлса керак дея тахмин қилиш мумкин).

Хуллас, дўстлар, агар билмасангиз ёши катта касбдошларингиздан сўрашингиз мумкин: ўша пайтларда ҳам адвокатларнинг “нони тошдан қаттиқ эди”. Яъни назорат қилишга уриниш ва босим аввалбошдан бор эди. Ҳа, дастлаб “жилов” бироз салқи бўлгани ҳам рост, аммо бу чала-чулпа либерализм узоқ давом этгани йўқ — мамлакатда мустабид тузум илдизлари чуқурлашгани сайин “иплар” ҳам таранглашаверди. Ҳокимият (Адлия вазирлиги ва унинг бошқармалари орқали) маъмурий пишангларни ишга солиб, наинки Ассоциация, балки унинг ҳудудий тузилмалари ва ҳатто коллегиялар раҳбарлик лавозимларига ҳам ўзига “қулай” кадрлар тайинланишига ҳамиша ҳаракат қилган.

Энди аъзо бўлиш эркинлиги ҳақида. Ҳа, Ассоциацияга аъзолик охиригача ихтиёрий бўлган. Шунингдек, аъзоларнинг бадал тўлаши ҳам. Лекин... бу иккисини МАЖБУРИЙ қилмасдан туриб ташкилотнинг ўз олдига қўйган вазифаларни ҳал қила олмаслиги 2000-йиллар бошларидаёқ маълум бўлиб қолган эди.

Ассоциация 1998 йилда бир неча вилоят адвокатларининг ташаббуси асосида ташкил этилган бўлса, 2005-йилларга бориб мамлакатимиздаги профессионал фаолият билан ҳақиқатда шуғулланаётган 4000 нафар адвокатдан атиги икки минг нафарини (50 фоиз) ўз сафига қўша олди. Ва шу икки минг аъзодан ҳам бор-йўғи ярми, яъни чамаси 1000 киши аъзолик бадали тўларди, холос! Бу маблағлар ҳам журнал, китоблар нашр қилишга ва бошқа тадбирларга сарфланар, каттароқ лойиҳаларга келганда эса, турган гапки, ночор қолардик.

Умуман, бу гапларни айтмасам ҳам адвокатларнинг бошини қовуштирадиган ташкилот ўз бюджетига эга бўлиши шартлиги хусусда ҳеч ким баҳслашмаса керак деб ўйлайман. Демак, бошқа молиявий манба(лар) бўлмаганидан кейин “бадао” тўлашни мажбурий қилиб қўйишдан ўзга илож йўқ! Бу — биринчидан.

Иккинчидан, ташкилотнинг олдида адвокатларни ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг ўз касбига лойиқлигини назорат қилиш масалалари ҳам бор эдики, республикадаги барча адвокатларни қамраб олмай туриб бу ишларни амалга ошириш мумкин эмасди!

Шу тариқа, 2007 йилга келиб Ассоциация қурултойида унга аъзо бўлишни мажбурий қилиб белгилаш масаласи кун тартибига чиқди ва бусиз ташкилот фаолиятини самарали олиб бориб бўлмаслиги ҳақида узил-кесил қарорга келдик. Натижада 2008 йил бошларида Ассоциация раҳбарияти Адвокатлар палатасини тузиш ва унга лицензияли барча адвокатларни мажбурий аъзо қилиш тўғрисида мамлакат президентига мурожаат қилди. Ўша йилнинг 1 майида эса Палата ташкил этилиб, унга аъзолик ва бадал тўлаш мажбурий бўлди.

Муаллиф мажбурий аъзоликни “шармандали ҳолат” деб атаган, бироқ, бизга инонмасангиз, халқаро амалиётни кўринг: ҳатто энг илғор давлатларда ҳам, агар адвокат мамлакат ёки муайян федерал маъмурий бирлик миқёсидаги адвокатларнинг жамоат ташкилотига (палата, ассоциация ва ҳоказо) аъзо бўлмаса, унинг фаолият юритишига рухсат берилмайди. Ҳа, бу демократия анъаналари билан унчалик уйғун эмасдек, лекин воқелик шундай. Нега? Жамоатчилик назоратининг энг муҳим институтларидан бири ва ҳукуматнинг ҳуқуқ идораларини тийиб туриш механизми сифатидаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда адвокатуранинг тарқоқланишига йўл қўймаслик учун, унинг бир бутун ва кучли ҳолда сақланишини таъминлаш мақсадида эмасмикан?..

Кези келганда айтиб қўяй: Ассоциация адвокатларнинг ўз саъй-ҳаракатлари билан тузилган ташкилот бўлгани каби Палата ҳам шундай — ўзимизнинг ташаббусимиз натижаси эди. Зеро, Адвокатлар палатасини таъсис қилар эканмиз, ниятларимиз эзгу эди, у Ассоциацияга нисбатан анча профессионал бўлади деб қаттиқ ишонардик. Аммо, афсуски, ўйлаганимиз бўлмади... Бу бошқа масала. Сабаби эса, аввало, сиёсат. Қолаерса, ўша сиёсатга кўр-кўрона, уқувсизларча жиловини бериб қўйган ҳамда Палатада ўзининг тўрачилик сиёсатини юритиб, касбдошларга хиёнат қилган раҳбарларнинг ҳам мақсадларимизни барбод қилган сабаблардан бири бўлгани сир эмас...

Мақола мутоаласида давом этадиган бўлсак, рост билан ёлғон аралашиб кетганига қайта-қайта дуч келамиз. Жумладан, ялпи аттестация ва бир неча минг адвокатнинг имтиҳонда “тутдай тўкилгани” ҳақидаги иддаолар ҳам ҳақиқат эмас. Аниқ ёдимда, ўшанда 6400 нафар лицензияли адвокат бор эди, аммо шундан фақат тўрт мингдан ортиқроғи касб фаолияти билан амалда шуғулланган, қолганлар номигагина адвокатлик лицензияси эгаси бўлган, холос (Сабаби ўша пайтда қонунчиликда лицензия олган шахснинг қачондан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эканлиги кўрсатилмаган эди, шу боис ҳар эҳтимолга қарши лицензия олиб қўйишарди). Уларнинг аксари “атай” йиқитилиш у ёқда турсин, ҳатто имтиҳон топширишга боришмаган. Ва, табиийки, уларга берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати автоматик равишда тугатилган. Натижада мамлакатимизда адвокатлар сони тахминан икки мингдан ошиқроққа (муаллиф қайд қилганидек, икки бараварга эмас!) камайиб кетган.

Хуллас, Адвокатлар палатасининг 2009-2016 йиллардаги фаолияти мақтангулик эмас. Фактлардан кўз юмиб бўлмайди. Ташкилот ўзининг асл функцияларини бажармагани, адвокатларга қайишмагани ва амалда давлат томонидан репрессив мақсадларда қўлланилгани, адвокатура тараққий этмагани, аксинча, обрў-эътибори ғариблашиб, ўнлаб йиллар давомида соҳага “янги қон” қўшилмагани, “чўнтак адвокатлари”нинг куни туққани — бари ҳақиқат. Начора, ўша давр сиёсати шундай эди. Авторитаризм сиёсати юритилган ҳар қандай мамлакат ва шароитда эса фуқаролик жамияти институтлари шаклланмайди, куч ишлатар тизимлар ҳукмрон бўлган ҳар қандай давлатда адвокатура мажруҳ қилинади.

Шукрки, у кунлар ортда қолди. Сўнгги уч йилдан буён суд-ҳуқуқ тизимида аҳвол, секинлик билан бўлса-да, ўзгармоқда ва бундан адвокатура ҳам четда қолаётгани йўқ. Адвокатурани — мустақил, ўзини ўзи бошқарадиган соҳага айлантириш йўлида илк қадамлар аллақачон ташланган: бунга институционал, касбга қабул қилиш ва малака-интизом комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ ўзгаришларни мисол қилиб келтириш мумкин. Палата ҳадемай адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ваколатини ўз қўлига олади, шунингдек, адвокатлар малакасини ошириш функциясини олиш учун ҳам ташкилий-техник ҳозирликлар бошлаб юборилган. Қолаверса, Палата раҳбарияти адвокатлар олдида ҳисоб беришни ўрганмоқда, ташкилотнинг молиявий аҳволи шаффофлаштирилмоқда.

Шу ўринда Адвокатлар палатасининг Адлия вазирлиги билан муносабатларига алоҳида тўхталмасак бўлмас. Зеро, муаллиф Палатани ҳануз Адлия вазирлигига бутунлай тобе деб билар экан. Дўстим, адвокат бўлсангиз, кечаги ва бугунги аҳволдан хабарингиз бордир, воқеликни кўр-кўрона инкор қилишдан мақсадингиз нима? Сиз соҳага жони ачиётган ҳамкасбмисиз ё мақсадингиз кўр-кўрона ҳамжамиятни пароканда қилишми?

Агар жонингиз ачиётган бўлса айтингчи, ҳукумат назорат ваколатларидан бирма-бир воз кечаётганини нега тан олмаяпсиз? Биргина мисол — малака комиссиялари. Маълумки, Адвокатлар малака комиссияси дастлаб (1996 йилда) Адлия вазирлиги тизимида бўлиб, аъзоларининг ярми ҳам адлия ходимларидан иборат эди. Кейинчалик (2018 йил) бу комиссияларни тузиш ваколати Палатанинг ҳамда унинг жойлардаги ҳудудий бошқармалари ихтиёрига берилди. Комиссия таркиби эса бошида адвокатлар ва адлиячилар ўртасида 50/50 нисбатда тузилган бўлса, сўнгра вазирликдан атиги бир киши қолди, адвокатлар ўринлар сонининг тенг ярмини банд қилди, қолган ўринларга эса ҳуқуқшунос олимлар, судьялар ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинадиган бўлди. 2019 йилдан ҳатто Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг ҳам малака комиссияларига аъзо бўлиши амалиётига чек қўйилди. Шунингдек, бурун Адлия вазирлигига, кейинроқ Палата ва унинг бошқармаларига тегишли бўлган яна бир ваколат — адвокатларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш ҳам бугунги кунда малака комиссиялари ихтиёрида.

“Uzmetronom”да эълон қилинган мақола муаллифининг холислигига шубҳа қилаётганимга яна бир сабаб шуки, у адвокатларнинг жамиятдаги мавқеи пастлигидан, адвокатлар сони жуда камлигидан ва фидойи кадрлар танқислашиб кетганидан ёзғиргани ҳолда, Палатанинг мазкур муаммоларни бартараф этиш учун амалга ошираётган ишлари, ташаббусларини истеҳзо билан тилга олади.

Хабарингиз бор, яқинда Палата ҳузуридаги комиссия томонидан адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан оширишга бағишланган Президент қарори, соҳани ривожлантириш концепцияси ва йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу жараёнда камина ҳам иштирок этган. Ишончим комилки, қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг лоақал ярми тасдиқдан ўтса ҳам соҳада инқилоб бўлади! Буни муҳокамалар пайтида жуда кўплаб ҳамкасблар ҳатто адвокат бўлмаган фуқаролар, мутахассислар, олимлар ҳам эътироф этишди.

Қарорда, жумладан, Адвокатлар палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги мажбурий иштирокини қонуний мустаҳкамлаш, Палата раисига Олий суд Пленуми йиғилишларида иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек, Конституциявий судга кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқини бериш, Палата вакилини мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолигига жамоатчилик асосида киритиш таклиф қилинган, шунингдек, давлат рамзларидан фойдаланишга рухсат бериш сўралган. “Ўзбекистон адвокатлари ҳамжамиятининг аъзоси” эса шуларни ҳам тўрачиликка, иззатталабликка йўйиб, киноя қиладики, буни ҳазм қилиш қийин.

Ҳой, ҳамкасб, ҳамма яхши-ёмонга бирдек қора кўзойнак ортидан қарайвериш ҳам эви билан-да энди! Ахир Олий суд Пленумига ошхўрлик қилгани борилмайди-ку: у ерда суд-ҳуқуқ тизимидаги барча соҳаларнинг қулоқбошисида ўтирадиган раҳбарлар соҳа муаммоларига ечим топиш учун жам бўлишини, агар шундай ваколат тақдим қилинса, сизнинг ва минглаб ҳамкасбларингизнинг дардини бевосита “энг юқорига” етказишдек қимматли имконият пайдо бўлишини англамаслигингизга ишонмадим, очиғи. Ёки Палата бошқа ҳуқуқ идоралари билан тенг равишда Конституциявий судга масала киритиш ваколатига эга бўлса ёмонми? Адвокатура вакили судьяларни тайинлашда, уларнинг касбга академик ва ахлоқ-одоб нуқтаи назаридан мувофиқлигини муҳокама қилишда иштирок этса-чи?.. Давлат органлари қаторида байроқ ва гербдан фойдалансак, бу адвокатуранинг обрўси эмасми?

“Нега қарорда раис учун тахт билан генераллик унвони бериш кўзда тутилмаган? Балки ҳали фурсат бордир?” дея яна заҳарханда қилади муаллиф... Бунга эса жавоб айтишга ҳам тил бормайди. Зеро, бундай ёпишмаган қочириқлар ва таги пуч иддаолардан баҳс мавзуси эмас, аксинча, хусуматга ўхшаш бир нарсанинг ҳиди келади. Мабодо адашаётган бўлсам муаллиф маъзур тутсин...

Агар мақоладан мурод келажагимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги баҳсга чорлов бўлса, биз уни олқишлаймиз. Аммо шартимиз шуки, бу баҳс шундоқ ҳам оғир кунларни бошидан кечирган адвокатлар ҳамжамиятини  парокандаликка ундовчи тарғиботга эмас, балки жипсликка элтувчи йўл излашга қаратилмоғи керак!

Баҳром САЛОМОВ, адвокат, Халқаро адвокатлар уюшмаси (ҳамжамияти) вице-президенти, юридик фанлар доктори.

 

[1] Муаллиф Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациси ташкилотчиларидан бири бўлиб, Палата ташкил этулгунига қадар унга раҳбарлик ҳам қилган — Таҳририят.

2020-05-04 01:38:52  |  2532 |   0  | 

6 изоҳлар

Май 05, 2020  21:20

1.Madaminov Muxsinjon

Bu maqolani yozgan anonim muallif haqiqatdan advokat bo'lsa, demak u "obijenniy" advokatlardan ekan. Qolaversa, kamchilikni ko'tarishni bilgan odam, bu kamchilikni bartaraf qilish jarayonida vujudga kelishi mumkin bo'lgan muammolarni yechimini ham berishi kerak. Biroq maqolada bu narsalarni ko'rmadim. Aks holda bunday "yozuv" ig'vodan boshqa narsa emas. Muallif kim ekanligini bilgandayman. Agar tusmolim to'g'ri bo'lsa, bu hamkasbimiz maxmadonachilikdan, u kishining ona tili bilan aytganda "словоблудие"da boshqa narsaga yaramaydigan shaxs. Bu kishim Advokatlar palatasida ishlagan paytda biror bir jo'yali ish qilganini bilmayman. Bilgani faqat safsatabozlik bo'lgan.

Май 05, 2020  13:26

2.Шерзод Усмонов

Адвокат Шарипов Комилнинг таклифлари бўйича: Авваламбор Ассалому алайкум! Мен, Адвокатлар палатасида 2010 йилдан буён бош бухгалтер лавозимида фаолият юритиб келаман. 1. “2016 йилгача бу йиғилган бадал пуллари адвокатларнинг розилиги олинмасдан ноўрин сарфланарди баъзан” деган фикрни билдиргансиз. Сизда бу фикрни билдириш учун асос борми? Адвокатурага тааллуқли қонунчилик ҳужжатларининг асл моҳияти билан таниш бўлсангиз, Адвокатлар палатаси Бошқаруви Адвокатлар палатасининг адвокатлар орасидан сайланадиган ижро этувчи органи бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади. Ҳозирда, ҳар бир ҳудуддаги адвокатлар номидан уларнинг тавсияси бўйича 2 нафардан адвокат Бошқарув аъзоси ҳисобланади. Жумладан, сиз фаолият юритадиган ҳудуддан ҳам Бошқарув аъзолари мавжуд. Адвокатлар палатаси Бошқарувининг вазифаларидан бири Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларини харажатлар сметасини тасдиқлайди, Палата мулкини бошқаради ҳамда мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф этади. Сиз айтаётган 2016 йилгача ҳам, ундан кейин ҳам Адвокатлар палатаси раҳбарияти Адвокатлар палатаси Бошқарувининг розилигисиз палата маблағларини сарфламаган. Адвокатлар палатаси ҳар йили якуни бўйича фаолияти юзасидан, жумладан молиявий фаолияти юзасидан Бошқарувга батафсил ҳисобот беради. Агар хабарингиз бўлса, Адвокатлар палатасининг молиявий назорат органи – Тафтиш комиссияси ҳам бор, унинг аъзолари ҳам адвокатлар орасидан сайланган. Тафтиш комиссияси Адвокатлар палатасининг олий органи ҳисобланган Конференцияга ҳисобдор. Тафтиш комиссияси Адвокатлар палатасининг ҳар йилги молиявий фаолиятини бевосита тафтишдан ўтказиб келмоқда. Адвокатлар палатасининг 2018 йилгача бўлган молиявий фаолияти бўйича Конференцияга батафсил ҳисобот тақдим қилинган ва Конференция томонидан ушбу давргача бўлган харажатлар мақсадли деб топилган. Қолаверса, Адвокатлар палатасининг айнан Сиз айтаётган нафақат 2016 йилгача, балки 2017 йилгача бўлган даврдаги фаолияти, жумладан молиявий фаолияти Республика миқёсидаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда обдон ўрганишдан ўтказилган. Тафтиш ва ўрганишлар натижасида “йиғилган бадал пуллари адвокатларнинг розилиги олинмасдан ноўрин сарфланарди баъзан” деган ҳолатлар аниқланмаган. 2. “Адвокатларга, уларни рағбатлантириш ёки моддий-техник аҳволини яхшилаш учун компьютер техникаси бошқа иш қуроллари совға қилиш у ёқда турсин, бир дона қаламни раво кўришмаган” деган фикрни билдиргансиз. Таклиф сифатида танқид қилишдан олдин ва ҳаёлга келган ҳою ҳавасларни билдиришдан аввал соҳага оид қонунчиликни ва соҳага оид фаолиятни ҳеч бўлмаса озгина ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, адвокатлар томонидан Адвокатлар палатасига тўланадиган кириш ва аъзолик бадаллари мажбурий ҳисобланади, бунинг сабаблари эса ҳамкасбингиз Бахром Саломов томонидан батафсил келтириб ўтилган. Ушбу бадаллар ҳисобидан йиғилган маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланган. Кўрсатиб ўтилган маблағлардан фақат Палатанинг уставдаги фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилади ҳамда улар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аъзолари, яъни адвокатлар ўртасида тақсимланмайди. Қонунчиликда ва Адвокатлар палатасининг уставида Сиз айтган мақсадларда Адвокатлар палатаси ҳисобидан маблағ сарфлаш назарда тутилмаган. Адвокатлар палатаси ўша пайтдаги раҳбариятининг ташаббуси билан адвокатларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида 2014 йилдан буён “йилнинг энг яхши адвокати ва энг яхши адвокатлик тузилмаси” танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда. Танлов натижаларига кўра, ғолиблар Адвокатлар палатасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари (компьютер, кўп функцияли принтер, планшет каби) билан тақдирланиб келинмоқда. Дарвоқе, қизиқсангиз ушбу танлов ғолибларини ҳам юқорида айтиб ўтилган Бошқарув аъзолари аниқлашади. Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармонида ҳам ҳар йили «Йилнинг энг намунали адвокати» ва «Йилнинг энг намунали адвокатлик тузилмаси» танловларини ташкил этиш вазифаси мустаҳкамлаб қўйилди. Марҳамат, Адвокатлар палатаси томонидан ўтказиб келинаётган ушбу танловда иштирок этинг, ҳақиқатдан муносиб бўлсангиз ғолиб бўлинг ва Адвокатлар палатасининг эсдалик совғаларига эга бўлинг. 3. “Қанақадир санаторийларга имтиёзли йўлланма олиб беришни-ку айтмасак ҳам бўлади” деган фикрни ҳам билдиргансиз. Қонунчиликни синчковлик билан ўрганинг, ҳар бир органнинг ўз вазифалари аниқ белгилаб қўйилган. Адвокатлар палатаси адвокатларнинг Касаба уюшмаси (профсоюз) ҳисобланмайди. Агар кимдир “Адвокатлар палатаси профсоюз” деб айтган бўлса, бекор айтибди. Хулоса: Адвокатлар палатаси раҳбариятининг янги таркибига яхши кўриниш умидида, олдинги даврга мазғава ағдариш керак эмас, холис бўлиш керак. Зероки, палатанинг янги раҳбариятига ҳам сизнинг позициянгиз унчалик маъқул келмаса керак.

Май 05, 2020  10:37

3.Карима нурматова

Юкорида мушохада килишга сабаб булган аноним тарзда мурожаат килган адвокатни тушунаман ва Уни фикрига кушиламан. Аноним езган булса бунинг сабаблари бор буни хаммамиз биламиз адвокат узини химоя килишга мажбур булган. Иккинчи масала карантин Даврида кайси ижтимоий жихатдан мухтож адвокатга ёрдам берилди кандай ахволдасан ва каердан маош оляпсан деб суриштирилдими бирорта мутассади шахслр томонидан. Адвокатларниям гурури ор номуси бор айникса эркак адвокатла ёрдам сурашга андиша килишгани аник лекин палата еки худудий бошкармалар томонидан Хар Бир адвокатни молиявий ахволи урганилдими? Йук лекин бадал туланмаса дарров уз вактида тулаб куйиш суралади ахир шу томонлариниям холисона куриб чикиш керакмас ми.

Хар кимнинг уз фикри ва асоси бор. Аноним булиб фикр билдирса хам хакикатни айтган. Балким келажакда адвокатурага оид кутилаетган конунчиликдаги узгаришлар буларни барчасини узгартирар.

Хақийқатан хам адвокатлар тўлаётган а/бадалларни қайта кўриб чиқиш вақти келган кўринади. Чунки Тошкентда фаолият юритаётган адвокатлар билан узоқ туманларда адвокатлик қилаётганларни иш объёми бир хил эмас. Ундан ташқари адвокатлар а/бадалларни мутазам тўлаб боришлари хам яхши эмас. Ишламаган вақтларда хам а/бадал тўлаш адолатдан эмас. Шунинг учун вилоятларда адвокат иш объёмидан келиб чиқиб а/бадал белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Тошкент билан узоқ иуманлардаги адвокатларни нг а/бадалларни қайта кўриб чиқиш керак.

Май 04, 2020  07:19

6.Адвокат Шарипов комил

Мазкур эьтироз уринли шу билан бирга адвокатлар аьзолик бадалини бхм 1/4 микдорида белгилаш ва баьзи объектив (пандемия ва хаказо)хамда субьектив касаллик уз хисобидан таьтил укиш ва бошкалар вактида бадални тухтатиш,' адвокатлар ижтимоий химояси хакида купрок иш олиб бориш уларни моддий техник базаси таьминотига эьтибор бериш керак вахоланки 2016йилга Кадар бу йигилган бадал пуллари хомийликка йуналтирилгани адвокатлар розилиги олинмасдан шу билан бирга адаокатларни узига компьютер техникаси бошка иш куроллари тугул бир дона калам хам ажратилиагани хам рост канакадир санаторийларга юборишда имтиезни айтмасак хам булади аммо янги таркибда узгаришни сеэмаслик хам нонкурлик



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация