“Юридик хизматлар бозори учун кураш бошланибди!”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

— Биласизми бугунги форумда мен учун қандай янгилик бўлди, яъни қандай хулоса чиқардим: дунёда юридик хизматларнинг бозори учун кураш бошланибди, — дейди бугун “Йилнинг энг яхши адвокати” танлови ғолиби сифатида эътироф этилган Сафар Каттабоев “Advokat” журнали мухбири билан суҳбатда. — Агар эътибор қилган бўлсангиз, Хитойлик ҳамкасбимиз сўзга чиққанида Тожикистонда, Қирғизистонда ўзларининг филиалларини очишганини, Ўзбекистонда ҳам очиш режалари борлиги айтди. Россияликлар эса мамлакат бойлари, миллиардерлари маҳаллий адвокат ўрнига хориждан адвокат ёллаётганидан ташвишда эканлигини яшириб ўтирмади. Мана шу икки мисолнинг ўзи ҳам кўрсатяптики, шу пайтга қадар кийим-кечак ё техника бозори учун қандай кураш кетган бўлса, энди дунёда юридик хизматлар бозорини эгаллаш учун ҳам худди шундай ҳаракат авж олади. Чунки бу хизматнинг ўрни ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти учун муҳим омил бўлиб, сифатли юридик хизматга эҳтиёж тоборо ошиб бормоқда.

Худди мана шу масала бугун Адвокатлар палатаси томонидан республика тарихида биринчи бўлиб кўтарилди. Бунинг учун уларга катта раҳмат. Саъй-ҳаркатлари ўзининг ижобий натижасини беришига тилакдошман. Чунки бу давр талаби. Бошқалар шу бозор учун интиляптими, демак биз ҳам улардан орқада қолишимиз керак эмас. Камида улар билан баробар, иложи борича эса улардан илгари юришга интилишимиз шарт.

Шу маънода ҳам мазкур форум жуда вақтида ташкил этилган ва бугуннинг энг долзарб масаласини қамраб олган йирик тадбир бўлди деб ҳисоблайман. Жумладан, бугунги биз иштирок этга “Юридик хизматлар” йўналишидаги мавзуларнинг ҳаммаси ҳам соҳа келажаги учун жуда муҳим мавзулар эди. Шу боис шахсан ўзим Адвокатлар палатаси ва бошқа ташкилотчилардан жуда миннатдор бўлдим. Зеро, биз уларни эшитиб чин маънода жуда кўп нарсалардан хабардор бўлдик, ўргандик. Яна айтаман, замондан орқада қолмаслигимиз зарур! Мазкур форум эса бу борада бизга катта манба, кўзимизни каттароқ очишга, илгари интилишга ундовчи куч вазифасини ўтайди деб ўйлайман...

Қашқадарё вилоятидаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси адвокати С.Каттабоев мазкур суҳбат давомида яна кўплаб масалалар юзасидан ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, давлат ҳокимияти топшириғини бажарадиган суд билан мамлакатга хориж сармоясини жалб этиб бўлмаслиги, бугунги оқловлардан ҳуқуқ-татибот тизими ҳалигача хулоса чиқариб олмаётгани, оқловлар реаблитациясида зарарни қоплаш учун керак бўладиган маблағ бюджетда кўзда тутилмаётгани каби мавзуларда кечган қизғин суҳбатнинг тўлиқ матни “Advokat” журналининг навбатдаги сонида чоп этилади.

2019-04-26 20:08:55  |  3241 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация