Прокурор адвокатлар муаммоларини шахсан ўрганмоқчи. Бу сафар ният жиддийми?



 
  Расм манбаси : Адвокатлар палатаси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳри прокуратураси пойтахт адвокатларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан улар фаолиятига тўсқинлик қилинишидан, ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев эса профессионал ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан адвокатларни шахсан қабул қилмоқчи – у 6 ноябрь куни адвокатлар билан ўтказилган учрашувда шундай ваъда берган.

Учрашув пойтахт прокурори ташаббуси билан ташкил этилганини таъкидлаш жоиз. Адвокатлар палатаси матбуот хизматининг ёзишича, томонлар (адвокатлар ва прокуратура ходимлари) “бир-бирларининг кўзларига тик боқиб, очиқ ва конструктив суҳбат” қурганлар. Б.Валиев прокуратура раҳбарияти аҳолининг ушбу орган ходимларига нисбатан салбий муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, халқнинг ишончини қозониш ниятида эканини, бунга том маънодаги халқ прокуратурасини барпо этиш орқали эришишга умид қилинаётганини айтган.

“Бунинг учун Сизлар билан елкадош бўлиб фуқароларимизнинг ҳуқуқларини қонун доирасида ўз вақтида тўла ва аниқ ҳимоя қилишимиз лозим”, деган Б.Валиев.

Икки соатдан ортиқ давом этган учрашувда адвокатлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд идораларининг муносабатига дахлдор амалиётда мунтазам тус олган ҳолатлар, муаммолар ўртага ташланиб, Палата вакиллари ва адвокатларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тингланган.

Тадбир якунида адвокатлар ўз ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари тўғрисида Адвокатлар палатасига ёзма маълумот беришига ва Палата орқали шаҳар прокуратурасига йўлланишига келишилган. Бундан ташқари, Баҳриддин Валиев адвокатларни шахсан қабул қилиб, уларни тинглашга тайёрлигини билдирган.

Учрашувда иштирок этган адвокат Анвар Мамедовнинг сўзларига кўра, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп муаммоларнинг илдизи прокуратурага бориб тақалади. “Прокуратура қонунчилик ижроси устидан назоратга масъул орган сифатида ўз функцияларини бажара олмаяпти, – дейди у “Advokat” журналига берган интервьюсида. – Бу идорада жиддий бир ўзгариш бўлгани йўқ, у ҳамон ўзини жазоловчи орган деб тушунади ва фаолиятини шунга монанд олиб бормоқда. Қонун нормаларининг амалиётда аниқ ва бир хилда татбиқ этилиши рисоладагидек назорат қилинса, ҳаммаси жой-жойига тушган бўлур эди. Адвокатлар учун алоҳида қайғуришнинг ҳам ҳожати йўқ, менимча. Яъни, умуман, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, нормаларни амалда ишлатиш керак. Вассалом. Бу гапларни учрашув чоғида ҳам айтдим. Прокуратура, агар ўз имижини ўйлаётган бўлса, мурожаатларга эътиборли бўлсин, “отписка” билан қутулмасдан ҳар бир шикоятни охиригача ўрганиб, ҳал қилсин. Керак бўлса, фуқаро номидан судларга даъво киритсин. Ахир қонун бунинг учун барча ваколатни бериб қўйибди-ку...”

Нима бўлганда ҳам шаҳар прокуратураси раҳбари ўзи ташаббус кўрсатиб, адвокатлар билан уларнинг муаммолари юзасидан фикрлашган, индивидуал қабулларга тайёрлигини айтган экан, хайрли ўзгаришлардан умид қилиш мумкин. Учрашув “протокол учун” ўтказилдими, йўқми, ёки “халқ прокуратураси”ни яратиш ҳақидаги гаплар жиддийми, йўқми – тез орада маълум бўлади. Фақат бу ваъдалар собиқ Бош прокурор Отабек Муродовнинг ваъдалари каби ҳавога учмаса ва амалда ўз аксини топса бас...

PS: Прокуратура вакилларининг адвокатлар билан мазкур учрашуви локал ташаббус эмас, деган илинж ҳам бор. Аммо вилоятлардан бу каби тадбирлар ўтказилгани ёки режалаштирилгани ҳақида хабар олмадик. Ҳозирча.

2019-11-08 09:15:10  |  2357 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация