Прокуратура номидан фирибгарлик қилган шахс қамоқдан қутулиб қолди



 
  Расм манбаси : Elista.org

Ўзини прокуратура ходими сифатида таништириб, “Тошкентдан келган меҳмонлар тушлиги учун” маҳаллий амалдорлардан ўлпон йиққан фирибгар зарарни қоплагани учун суд залидан озод қилинибди...

Наманганда ўзини прокуратура ходими дея таништириб, 2 900 000 сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштириб юборган шахс устидан ҳукм ўқилди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмига кўра, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганини ҳисобга олиб, суд унга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаб, уни дарҳол суд залидан озод қилди.

Газета.uz хабарига кўра, Учқўрғон туманида яшовчи Бекзод Ҳакимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзини прокуратура ходими дея таништириб, гўёки республикадан борган меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш харажатлари учун вилоятдаги амалдорлардан пул ундириш билан шуғулланган.

Айтилишича, у дастлаб Наманган вилоятидаги турли бошқарма ва идораларга бориб, уларнинг бошлиқлари ҳамда туман, шаҳар бўлимлари, филиаллари раҳбарларининг хизмат ва уяли телефон рақамларини аниқлаб олади. Сўнг телефон орқали ўша идора ва бошқарма бошлиқларига ўзини вилоят прокуратурасининг ходими Бекзод деб таништириб, туман раҳбарлари ўзига қўнғироқ қилишларини тайинлайди.

Биринчи бўлиб унинг қармоғига Норин туман қурилиш касб-ҳунар коллежи директори М. Реджапов илинади – 2018 йил 6 ноябрь куни ундан 300 000 сўм ундиради.

Шундан кейин, 2018 йилнинг 7 ноябридан – 13 ноябрига қадар яна ўзини Наманган вилоят прокуратурасининг ходими Бекзод дея таништирган ҳолда, «юқоридан келган меҳмонларнинг тушлиги ва уларни кузатиш учун» деган важ билан:

– «Намангангаз» ҳудудий филиалининг Норин туман газ участкаси бошлиғи А. Мираҳмедовдан 100 000 сўм;

– Мингбулоқ туман газ участкаси бошлиғи А. Мирзаҳмедовдан 400 000 сўм;

– Поп туман газ участкаси бошлиғи И. Ғойибназаровдан 1 500 000 сўм;

– Норин туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори А. Мавлоновдан 300 000 сўм;

– Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Н. Расуловадан 300 000 сўм маблағни қўлга киритади.

У фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган жами 2 900 000 сўм миқдоридаги маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Фирибгар 2018 йил 14 ноябрь куни Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Юнусхон Абдупаттаевдан “эски” важ билан 200 АҚШ доллари талаб қилганида Абдупаллаев “хўп” дейдию Наманган вилояти прокуратурасига сим қоқиб, воқеани маълум қилади.

Оқибатда Б. Ҳакимов Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан бири Ғуломжон Маҳкамовдан кимёвий ишлов берилган 800 000 сўм пулни олаётган вақтида ушланади.

Б. Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б"-банди ва 25, 168-моддаси 3-қисми «б"-банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Айтилишича, судланувчи суд мажлисига қадар жабрланувчиларга етказилган 2 900 000 сўмлик зарарни қоплаган сабабли, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмига мувофиқ унга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаган.

2019-02-26 16:35:19  |  1631 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация