3 йиллик стажга эга нотариус ёрдамчилари стажировкадан озод қилинди



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Судья, нотариус ёрдамчиси ёхуд нотариал фаолиятни назорат қилувчи мансабдор шахс сифатида ишламаган номзодлар 1 йил стажировка ўтайди

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга, шунингдек Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2018 йил май ойида нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини 2 йилдан 1 йилга қисқартириш тўғрисида Адлия вазирлиги таклиф киритган, президент эса буни маъқуллаган эди. Бундан ташқари, судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятни назорат қилувчи лавозимларда камида 3 йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ бўйича талаб бекор қилинган эди, деб ёзади Norma.

Эълон қилинган ҳужжатлар билан мазкур таклифлар узил-кесил расмийлаштирилибгина қолмай, бошқа тузатишлар ҳам киритилди.

1. Стажировка ўтамай туриб нотариус лавозимида ишлаш учун малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг қабул қилинган рўйхати режалаштирилганидан кенгроқ бўлиб чиқди. Нотариус ёрдамчиси лавозимида камида 3 йил ишлаган шахслар қўшилди.

2.  Судья, нотариус ёрдамчиси ёхуд нотариал фаолиятни назорат қилувчи мансабдор шахс сифатида ишламаган номзодлар 1 йил стажировка ўтайди (бунгача стажировка 2 йил давом этарди). Бунда улар юридик мутахассислик бўйича камида 2 йиллик иш стажига эга бўлишлари керак. Илгари 1 йил профессионал юридик фаолият юритиш талаб этиларди.

3. Нотариусга бириктириладиган стажёрларнинг энг кўп сонига доир чекловлар қайта кўриб чиқилди. Илгари уларга 2 ва ундан ортиқ стажёрни бириктиришга йўл қўйилмас эди. Қоида янгича баён этилди: қоида тариқасида, бир нотариусга битта стажёр бириктирилади. Бу истисноли ҳолатларда тажрибали мутахассисларга кўп сонли стажёрларга раҳбарлик қилиш имконини беради.  

4. Адлия вазирлигида стажёрларни оралиқ синовдан ўтказиш бекор қилинди. Эслатиб ўтамиз, ишга қабул қилинганидан кейин 6 ой ўтгач, 5 кишидан иборат комиссия стажёрларнинг келгусида стажировка ўташга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлар эди. Сўнг синовдан ўтган стажёр яна бир бор синовга чақирилиши мумкин эди.

5. Стажёр 1–3-чораклар якунида атиги 3 та реферат топшириши хусусида аниқлик киритилди. 4-чорак учун реферат тайёрлаш керак эмас. Бунинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари стажёрларни кўпроқ синовдан ўтказадиган бўлди. Энди стажировка ўташ даврининг 1–3-чораклари якуни бўйича 3 марта синов ўтказилади.   

6. Малака имтиҳонини топшириш учун энди таржимаи ҳол ва фотокарточкаларни топшириш талаб этилмайди.

7. Талабгорлар нотариус лавозимида ишлаш мақсадида имтиҳон топшириш учун малака комиссияси мажлиси ўтказилишидан 5 кун олдин хабардор қилинадилар. Шу тариқа, хабардор қилиш муддати икки баравар қисқартирилди (илгари 10 кунни ташкил этарди).

8. Адлия вазирлиги энди имтиҳон саволлари ёзилган билетларни тузмайди. Бу функция адлия бошқармаларига топширилди.

Ўзгартиришлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 27 декабрдан кучга кирди.

2018-12-28 20:19:14  |  1756 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация