Алим Эрназаров: “Малака комиссиялари фақат адвокатлардан тузилади”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Шунингдек, Палата адвокатларни ўқитиш ва малакасини оширишни сиртқи таълим ва АКТ технологиялари асосида мустақил ташкил этишни мақсад қилган

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Палата ҳузуридаги Олий малака комиссияси ҳамда ҳудудий бошқармалар малака комиссиялари таркиби 100 фоиз адвокатлардан тузилишига эришади. Палата раиси Алим Эрназаров бугун бўлиб ўтган Бошқарув йиғилишида бу адвокатурани чинакам автоном соҳага айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлишини таъкидлади.

Унинг айтишича, малака комиссияларини тўлиқ “адвокатлаштириш” Палата раҳбарияти ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бири бўлиб, қонунчиликка бу борада зарур ўзгартишлар киритиш устида иш олиб борилмоқда. Айни масала БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув чоғида ҳам муҳокама қилинган эди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Олий малака комиссияси таркиби 9 кишидан, ҳудудий малака комиссиялари эса 7 – 9 кишидан иборат таркибда икки йил муддатга тасдиқланади. 9 кишилик таркибда комиссия аъзоларининг камида 5 нафари, 7 кишилик таркибда эса камида 4 нафари адвокат бўлиши лозим. Қолган аъзолар келишув асосида суд, адлия органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали ходимлари орасидан танлаб олинади.

Шу билан бирга, Адвокатлар палатаси адвокатларни ўқитиш ва малакасини оширишда ҳам Адлия вазирлигидан мустақил бўлишга ҳозирлик кўрмоқда. “Бунинг учун алоҳида таълим маркази ташкил этишга Палатанинг қурби етмайди. Лекин ахборот технологиялари асрида бунга ҳожат ҳам йўқ, – деди Алим Эрназаров. – Ҳозирда масофавий таълим ва махсус компьютер дастури ёрдамида ўқитиш тизимларини жорий этиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. Тизимни дастлаб тўртта вилоятда синов тариқасида ишга туширамиз”.

Йиғилишда Адвокатлар палатасининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги натижалари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Айтилишича, 2019-2020 йилларда Палата улар кўмагида қарийб 4 млрд сўмлик лойиҳаларни амалга оширади. Халқаро ташкилотлар Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари моддий-техника базасини яхшилашда, ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, видеоконференц-алоқани жорий этишда молиявий кўмаклашади.

2019-09-27 21:00:18  |  2065 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация