Лоқайдлик ҳам жиноят



 
  Расм манбаси : ЎзА

Халқимизда «Қиш ғамини ёзда кўр» деган маъноли ибора бор. Дарҳақиқат, олдинда турган мавсумга тайёргарликни барвақт бошламасак, эртага даромадни бой бериб қўйишимиз турган гап. Айниқса, қишлоқ хўжалигида бу жиҳат жуда муҳим ҳисобланади.

Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан 2019 йил ҳосили учун  уруғлик чигит тайёрлашда давлат стандарти талаби бў­йича уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилаш ишлари аҳволи ўрганилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан «Тошкент минтақавий пахта терминали» МЧЖ директори ва 8 нафар пахта тозалаш корхоналари бош директорларига 2019 йил ҳосили учун тайёрланган уруғлик чигит сақланадиган омборларни таъмирлаш, дезинфекция қилиш, давлат реестрига киритилган ва вилоят ҳудудида экишга тавсия этилган ғўза навларининг уруғлик чигитини дорилаш ва талон-торож бўлишининг олдини олиш каби масалаларда расмий огоҳлантириш берилган эди.

Бироқ назорат тадбирлари давомида айрим жамият мутасаддиларининг «қулоғига гап кирмагани» маълум бўлиб қолди. Хусусан, Инспекциянинг Бўка туман бўлими ходимлари томонидан мутахассислар иштирокида «Бўка пахта тозалаш» акциядорлик жамиятида уруғлик пахта хом­ашёсининг сақланиши ўрганилганда, жамиятнинг «Хўжақўрғон» пахта қабул қилиш маскани моддий жавобгар шахслари ўз вазифаларига лоқайд ҳамда виждонсизларча муносабатда бўлгани аниқланди. Уларнинг ишга бўлган совуққонлиги натижасида 2018 йил ҳосилидан жамғарилган ва сақланаётган 243,5 тонна уруғлик пахта хомашёси сифати бузилиб, техник пахтага ўтказилган. Бунинг ортидан давлат манфаатларига 213 миллион сўмдан ошиқроқ миқдорда зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 16 январь куни «Хў­жа­қўрғон» пахта қабул қилиш маскани мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

«Пискент пахта тозалаш» акциядорлик жамиятидаги аҳвол ҳам юқорида келтирилган жамиятникидан қолишмайди. Бу ерда 210,1 тонна уруғлик пахта хомашёси ҳолати лаборатория назорати таҳлилидан ўтказилганида, уруғлик чигитнинг куйганлик даражаси ўртача 1,4 фоизни, пучлиги эса 5,3 фоизни ташкил этиши аниқланди.

Мавжуд тартибга кўра, уруғ­лик хомашёда куйган чигит мавжуд бўлса, экишга рухсат этилмайди. Оқибатда 109,2 тонна уруғлик чигит «увол» кетди. Ушбу ҳолат юзасидан 2019 йил 29 январда жамиятнинг моддий ва мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Худди шу каби назорат тадбирлари «Мустақиллик пахта тозалаш» акциядорлик жамиятида ҳам ўтказилди. Бу жамият моддий жавобгар шахслари ҳам ишига панжа орасидан қарашгани натижасида чигит сақлаш омборида уруғлик чигит ва техник чигит оралиқ масофалари сақланмаганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Инспекциянинг Қуйичирчиқ тумани бўлими томонидан «Мустақиллик пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ва логистика бўлими бошлиғи А.Исмоиловга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўз­ғатилган.

Уруғлик чигит тайёрлашда ишчилар соғлиғини муҳофаза қилиш ҳам муҳим масала саналади. Хусусан, «Алимкент пахта тозалаш» АЖга қарашли туксиз уруғлик чигит тайёрлаш цехида жорий йилнинг 21 январь куни ўтказилган текширишда уруғлик ишлаб чиқаришда шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш талабларига риоя этилмаганлиги натижасида ишчиларнинг соғлиғига жиддий зарар етказувчи ҳолат юзага келганлиги аниқланди. Бу ҳолат юзасидан ҳам тегишли тартибда масъул шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шартлиги тамойили амал қилаётган бир паллада пахта тозалаш корхоналари мансабдорларининг ўз ишига панжа орасидан қараётгани қонун талабларига ҳам, виждон амрига ҳам тўғри келмайди.

Шуҳрат Ҳусенов,

Бош прокуратура Инспекциясининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи

(“Ҳуқуқ” газетасидан олинди).

2019-02-22 18:47:48  |  2324 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация