ХУМШ: янги қонун лойиҳасида нималар таклиф этилмоқда?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (УКХ вазирлиги) «Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҚҲТБТ порталида муҳокама қилиш учун эълон қилди.

Norma’нинг ёзишича, айни пайтда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни сақлашни ташкил этиш ва уни бошқариш масалалари 2006 йил 12 апрелдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги ЎРҚ–32-сон Қонун билан тартибга солинади. Янги таҳрирни ишлаб чиқиш зарурати Президентнинг 2017 йил 18 апрелдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5017-сон Фармонини амалга ошириш билан боғлиқ.

Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини ташкил этишда қўлланиладиган тушунчаларнинг, шунингдек ширкатлар фаолиятини ташкил этишга дахлдор шахслар ваколатларининг батафсил очиб берилиши билан фарқланади. Ҳужжат амалдаги Қонунда акс этмаган янги тушунчаларни ҳам ўз ичига олган.

Ширкат ва уни бошқариш

Амалдаги Қонунга кўра ширкатлар юридик шахсни ташкил этмасдан барпо этилиши мумкин. Лойиҳада ширкат фақат юридик шахс сифатида белгиланган.

Уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилиши – бошқарувнинг олий органини чақириш муаммоли жиҳатлардан бири бўлиб қолмоқда. Кўпгина ХУМШларда ушбу орган ишлашини таъминлаш учун қонун ҳужжатларида қайд этилмаган усуллардан фойдаландилар. Лойиҳада масаланинг ечими топилган. Уй-жой мулкдорлари умумий йиғилиши сўров ўтказиш ва хабардор қилиш йўли билан қарорлар қабул қилиши механизмларини қайд этиш таклиф этилмоқда.

Ширкат фаолиятини ташкил этишга доир қарорларни қабул қилганлик учун ХУМШ мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш кўзланмоқда. Қонун ёки ширкат уставига кўра ширкат номидан чиқаётган шахс унинг манфаатларини кўзлаб виждонан ва оқилона иш юритиши шарт. Лойиҳа ўзгартиришларсиз қабул қилинса, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг талабига кўра бундай шахс ширкатга етказган зарарларни қоплаши шарт бўлади. 

Лойиҳада тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар назарда тутилган. Хусусан, нотурар жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий тўловларни ширкат уставида белгиланган муддатда тўламаганлиги учун тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун юридик шахсларга 0,4% миқдорида, жисмоний шахсларга 0,1% миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланишини назарда тутувчи норма қайд этилган. Лойиҳада турар жой мулкдорлари учун санкциялар назарда тутилмаган.

Лойиҳада «кўп квартирали уй», «кўп квартирали уй кенгаши», «кўп квартирали уйдаги хоналар мулкдорларининг комиссиялари» сингари тушунчалар ўз аксини топди.

УМШнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги

Давлат ширкатларнинг ва улар аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Лойиҳада ушбу норма янада кенг миқёсда амалга оширилади. Янги қонунда УКХ вазирлиги ширкатлар фаолиятида иштирок этишини қайд этиш таклиф этилмоқда. У қуйидаги йўналишлар бўйича уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради:

кўп квартирали уйлар ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкасидан ширкатлар ёки турар ва нотурар жойлар мулкдорлари (бундан кейин – жойларнинг мулкдорлари) билан бирга фойдаланиш ва сақлаш бўйича тизимли ишни самарали ташкил этиш;

кўп квартирали уйларни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;

кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйларга туташ ер участкасини ободонлаштириш.

Ширкатни бошқариш шаклини танлаш қоидаларини белгиловчи нормалар таклиф этилмоқда. Жойларнинг мулкдорлари ўртасида бошқарув усулини танлаш юзасидан келишувга эришилмаганда УКХ вазирлиги 3 ой муддатга кўп квартирали уйни бошқарувчи орган функцияларини амалга оширадиган хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки бошқарувчини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ушбу муддат давомида мулкдорлар бошқариш усули масаласини ҳал этмасалар ёки қабул қилинган қарор амалга оширилмаса, вазирлик бошқарувчи ташкилот ёхуд бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.  

Очиқ танлов натижаларига кўра тузилган кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар, шунингдек ширкат тугатилганда ёхуд кўп квартирали уй ширкатдан чиққанда бу уйни бошқариш усули танланмаган ёки бу уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисида қабул қилинган қарор амалга оширилмаганда ҳам очиқ танлов ўтказиш талаб этилади.

Қонун лойиҳасида ширкатлар фаолияти устидан давлат назорати масалалари қайд этилди, уни УКХ вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали турар жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси амалга оширади.

Лойиҳанинг ушбу қисмига тузатишлар киритилмаса, уй-жой инспекцияси қуйидаги ваколатларга эга бўлади:

умумий мол-мулкнинг техник жиҳатдан текширилишини ташкил этиш;

умумий мол-мулкни капитал таъмирлашнинг айрим турлари рўйхати, уларни ўтказиш даврлари ва навбатини белгилаш;

жойларнинг мулкдорлари иштирокида молиялаштириладиган кўп квартирали уйни бошқарувчи орган тақдим этган умумий мол-мулкни капитал таъмирлашнинг айрим турларини амалга ошириш учун харажатлар сметасини келишиш;

қурилиши тугалланган кўп квартирали уйлар, шунингдек кўп квартирали турар жой фондининг муҳандислик ускуналари тизимларида амалга оширилган реконструкция норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва техник тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги борасида уларни фойдаланишга қабул қилувчи комиссияларда иштирок этиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва ушбу ишларни кўриб чиқиш;

кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари мурожаат қилганда кўп квартирали уйни бошқариш бўйича ҳисобот мавжудлигини текшириш.

Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.

2018-10-22 15:31:17  |  2548 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация