Нафақа пулларини ўзлаштиришда айбланган почта ходимаси оқланди



 
  Расм манбаси : lawyerfasr672.weebly.com

1967 йилда Термиз туманида туғилган, тўрт нафар фарзанднинг онаси Айнахол Мўминова шу тумандаги Алишер Навоий маҳалласида оиласи билан яшаб келган. Кўп йиллар давомида "Ўзбекис­тон почтаси" идорасининг Сурхондарё филиали Учқизил поч­та алоқа тармоғига қарашли "Намуна" алоқа бўлими хабарчиси лавозимида фао­лият юритиб келаётган эди.

Унинг иш вазифасига ўзига бириктирилган ҳудуддаги нафақахўрларга пенсия тарқатиш ҳам кирарди, у зиммасидаги бу вазифани бировнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмасдан ўз вақтида адо этарди. 

Таассуфки, кутилмаганда, Айнахол Мўминованинг ишлари тескарисига кетди. 2014 йилда у ишлаётган "Намуна" алоқа бўлимида текшириш ўтказилди.Текшириш натижасида уш­бу ало­қа бўлимининг бошлиғи Р. Сид­диқов катта миқдордаги нафақа пулини нафақахўрларга тарқатмай ўз фойдасига ўзлаштириб юборгани маълум бўлди.

Ўзига қа­рашли ҳудуддаги нафақахўр­ларга пенсия пулларини ўз вақтида тарқатиб юргани учун Айнахол бу нохуш воқеадан дилгир бўл­ган бўлса-да, ўз иши­дан кўнг­ли тўқ эди.

Лекин у ишлаётган ало­қа идорасини тафтиш қилган тафтишчилар унга ҳам катта миқдордаги нафақа пулини ўз­­­лаштириб юборган, деган айб­ни қўйдилар.

– Менга қўйилган айб туҳматдан иборат, чуқурроқ текширинглар, мен ҳеч кимнинг пулини ўзлаштирмаганман, – дея Айнахол текширувчиларга қайта-қайта айтди, илтимос қилди.

Аммо тафтишчилар унинг гапларига парво ҳам қилмадилар.

Бўлим бошлиғи Р. Сиддиқов ва А. Мўминова устидан жиноят­ иши қўзғатилди. Айнахол  бу жиноят ишини тергов қилаётган терговчиларга айби йўқлигини, пенсия пулларини эгаларига тарқатганман, ведомостларни кўринглар, деб худонинг зорини қилди.

Вазифаси оқни-оққа, қо­ра­ни-қорага ажратиш бўлган тергов органи унинг важларини, қонун талаб қилганидек, синчиклаб ўрганиш ўрнига асоссиз ва юзаки далилларга таяниб, Айнахол Мўминовани жиноят содир қилганлиги тасдиқланди, деган хулосага келдилар ва уни 2014 йил 12 октябрда ҳибсга олдилар.

Сўнг айблов хулосаси тузилди. Унга кўра, А. Мўминова бўлим бошлиғи лавозимида иш­лаган Р. Сиддиқов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, тў­лов ведо­мост­ларига сохта имзолар қў­йиш йўли билан белгиланган шакл 130-китоби юритмасдан, жами 74 008 425 сўмлик нақд пулларни 2 555 нафар пенсионерга тарқатмасдан ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганликда айбланган.

Айнахол Мўминова Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди, 209-моддаси 2-қисми "а" банди, 207-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. 

Унинг учун ана шундай оғир пайтда, яъни 2014 йил 14 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарори эъ­лон қилинди ва унда аёллар жазодан озод қилиниши ҳам кўрсатилганди. Бу эса, унинг оиласига, фарзандлари бағрига қайтиш учун ягона имконият эди. Шунинг учун Айнахол судга ариза ёзиб, ўзига нис­батан ушбу амнистияни қўл­лашни сўради.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди 2014 йил 24 ноябрда жиноят ишлари бў­йича Термиз туман суди биносида Айнахол Мўминованинг аризасига биноан унга тегишли жиноят ишини кўр­ди ва қонун талабларидан келиб чиқиб, етказилган мулкий зиён фуқаролик тартибида ундирилиши ҳақида тўхтамга келиб, жиноят ишининг Айнахол Мўминовага тегишли қисмини тугатди ва уни озодликка чиқариш тўғ­рисида ажрим қабул қилди.

У ҳибсга олинганига 42 кун бўлганида суд залидан озод қилиниб, уйига қайтишга муяссар бўлди.

У озодликка чиқди, аммо ўзига туҳматдан иборат айб қўйилгани унга сира тинчлик бермас, ўзининг айбсизлиги исботланишини истарди.

Орадан тўрт йил ўтди.

Суд-ҳуқуқ тизимида ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади. Туҳматга учраганларнинг оқланаётганлиги ҳақидаги хабарлар унинг ҳам кўнглида умид уйғотди.

Шундан сўнг Айнахол Мўминова жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судига ўзининг ишини кассация тартибида қайта кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилди.

2018 йил 9 август куни "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамиятининг Сурхондарё филиали биносида жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида гувоҳлар кўрсатмалари ва ишда тўпланган материаллар Айнахол Мўминованинг айбсизлигини кўрсатди.

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят кассация судлов ҳайъатининг сайёр суди Қизириқ туман судининг 2014 йил 24 ноябрдаги ажримини бекор қилиш, Айнахол Мўминова содир этилган жиноятга дахли бўл­магани сабабли жиноят ишининг унга оид қисмини Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан тугатиш тўғрисида ажрим қа­бул қилди.

Шу тариқа Айнахол Мўминова оқланиб, юзи ёруғ бўлди.

Статистик маълумотларга қараганда, 2017 йил 1 июлдан 2018 йил 31 декабрга қадар судлар томонидан 1 047 нафар шахс оқланган ва реабилитация қи­линган.

Икром Муслимов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси.

Kun.uz

2019-02-18 19:23:09  |  1762 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация