Тадбиркор Бош прокуратура ва Олий суд аралашуви билан 2 йил деганда ҳокимликдан компенсация ундирди



 
  Расм манбаси : ЎзА

А.Хўжамқулов фирмасининг савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси Термиз ҳокимлиги қарори билан 2017 йилда бузиб ташланган эди. Икки инстанцияда суд унинг шикоятини рад этди. Бош прокуратура назорат шикояти киритгач, Олий суд туман ва вилоят судлари қарорини бекор қилди. Иш судда қайта кўрилиб, тадбиркорга 534 млн сўм ундириб берилди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида фаолият юритувчи “Marvarid Zarina” кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари, тадбиркор А.Хўжамқулов икки йил деганда бузиб ташланган мол-мулки учун ҳокимликдан компенсация ундирилишига эришди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Унга қарашли фирманинг савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси Термиз шаҳри ҳокимининг 2015 йил 5 октябрдаги 1090-сонли қарори асосида 2017 йил март ойида бузиб ташланган. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган низомга зид равишда тадбиркорга етказилган моддий зарар қопланмаган.

Дастлаб, А.Хўжамқулов шикояти бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилади. Мазкур ариза рад этилгач эса, ушбу ҳал қилув қарори устидан Вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти киритилади. Бироқ, Сурхондарё вилояти иқтисодий суди апелляция инстанцияси ҳам даъвони қоноатлантиришни рад этади.

Шундан кейин, Савдо-саноат палатаси юқоридаги суд қарорларига нисбатан Олий судга назорат шикояти киритиш тўғрисида Бош прокуратурага мурожаат қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ушбу назорат шикоятини кўриб чиқади ва юқоридаги суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборади.

Ниҳоят, Сурхондарё вилояти Денов туманлараро иқтисодий суди томонидан Палатанинг тадбиркор манфаати бўйича киритган даъво талаби қаноатлантирилиб, Термиз шаҳри ҳокимлиги ҳисобидан фирма фойдасига 534 миллион 615 минг 551 сўм компенсация пули ундирилиб берилди.

2019-01-26 18:23:25  |  2282 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация