Telegram’да экстремизмни тарғиб қилган шахснинг жазоси апелляция судида енгиллаштирилди
Уч йилга озодликдан маҳрум қилиш – шунча муддатга озодликни чеклаш билан алмаштирилди
Фарғонада ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик оқим ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб қамалган шахс фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг кафиллиги билан қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Д.Холиқназарова ЎзАга маълум қилди.
Фарғона туманилик Рустам Каримов 2014 йил июль ойида ёлланма ишчи сифатида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрига бориб-келиб юриши давомида ижтимоий тармоқда жиҳодчилар диний экстремистик оқим ғояларини тарғиб қилиш ва бошқа фуқароларга тарқатиш мақсадида профил яратган.
У 2017 йил 25 август куни Қозон шаҳрида юрган пайтда Telegram ижтимоий тармоғи орқали таниши Ш. Турсуналиевнинг саҳифасига 4 дона ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган диний мазмундаги аудио маърузалари ва террорчилик ташкилотининг рамзий белгиси бўлган қора байроқ тасвири туширилган расмни тарқатган.
Яратилган профилнинг «дўстлар» қисмида у экстремистик оқимларга аъзо бўлган бир неча шахс билан дўстлашгани ҳамда диний экстремистларни «жиҳод» ҳаракатларига чорловчи аудиороликлари ва видеофильмларини бошқаларга тарқатиш ва Telegram каналига аъзо бўлишга ундовчи ёзишмалар жойлаштирилганлиги аниқланган. Ушбу материаллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилган.
Р. Каримовга суд ҳукмига кўра, Жиноят Кодексининг тегишли моддаси асосида 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди аппеляция судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида аппеляция шикояти иш материалларига қўшиб кўриб чиқилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона тумани кенгашининг кафиллик хати, Р. Каримовнинг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, адашиб жиноят йўлига кириб қолганлиги каби ҳолатларни инобатга олиб, суд ҳукмини ўзгартирди.
Ажримга асосан, Рустам Каримовга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унинг зиммасига уяли алоқа воситаларидан фойдаланмаслик ва ижтимоий тармоққа уланмаслик қўшимча тақиқлари юклатилди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш