ЙҲХ инспекторларини калтаклаган ҳайдовчиси ва унинг қариндошлари озодликдан маҳрум этилди



 
  Расм манбаси : ЎзА

Уч эркак қамалди, воқеада иштирок этган аёлга нисбатан озодликни чеклаш жазоси қўлланилди

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди Мурод Иралиев, Ҳусниддин Тўхтаров ҳамда Фахриддин Эшназаровларни 2 йилдан 4 йил 2 ойгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, Шарофат Иралиевага 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилди. Улар 2018 йил 12 октябрь куни инспекторлар сержант Р.Доллиев ва унга ёрдамга келган лейтенант Н.Ҳамидовларни калтаклашган.

Мазкур жиноят иши 25 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди кўриб чиқди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1991 йилда туғилган «Captiva» ҳайдовчиси Мурод Иралиев 2018 йил 12 октябрь куни туманнинг «Ўзбекистон» кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл ҳаракати хафсизлиги инспектори сержант Р.Доллиев томонидан тўхтатилган. Ҳайдовчи инспекторнинг хавфсизлик камари тақмаганлиги ва автомашинанинг ён ойналарига қора парда таққанлиги учун маъмурий баённома тузиб, автомобилни жарима майдончасига олиб бориши тўғрисидаги қонуний талабини бажармай, ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган. Телефон орқали яқин қариндошлари – опаси Шарофат Иралиева, поччаси Ҳусниддин Тўхтаров ва қариндоши Фахриддин Эшназаровларни ёрдамга чақирган.

Вазият ёмонлашавергач, сержант Р.Доллиев ҳам 3-сафарбарлик гуруҳи командири лейтенант Н.Ҳамидовни ёрдамга чақиради. Аммо «Captiva» ҳайдовчиси Мурод Иралиев ва унинг яқин қариндошлари йўл инспекторларига қаттиқ қаршилик кўрсатиб, уларга тегишли маъмурий баённомаларни олиб қўяди. Кийимларини йиртиб, погонини ҳам юлиб олади. Ўзларига эса тан жароҳати етказади.

Судья Ф.Қамбарова раислигида ўтган суд мажлисида йўл инспекторларини калтаклаб, хизмат вазифасини ўташга халал берган қариндошлар айбдор деб топилди.

Ҳайдовчи Мурод Иралиев Жиноят кодекси 219-моддасининг (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ва 227-модданинг (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Воқеа иштирокчилари Ҳусниддин Тўхтаровга 3 йил, Фахриддин Эшназаровга эса 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Шарофат Иралиевага эса 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.

2019-02-27 11:27:46  |  2078 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация