Автотранспорт соҳасида тендер таклифларини баҳолаш тартибига ўзгартиришлар киритилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) “Тендер бўйича таклифларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Автомобиль транспорт агентлиги бошлиғининг буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 2014 йил 10 ноябрдаги 28-cон (рўйхат рақами 2630, 2014 йил 9 декабрь) буйруғи билан тасдиқланган Тендер бўйича таклифларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинган.
Хусусан, Йўриқноманинг 9-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:
“Бунда тавсия этилаётган иш режими варианти, талаб этилаётган вариантдан кам бўлмаган тақдирда, талабгор беш балл олади.”.
10-бандга эса “Бунда таклиф этилаётган йўналишдаги қатновлар сони, талаб этилаётган қатновлар сонидан кам бўлмаган тақдирда, талабгор беш балл олади”, деган хатбоши киритилади:
Комиссияга, йўналишга нисбатан аниқ талабларни ҳисобга олган ҳолда, қатнашчиларнинг тендер бўйича таклифларини баҳолашга қўшимча талабларни таклиф этиш ҳуқуқини берувчи 12-банд эса ўз кучини йўқотиши мумкин.
Буйруқ лойиҳаси 2018 йил 18 сентябрда эълон қилинган бўлиб, муҳокама 3 октябрь санасигача давом этади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш