Самарқандда фуқаро ўз маҳалладошини ўлдириш учун 1500 долларга қотил ёллади
Ёлланган қотил “орган”га хабар қилган, “буюртмачи” сохта фотосуратларга ишониб, пул бераётганида қўлга олинган
Самарқанд шаҳри, Сўзангарон маҳалласида истиқомат қилувчи С.Ш. ўзининг маҳалладошини ўлдиришни буюртма қилганликда гумонланмоқда. У “буюртма” гўёки бажарилганини акс этувчи тасвирларни кўрганидан сўнг “ижрочи”га 800 доллар бераётган чоғида қўлга олингани айтилмоқда.
«Дарё» хабарига кўра, С.Ш. ва унинг маҳалладоши Ш.М. ўртасида аввалдан келишмовчилик бўлган. Шу боис жорий йилнинг 2 январь куни у таниши Р.Н.га Ш.Мни ўлдиришни таклиф қилиб, бу ишни бажарган тақдирда унга 1500 доллар тўлашини айтади. Икковлон келишишгач, “ижрочи”га аванс тариқасида 100 доллар берилади.
Хабарда аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари воқеадан Р.Н. етказган маълумот орқали воқиф бўлгани англашилади. Чунки “буюртмачи”ни қўлга олишда у бевосита иштирок этган. 9 январь куни вилоят ИИБ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ва Самарқанд шаҳар IIО ФМБ ЖҚБ ходимлари ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро С.Ш. ўзининг таниши Р.Н.га Ш.М.нинг сохталаштирилган, қотиллик ҳолати акс этган фотосуратини кўрганидан сўнг 800 доллар бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан С.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш