Вазирнинг ваъдаси: «Ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди!»
«Бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир «буюртмаси»ни бажарган ҳар қандай шахс, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади».
Кенг жамоатчиликда умуд учқунларини уйғотувчи бу гапни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов айтган. Шунингдек, у процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан олинган кўрсатувлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Президент Фармони билан қатъий белгилаб қўйилганини, жумладан, жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, руҳий ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда олинган кўрсатувлар ҳам ана шулар қаторига киришини айтган.
— Шунингдек, процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди, — дейди, жумладан, вазир. — Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2301 ва 2302-моддалар билан тўлдирилди. Терговга қадар текширув ва жиноят ишлари материаллари бўйича далилларни ҳамда тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун жавобгарлик белгиланди.
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик, ёлғон хабар ва гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Ўз навбатида, жиноят-процессуал қонунчилигига ҳам фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган далилларга оид қатор янги талаблар киритилди.
(Батафсил ўқиш учун журналнинг электрон нусхасини харид қилишингизни сўраймиз).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш