АДВОКАТ: “СУД-ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИ ЎТКАЗИЛМАЯПТИ...”
Поп туман ИИБда жорий йилнинг 27 февраль куни ҳимоясидаги шахсларни кўрсатишмагани ҳақида аввал маълум қилган адвокатнинг айтишича, унинг ҳимоясидаги шахслардан бирининг баданида тан жораҳатлари борлиги туфайли зудлик билан суд-тиббий экспертиза ўтказишларини сўраб Наманган вилоят прокуратурасига 3 март куни ёзган шикоят аризаси ва шу ҳақдаги адвокат мурожаати ҳануз жавобсиз қолмоқда...
Айни пайтда Уйчи туман ВСҲда сақланаётган, Жиноят кодексининг 264-моддаси билан айбланаётган М.нинг (шартли қисқартириш — Таҳририят) мазкур шикоятида ёзилишича, уни жорий йилнинг 25 февраль куни яшаш ҳудудидаги МФЙга чақиришиб, ўзларини таништирмаган ходимлар томонидан Поп туман ИИБга олиб боришган ва 3-қаватга олиб чиқишиб, қорин ва бел қисмларига уриб, дўппослаб, ҳеч бир асоссиз овқат бермасдан, 72 соат оч-наҳор, юпун кийимда, совуқ хонада сақлашган. Қорни очлигини, соғлиғи ёмонлашганини айтса ҳам эътибор қилишмаган. Шунингдек, уни тахминан 20-25 киши сўроқ қилган бўлиб, адвокат чақириб беришларини сўраганида “катталар билади, адвокат йўқ” дейишган. Натижада ота-оналари томонидан 27 февраль куни шартнома асосида ёлланган адвокати билан фақат 3 март куни Уйчи туман ВСҲда биринчи марта кўришган.
“Айбим учун жавобгардирман, лекин мени уриб, оч қолдириб ҳуқуқларимни поймол қилишларига қайси қонун изн беради, — деб ёзилган шикоятда. — Ушбу шикоятни ёзарканман, ҳозир ҳам хавотирдаман. Чунки бунинг учун менга яна тазйиқ ўтказишлари мумкин. Бундан ташқари, мени зудлик билан суд тиббий экспертизадан ўтказишингизни сўрайман: соғлиғим ёмон, баданимда тан жароҳатлари (кўкаришлар) бор. Шикоятимни зудлик билан кўриб чиқишингизни сўрайман”.
Адвокатнинг айтишича, ҳимояси остидаги мазкур шахснинг шикояти адвокат илтимосномаси билан биргаликда шу куннинг ўзида Наманган вилоят прокуратурасига топширилган бўлиб, ҳалигача суд-тиббий экспертиза ўтказилмаган. Ваҳоланки, бундай ҳолатда экспертизанинг кечиктирилиши жароҳатларнинг битиб кетиши ва тергов пайтида унга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани фактининг очилмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.
“Ҳамма ҳужжатлар бор...”
Ахборотларимизни кузатиб бораётган ўқувчиларимиз тепадаги маълумотдан ҳайратга тушаётган бўлишлари мумкин — 27 февраль куни ордер тақдим қилган адвокат нега шу пайтгача ҳимоясидаги шахс билан кўришмайди? Зеро, мазкур мавзуга доир охирги хабаримизда Поп туман ИИБ мутасаддиларининг адвокатга ўз ҳимоясидаги шахслар билан учрашиши учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаганлиги ҳақидаги эътирозларини ёзган эдик...
Ҳа, биз 29 февраль куни Поп туман ИИБда бўлганимизда охирги маълумотни ўзини маънавий ишлар бўйича ИИБ бошлиғи ўринбосари Собитхон дея таништирган ходим айтиб, “Мен тергов бўлими бошлиғи билан гаплашдим, у “адвокати кирган терговга, мен ўзим киргизганман” деяпти” деганди.
Шунингдек, у тергов бошлиғи “Дело”да ҳамма ҳужжатлар борлигини, кўриштирилганлигини, бир марта учрашувга борганида ҳақиқатдан ҳам маъмурий судга олиб кетилгани сабабли кўриштиришнинг имкони бўлмаганини айтганини маълум қилганди. Бунга жавобан биз сал аввалроқ бир терговчи йигитнинг “адвокат ордер бермаган” деганини айтганимизда эса: “У (исми Тегран экан — Таҳририят) терговнинг гуруҳ аъзоси бўлган-да шу пайтда. Терговнинг бошлиғи шуғулланган-ку, бу бўлмаслиги мумкин ўша ордер олиб келганда, тергов бошлиғи кўрганман деяпти, олиб келган, кўриштирганман деяпти”, дея тушунтириш берган эди...
Шундан сўнг биз бундай қарама-қарши маълумотларга аниқлик киритиш учун кузатув камералари ёзувларини кўришга рухсат сўраб вилоят ИИБга илтимоснома қолдиргандик...
“Ҳеч қанақа ордер тақдим этишмаган...”
Ҳафта бошида вилоят ИИБ матбуот хизматидан қўнғироқ қилишиб, кузатув камералари ёзувларини бориб кўришгани, адвокатнинг терговчи хонасига киргани рост экани, аммо тергов бўлими бошлиғи унга ордер тақдим қилинганини инкор этаётганини айтишди...
Маълумотлар шакли яна орқага айланганидан ҳайрон бўлиб, тергов бўлими бошлиғининг рақамини сўраб олдик ва қўнғироқ қилдик. “Менга ҳеч қанақа ордер тақдим этишмаган”, — деди у кескин. Биз унга маънавият ишлари бўйича бўлим бошлиғи ўринбосарининг гапларини айтганимизда эса қуйидагича изоҳ берган бўлди:
“Нотўғри тушунтиришибди шекилли, ордер бериладиган бўлса, нима, “Дело”га қўшиб қўямиз, ўзгарадиган жойи бўлмайди-ку... бизга оғир-енгили йўқ-ку олиш-олмасликнинг... Опа келган, ҳақиқатдан менинг хонамга киришди, сўради, мен тушунтирдим, жиноят қидирув бўлими ходимлари шуғулланаяпти деб, у пайтда жиноят очилмаганди, факт бўйича қўзғатилган номаълум шахсга, ҳар қандай гумондаги одамлар билан гаплашилаётганди, ўша куни келганда Чустда бўлган экан (адвокат ҳимоясидаги шахс назарда тутиляпти — Таҳририят)... эрталаб чиқиб кетган”.
Кузатув камералари нима дейди?
Бизнинг вилоят ИИБга ёзган илтимосимизга асосан Поп туман ИИБдаги фақат 1-киритиш-ўтказиш жойига қаратилган кузатув камералари ёзувларини кўрсатишди. Кўрганларимиздан, аввало, адвокатнинг 27 февраль куни туш пайтида Поп туман ИИБга боргани маълум бўлди. Гарчи электрда озроқ узилиш бўлиб, ёзувлар 14.29 дан қайта ёнгани сабабли адвокатнинг айнан қачон боргани кўринмаган бўлса-да, кузатув камералари қайта ишлай бошлаган пайтда адвокат бинонинг 1-кириш-ўтказиш жойида бўлган. Шунингдек, у қўриқчи милиционерга бир неча маротаба учрашиб-қайтиб, ниҳоят, соат 15.03 да ичкарига кирган. Бу пайтда қўлида иккита ордер борлиги ҳам тасвирда кўринган. Аввалги хабаримизда адвокат айтганига кўра, бу пайтда уни тергов бўлими бошлиғининг олдига киритишган ва у ўша ерда узоқ қолиб кетган.
Адвокатнинг чиқиб кетган пайти 17.56. Қўлида ордер йўқ. Албатта, ИИБ ходимлари айтганидек, чиқаётганида қўлида ордерлар бўлмаганлиги уларни албатта терговчига топширган дейишга ҳужжат бўлолмайди. Аммо мантиқ қуроли ҳам ёрдамга келса, адвокатнинг ичкарига олиб кирган ордерини яшириб қайтариб олиб чиқиб кетишига бирон жўяли асос ҳам кўринмайди. Адвокатнинг ўзи эса ордер тақдим қилмаса уни тергов бўлими бошлиғининг хонасига эмас, ҳатто дарвозадан ҳам ичкарига киритишмаслигини айтади. Қолаверса, адвокатнинг сўзларига кўра, у ичкарида бўлган пайтда ўзини вилоят ИИБ тергов бўлими бошлиғи ўринбосари деб таништирган шахс қўнғироқ қилиб: «Лазиза... бизнинг ишимиз (жиноятимиз) очилай деб турибди, бизга халақит бермай туринг» деган. Адвокатнинг нима қилиб халақит бераётгани ҳақидаги саволига жавобан эса «ишни сурди-сурди қилмай туриш»ни сўраган...
Адвокатга кўрсатилмаган шахсни онасига кўрсатишганди
Кузатув камералари шу куни — 27 февралда адвокат мижозларидан бирининг онасини ходимлардан бири 10.25 дан 10.45 гача ичкарига олиб кириб-чиққанини ҳам тасдиқлайди.
Онанинг ўзининг айтишича эса у ўғлини 22 февраль куни маҳалла инспектори олиб кетганини эшитган. Нима бўлганини билмай кутиб ўтиришса, кечаси қўнғироқ қилишиб, Поп туман ИИБда эканини айтишган. Эртаси куни у ерга борганларида ўғиллари зина ёнида турганини кўришган. Аммо улар етиб боргунларича болани ичкарига олиб кириб кетишган, ўзини эса ташқарига чиқариб қўйишган. Шундан кейин ўғлини кўриш учун беш кун қатнаб, эрталабдан кечгача, кечки 10.00 ларгача ҳам ташқарида кутган. Аммо ҳар сафар унинг бу ерда эмаслигини айтишиб, кўрсатишмаган. Вилоятдан сўрашса, у ердагилар ҳам йўқ дейишган. Аммо бир киши ичкарида кўриб қолиб, “ўғлингиз шу ерда” деб айтган. Шундан кейин 27 февраль куни эрталаб хўжайини адвокат ёллашга кетган, ўзи эса яна 8.00 атрофида милиция бўлимига бориб, кута бошлаган. Шунда соат 10.00 атрофида ичкарига олиб кириб ўғлини кўрсатишган ва у ўғлининг кийимлари йиртилганини, соқоли ўсиб кетганини, анчадан бери ювинмаганини кўриб, олиб келган кийимларига алмаштириб, келтирган овқатини ташлаган. Ўғли эса фақат йиғлаган, ҳеч гап айтмаган. Бу пайтда уларни икки ходим кузатиб турган. Она ўтган олти кун ичида ўғлини нима ҳолатдан сақлашганини, унга қандай овқат берган ё беришмаганини ҳам билолмаган.
Ўғлининг ўша 27 февралда суд қилиниб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилганлигини ҳам кейин билган. Аммо судья жазо тайинлашда унинг судгача 6 кун милиция бўлимида сақланганини инобатга олмаган...
Юқорида ёзганимиздек, камералар ҳам бу онанинг ўғлини кўриш учун кириб-чиққанини тасдиқлайди. Бу эса, айни пайтда, адвокат ҳимоясидаги шахслардан бирининг 10.45 да туман ИИБ биносида бўлганини ҳам билдиради. Ваҳоланки, тергов бўлими бошлиғи унинг Чустга эрталаб олиб чиқилганини айтган эди.
Албатта, ўша фуқаро онаси билан кўриштирилганидан кейин бўлимдан олиб чиқиб кетилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо биз кўрган камера ёзувларида бировнинг олиб чиқилгани ҳам, қайтариб олиб кирилгани ҳам кўринмайди. Бунга жавобан ИИБ масъуларининг айтишича, улар орқа эшикдан олиб чиқиб-олиб кирилган. У томонда эса кузатув камераси мавжуд эмас...
Бу ҳам бир мавзу экан, назаримизда. Зеро, кирди-чиқди қатъий рўйхатга олиниши керак бўлган идорада ҳеч қандай қайднома юритилмайдиган ва ҳатто кузатув камералари ҳам ўрнатилмаган алоҳида кириш-чиқиш жойи бўлишининг ўзи ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун яратиб қўйилган шароит эмасми?
Камера яна бир фуқаронинг эътирозини тасдиқлайди
Адвокатнинг ҳимояси остидаги яна бир шахснинг отаси берган маълумотга қараганда, унинг ўғлини 25 февраль куни тахминан 12.00 ларда Попга олиб кетишганини маҳалла посбонидан билган. 26 февраль куни Поп туман ИИБга борганида эса унга ўғлини кўрсатишмаган ва овқатларини ҳам қабул қилишмаган. 27 февраль куни Наманганга бориб, адвокат билан шартнома қилиб турганида эса уни Поп туман ИИБдан қўнғироқ қилиб чақиришган. Боришганида адвокатини киритишмасдан, ўзини 3-қаватга олиб чиқишиб, аввал бошқа, кейин бошқа хонада арзимаган саволлар билан 4 соатча ушлаб туришган. Уларнинг сўраб олганлари эса 10-15 та телефон рақамлари бўлган, холос. Шунингдек, адвокат ёллаб нотўғри қилганини, шундоқ ҳам ўзлари ўғлини қўйиб юборишларини айтишган. Касаллигини, яраланганини, чаккасида оғриқ борлигини, шунинг учун тезроқ қўйиб юборишларини сўраса-да, парво қилишмасдан, кечки 17.00-17.30 ларгача ушлаб ўтиришган. Ўғлини эса кўрсатишмаган, ҳамишагидек “вилоятга олиб кетишган” деган. Чиққанида адвокатининг ҳали ҳам совуқ еб кутиб ўтирганини кўрган.
Камера ёзувларида бу фуқаронинг кирган пайти тасвири йўқ. Демак, электр ўчган пайтга (14.29 да қайта ёнган) тўғри келган. Чиқиш пайти эса 18.01. Яъни бу фуқаронинг ичкарида камида 3,5 соатдан ортиқ қолиб кетгани тасдиқланади (Камера қайдлари ҳақидаги барча маълумотлар вилоят ИИБ Матбуот хизмати билан келишилган).
Муаммо асли Президент фармони бажарилмаганида...
Кўриб турганингиздек, биз кўрган кузатув камералари адвокатнинг ва икки нафар ота-онанинг ичкарига кириб-чиққанини тасдиқлайди. Аммо ИИБ биноси ичкарисидаги йўлаклар ва тергов ўтказиладиган, маҳбуслар сақланадиган хоналар камералар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли ичкарида нималар бўлгани баҳслилигича қолмоқда. Зеро, тергов бўлими бошлиғининг хонасига кирган адвокатнинг унга ордер тақдим қилгани тан олинмагани каби ичкарига кириб ўғлимни кўрдим деган онанинг ўғли қай ҳолатда экани ҳақидаги гапларига ҳам, тўрт соатдан ортиқ ушлаб турилганини айтаётган отанинг эътирозларига ҳам, ушлаб турилган шахснинг ўзига нисбатан жисмоний куч ишлатилганига ҳам ИИБ томонидан эътирозлар бўлиши турган гап. Аммо, аслида, бинода кузатув камералари керак даражада таъминланганида бундай ҳолат юзага келмас, ИИБ биносида кимлар ушлаб турилгани, улар қачон олиб чиқиб кетилиб, қачон қайтиб олиб кирилгани, тергов қай тарзда ўтгани — ҳамма-ҳаммаси очиқ-ойдин бўларди. Жумладан, бу ерда ушлаб турилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги шикоятлари ҳам осонлик билан, тасвир асосида рад этиларди. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5268-сонли Фармонининг 8-бандидаги топшириқ хўжакўрсингагина бажарилиб, кузатув камералари билан чала таъминлангани боис ИИБ ўзини фақат қуруқ эътирозлар, бир-бирига зид маълумотлар билан ҳимоя қилишга уринишга мажбур.
Президентимизнинг ўша топшириғи эса қуйидагича эди: “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлашни таъминласин”.
Хуллас, бизнинг кўрган-эшитганимиз шу. Воқеликка қонуний баҳо бериш эса ҳуқуқ-тартибот органларига тан. Албатта, бундай юмушни ўзларига лойиқ кўришса...
Хизмат текшируви ҳақида ҳозирча маълумот йўқ...
Аввал хабар берганимиздек, Наманган шаҳридаги «SOLIDARITY» адвокатлик ҳайъати адвокати Лазиза Тўхтамуродова жорий йилнинг 27 февраль куни Поп туман ИИБга бориб, адвокатлик ордери ва тегишли ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мазкур бўлимда беш кундан бери номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган ҳимоясидаги шахс билан учрашмоқчи бўлганида бўлим масъуллари томонидан унга ҳимоясидаги шахс кўрсатилмасдан, адвокатлик фаолиятини олиб боришига тўсқинлик ҳамда касбий ҳуқуқларига дахл қилингани тўғрисида Поп туман прокуратурасига шикоят ариза қолдирган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефонига ҳам оғзаки мурожаат қолдирган. Аммо, адвокатнинг айтишича, ҳалигача бу мурожаатлари юзасидан жавоб олмаган ёки ҳеч ким уни сўрамаган ҳам...
("Advokat" ойномаси ва Xabar.uz портали қўшма лойиҳаси асосида тайёрланган).
2 изоҳлар
1.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев
Хурматли Н.Тошниёзов бундай фактларга қонуний чора кўриш бўйича Юқори турувчи Прокуратура ходимлари ва мансабдор шахсларини хам эътиборини жалб қилиб уларни уйғотиш керак.
2.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев
Хурматли Редакция худди шунақа Фактларни санаси ва худуд бўйича йиғиб, ОМБУДСМАНга ва Ўзбекистон Республикаси Президентига Мурожаат тариқасида матн тайёрлаб уларга етказиш керак. Худди шундай йиғилган хужжатларни жамлаб, Олий мажлис суд-ҳуқуқ масалалари бўйича Қўмитага хам бир ҳилда мурожаат қилиш керак. Қачонгача ИИО ходимлари амалдаги қонунларни била туриб Қасддан бузишади ва Халқни нафратиши оширади. Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатларига нисбатан тўсқинлик қилишади. Ахир хаммамиз шу бир жаиятнинг бир давлатнинг фуқароларимиз-ку?...Нима сабабдан арзимаган ишлар учун, қонунни бузиб бир-бирларимизга нисбатан ёмонлик қилишимиз керак. ИИО ходимлари қачонгача фуқаролик жамиятидаги Демократиянинг ривожланишига тўсқинлик қиладилар. Хурматли Н.Тошниёзов бу ишларни амалга оширишда Сизга куч қувват тилаймиз ва биз Сизга елкадош бўлиб, хамиша Сизни қўллаб қувватлаймиз. Бундай фактларни Хамма матбуотда очиқ бераверинг қачонлардир бирор-бир юқоридаги рахбарлар ўқиб кўрар ахир.
Изоҳ қолдириш