Судья мулкий низони “ҳал қилиш” учун 12 минг доллар сўради...
Урганч туманлараро судининг судьяси З.И. қўлга олинган, иши терговда
2018 йил 11 декабрь куни фуқаро М.Э. Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси З.И. турар-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилашга доир низоли масалани ҳал қилиши эвазига 12 минг АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилаётганини билдиради ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.
Мазкур мурожаатга асосан ўтказилган тезкор тадбирда, судья З.И. фуқаро М.А.нинг Урганч туманида жойлашган турар-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш бўйича низоли масалани раҳбарлар билан гаплашиб, унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига унинг ишончли вакили А.Э.дан 12 минг АҚШ доллари олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Ўтказилган тадбир юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида 2018 йил 14 декабрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси З.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 70-моддасига мувофиқ ҳолда, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Хоразм вилояти прокуратураси дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш