Пандемия ва ҳуқуқий муносабатлар: Олий суд аралашувига эҳтиёж бор



 
  Расм манбаси : clipartlogo.com

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг фикрича, мамлакатимизда COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ҳуқуқий нормаларнинг амалиётда қўлланилишига доир қатор муаммолар вужудга келган. Бундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Олий суди вазиятга аралашиб, тегишли Пленум қарорини қабул қилиши лозим.

“Ушбу Пленум қарори айни пайтда жуда муҳим. Амалиётда вужудга келган ва келиши мумкин бўлган кўплаб муаммоли ҳолатларда қонунчилик нормаларини бир хилда қўллашга, ўз навбатида ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган айрим ҳақли ва баҳсли эътирозларга ўз вақтида тегишли муносабат билдирилишига ҳамда аҳоли норозилиги ортишининг олдини олишга хизмат қилади”, деб ёзади адвокат.

А.Абдуллаевга кўра, унда пандемия шароитида қонун нормаларини қўллаш билан боғлиқ илгари дуч келинмаган 20 дан ортиқ савол тўпланиб қолган бўлиб, улар жиноят, жиноят-процессуал, маъмурий, фуқаролик ва бошқа турдаги ҳуқуқий муносабатларга дахлдор.

Пандемияга қарши кураш доирасида автотранспорт ҳаракатига чеклов ўрнатилгани ва махсус рухсатнома (стикер)сиз автомобиль бошқарган шахсларнинг бирйўла икки хил маъмурий жазога (жарима ва автотранспорт воситасининг вақтинча олиб қўйилиши) тортилаётганидан хабарингиз бор. Мазкур амалиётнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги борасида мутахассислар якдил фикрда эмас ва баҳс-мунозаралар ҳануз давом этмоқда. Кўплаб ҳуқуқчилар, бундай ҳолатларда жариманинг ўзи (фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача) етарли эканини, автомобилни жарима майдончасига жўнатиш ва у ерда сақланган ҳар бир кун учун тўлов ундириш эса ноқонунийлиги устига ҳозирги мураккаб шароитда фуқароларга оғирлик қилишини таъкидламоқда. Яқинда ИИВ бу масала юзасидан тушунтириш берган, лекин барибир жамоатчиликни ишонтира олмаганди.

Яна бир мисол. Карантин қоидаларини бузган ва 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланган шахслардан қамоқда сақланган ҳар бир кун учун тўлов ундирилмоқда. Ушбу ҳолатда фуқарога молиявий санкция қўлланилиши қанчалик адолатдан?

Шунингдек, карантин даври қонунчиликда назарда тутилган муддатларни (процессуал, мажбуриятни бажариш муддатлари ва ҳкз.) узрли деб ҳисоблашга асос бўла оладими, йўқми, деган саволга ҳам ойдинлик киритиш зарур. 

Олий суд Пленуми қарори билан шу ва бошқа масалаларда аниқ ва бир хил ҳуқуқий ечим таклиф қилиниши лозим, дейди адвокат.

Эслатиб ўтамиз, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Олий суд Пленуми суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради. Бу тушунтиришлар Пленум қарори сифатида қабул қилиниб, ижроси барча судлар учун мажбурий ҳисобланади.

2020-04-22 11:50:54  |  2379 |   0  | 

2 изоҳлар

Апрел 22, 2020  14:12

1.Бахтиёржон Муродов

Билдирилган фикрлар жуда ҳам асосли. Лекин шу билан бирга, баъзи бир масалалар юзасидан Олий суд Пленуми қарорининг қабул қилиниши, назаримизда етарли бўлмайди. Чунки, биргина мисол коронавирус сабаб гувоҳни ёки процесснинг бошқа иштирокчисини суд-тергов органларига келаолмаслиги, ривожланган давлатлар қонунчилигида юритувдаги жиноят ишини тўхтатиш учун асос бўлади. Бизнинг қонунчилигимизда эса, бу каби масалалар тартибга солинмаган. Натижада, суд-тергов амалиётида кўплаб тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Адвокат Абдумалик Абдуллаев жуда тугри ва долзарб масалани кутарган. Мамлакатимизда вакти келиб карантин холати тугагач, амалдаги карантин коидаларини бузишга оид конунчилик нормаларини куллаш амалиети буйича турли хил низолар келиб чикиши ва судларга мурожаатлар купайиб кетиши табиий. Шундай экан, Узбекистон Республикаси Олий суди адвокат А.Абдуллаев томонидан кутарилган ва келажакда хукукни куллаш амалиетида юзага келиши мумкин куплаб саволларни куриб чикиши хамда тегишли равишда Пленум карорини кабул килиши максадга мувофикдир. Бу хозирги давр талаби.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация