Низоларни ҳал этишда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Фуқаролик суд ишлари юритишнинг мақсад ва вазифалари процесс иштирокчиларининг бузилган моддий ва процессуал ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш, шу билан бирга, фуқароларни қонунлар, ҳуқу­қий меъёрларнинг бажарилишига онгли муносабатда бў­лиш руҳида тарбиялашни назарда тутади

Суднинг одил судловни амалга оширишга қаратилган фаолияти – кўрилиши лозим бўлган масалани тўғри ҳал қилиш учун манфаатдор шахсларга қонунда кўрсатилган процессуал ҳаракатларни татбиқ этиш билан ғайриқонуний ҳаракат қилган тарафга нисбатан давлатнинг мажбурлаш кучини қўллаш ва тегишли фуқаролик ишларининг ечимини топишдан иборат.

Фуқаролик суд ишлари юритилишида прокурор иштироки амалиётига кўра, айрим низоларни ҳал этиш билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ушбу низоларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Масалан, фуқаро Ф.Абилова синглиси Д.Абилованинг касал бўлиб шифохонада ётганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган уй-жойни куёвига ҳадя шартномаси асосида расмийлаштириб беради. Д.Абилова бир неча йиллар ўтгандан сўнг уйни сотиш учун ҳужжатларни нотариал идорага тақдим этмоқчи бўлгандагина бундан хабар топади ва бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ҳадя шартномасини ҳа­қиқий эмас, деб топиш ҳақида мурожаат қилади. Аммо суднинг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилади. Шунингдек, ҳадя шартномаси белгиланган талаблар асосида тузилганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилади. Д.Абилованинг ҳадя шартномасидаги имзо уники эмаслиги, бу имзо қалбакилиги бўйича келтирган важлари юзасидан ИИО ФМБ томонидан олиб борилган текширувларда ҳақиқатдан ҳам ҳадя шартномасидаги имзо Д.Абилованики эмас, балки унинг опаси Ф.Абилованики эканлиги аниқланади. Буни Ф.Абилованинг ўзи ҳам тан олган. Лекин, жиноий ҳаракатлар амалга оширилган бўлса-да жазо қўллаш муддати ўтганлиги сабабли Жиноят кодексининг 84-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш рад этилади.

Д.Абилова терговчининг қарорига кўра, ушбу низони ФПКнинг 437-моддасига кўра, янги очилган ҳолат сифатида кўриб чиқишни сўраган. Лекин, суд томонидан ФПКнинг 437-моддаси 2-қисмига асосан фақатгина суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлиши лозимлиги қайд этилиб, унинг аризаси иш юритувга қабул қилинмаган. Ушбу ҳолатнинг янги очилган ҳолат, деб топилмаслигига Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик-процессуал ҳужжатлари айрим нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши ҳақида»ги Қарорининг 32-бандида янги очилган ҳолатлар рўйхати ФПКда тугал кўрсатилганлиги асос қилиб олинган. Шуни назарда тутиш керакки, ушбу Пленум қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 14-сонли «Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарорига асосан ўз кучини йўқотган бўлиб, ФПКнинг 437-моддасининг тугал эканлигига баҳо бера олмайди.

Ҳозирги кунда фуқароларнинг мулкий ёки номулкий ҳуқуқлари жиноят натижасида бузилса-да, бундай ҳаракатлар учун жазо қўллаш муддати ўтганлиги сабабли жиноят иши тугатилмоқда ва бу ҳолатга янги очилган ҳолат сифатида қаралмасдан, фуқароларнинг мулкий ёки номулкий ҳуқуқлари тикланмай қолмоқда.

Амалиётдаги бу муаммони бартараф этиш мақсадида терговчининг қарори асосида қўзғатилиб, ЖПКнинг 84-моддаси асосида тугатилган жиноят ишлари бўйича фуқаронинг мулкий ёки номулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатини ҳам ФПКнинг 437-моддасида қайд этилган янги очилган ҳолатлар рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2007 йил 2 октябрдаги 11-сонли қарори 4-банди охирги хатбошисидаги «Маъмурий ҳуқуқ­бузарлик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори ҳамда жиноят ишини реабилитация асосларисиз тугатиш ҳақидаги тергов органи ва суд ажримида қайд этилган ҳолатлар шу билан боғлиқ фуқаролик иши кўриб чиқилишида қайта исботлашни талаб қилмайди», деган мазмундаги талабларига асосланган ҳолда, ФПКнинг 437-моддаси 2-бандига «ҳамда жиноят ишини реа­билитация асосларисиз тугатиш ҳақидаги тергов органи қарори  ва суд ажримида қайд этилган ҳолатлар» деган жумлани киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунингдек, Фуқаролик суд ишлари юритилишида Ўзбе­кис­тон Республикаси Солиқ кодексининг жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари тўғрисидаги 179-моддаси 11-банди талабларини амалиётда қўллаш билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд. Ушбу модданинг 11-банди 4-қисми талабига кўра, жисмоний шахс­ларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк­ни сотишдан олинадиган даромадларга даромад солиғи солинмаслиги, лекин «кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, турар жойларни сотишдан олинадиган даромадлар бундан мустасно» эканлиги белгиланган. Ушбу жумлалар анча мавҳум бўлиб, ушбу қонунни қўлловчи томондан ҳар қандай ҳолда талқин қи­лишга имконият яратади. Албатта, қонун яратишда уй-жойларни бир йил ичида олиб, қайтадан сотганлик (яъни сотиб олиш битта битим бўлса, уни сотиш иккинчи битим ҳисобланади, шундагина биттадан ортиқ битим тузиш натижасида даромад олиш вужудга келади) учун сотиб олинган вақт­даги нарх билан сотилган вақт ўртасидаги олинган даромаддан солиқ ундириш назарда тутилган бўлса-да бугунги кунда ушбу норма солиқ идоралари ва айрим ҳолларда судлар томонидан турлича қўлланилмоқда. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилган фуқаро Д.Назарова фуқаролик ишлари бўйича Чилонзор туманлараро судининг чиқарган суд буйруғидан норози бўлиб, уни бекор қилишни сўраган. Иш ҳолатлари ўрганилганда, Д.Назарова 1996 йилда бир хонали уй сотиб олиб, оиласи билан яшаш давомида 2007 йилда яна битта бир хонали хонадон сотиб олганлиги, 2017 йилга келиб, яшаш жойини кенгайтириш мақсадида ушбу хонадонларни кетма-кетликда сотиб, унинг пулига 2-хонали уй сотиб олганлиги маълум бўлди.

Чилонзор туман солиқ инспекциясининг 2018 йил май ойидаги даъво аризасига кўра, фуқаро Д.Назаровага нисбатан 6 миллион сўм миқдорида даромад солиғи тўлаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг буйруғи юборилган. Д.Назарова солиқ инспекциясига учраганида икки хонадонни сотишдан тушган даромадлари солиққа тортилганлигини аниқлайди. Албатта, бундай ишлар суд буйруғи асосида кўриб чиқилишининг ўзи нотўғри ҳисобланади. Чунки, ФПК­нинг 173-моддаси талабига кўра, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага судгача низони ҳал этиш тартибига риоя этилганлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этиш лозимлиги белгиланган. Лекин, солиқ идораси томонидан бундай талаб бажарилмай, судга мурожаат қилинган. Фуқаро Д.Назарова эса суд буйруғини уни бекор қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан сўнг олган ва шундагина қарздор эканлиги ҳақида хабар топган.

Аксарият суд амалиётида «кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда» деган талабдан келиб чиққан ҳолда, битта уй-жойдан ортиқ сотилган барча уй-жойларни сотишдан тушган даромадлар даромад солиғига тортилмоқда. Яъни фуқаро битта уй-жой сотганлик учун даромад солиғига тортилмаслиги белгиланганлиги сабабли, биттадан ортиғи у нечта бўлишидан қатъи назар, солиққа тортилиши амалиёти мавжуд. Лекин, бир йил ичида сотилган барча уй-жойлар учун даромад солиғи ундирилиши Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди 4-қисмини нотўғри талқин қилиш ҳисобланади.

Юқоридагиларга кўра, ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди 4-қисмига ўзгартириш киритиш лозим. Чунки, ушбу моддадаги «кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр» деган жумлада икки йил назарда тутилиши, шунингдек, «бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда», деган жумлада барча турдаги битимлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, бир йил ичида иккита уй-жойни сотиб олиш, ҳадя қилиш, васият қилиш ҳам битим саналади. Бу норма фуқаролар томонидан шахсий уй-жойларни олиб-сотганлик асосида топилган даромадларни даромад солиғига қаратиш мақсадида белгиланганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди 4-қисми «бир йил давомида сотиб олиниб, қайта сотилган  барча уй-жойларни сотишдан олинадиган даромадлар бундан мустасно», деган мазмунда ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирги кунда ушбу талаб турлича талқин қилиниши оқи­батида, биринчидан, фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи бузилмоқда, иккинчидан, ягона суд амалиётини йўлга қўйиш муаммоси вужудга келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасига кўра, мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Солиқ кодексига бу тарз­да ўзгартириш киритилиши эса ягона суд амалиётини йўл­га қўйиш имконини яратади.

Матлуба АМИНЖОНОВА,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори

("Huquq" газетаси).

2018-12-17 19:33:48  |  3078 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация