Энди сизнинг ўз сайтингиз бор!



Аввало журналимизнинг ушбу сони қўлингизга бир мунча кечикиб етиб боргани учун узр сўраймиз. Аммо, айни пайтда, Сизни хурсанд қиладиган хабаримиз ҳам бор – таҳририятимиз жамоаси фурсатдан фойдаланиб «Advokat» журналининг веб ва мобиль кўринишдаги электрон шакли сифатида www.advokatnews.uz порталини яратиб, ишга туширишга муваффақ бўлди. 16 октябрь куни Миллий матбуот марказида Порталнинг тақдимоти ўтказилди ва у расман ўз фаолиятини бошлади!

Энг муҳими шуки, мазкур Портал «Advokat» журналининг электрон шакли сифатидагина чегараланиб қолмайди. Балки у юртимиздаги суд-ҳуқуқ тизимига доир ахборотларни жамлаб, ёритиб борувчи тезкор интернет нашр сифатида ҳам фаолият юритиб, айни пайтда Сизнинг туну кун сўз айта олишингизни таъминловчи онлайн минбарингизга айланади. Бу эса соҳага доир янгилик ва ахборотларни жамоатчиликка ўз ­вақтида етказиш имкони деганидир. Демак, журнал энди соҳага, жараёнларга доир чуқур таҳлилий мақолалар чоп этиладиган, кейинчалик фойдаланиш учун тахлам қилиб йиғиб бориладиган босма нашрингиз бўлса, янги Портал адвокатлик фаолиятига алоқадор тезкор ахборотлар жамланадиган интернет нашрингиз бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, портал орқали видео ва аудиоматериаллар ҳам тайёрлаб, эълон қилиб бориш кўзда тутилган. Илк тажрибалар билан сайтда ҳозирнинг ўзидаёқ танишишингиз мумкин.

Журнал ўқувчилари учун қулайликлар

Порталда аввало журнални ўқувчиларга электрон тарзда етказиш, унда чоп этилган ва ҳатто чоп этиш учун тайёрланган мақолалар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиб бориш имкониятлари яратилган. Журнал материаллари билан танишишдаги асосий қулайликлардан бири шуки, Портал орқали мақолаларни хоҳласангиз журнал сонлари бўйича, хоҳласангиз қайси сондалигидан қатъий назар рукни, тури, йўналиши, муаллифлари бўйича саралаб ўқишингиз мумкин. Ҳатто энг кўп ўқилган мақолалар ҳам алоҳида бўлимда жамланади. 

Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланишни хуш кўрадиганлар учун журналнинг электрон нусхасини мобиль қурилмага юклаб олиш имкони ҳам яратилган.

Шунингдек, чоп этилган журнал сонларини онлайн тарзда харид қилиб, тегишли манзилга етказиб бериш бўйича буюртма қилсангиз бўлади. Ёки шу тарзда онлайн обуна бўлишингиз учун ҳам шароит бор. Кимгадир ахборотларни ўқишдан кўра иш пайтида аудио шаклда эшитиш маъқул бўлса, бу хизмат ҳам сайтда мужассам.

Қўшимча қулайликлар

Суд-ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган интернет нашр сифатида Порталда фойдаланувчилар учун яна қуйидаги қўшимча имкониятлар ҳам мавжуд:

– ҳар хил мавзулар бўйича адвокатларга саволлар йўллаш ва жавоб олиш (Шахсий сир сақланиши талаб қилинмаган саволларнинг жавоблари сайтда эълон қилиб борилади);

– турли сўровномаларда иштирок этиб, натижаларидан онлайн тарзда хабардор бўлиш;

– қонунчиликдаги соҳага доир янгиликлар билан танишиб бориш;

– ижтимоий тармоқдаги каналларга обуна бўлиш орқали сайтга қўйилган янги материллардан хабардор бўлиб бориш ҳамда мақола ва хабарларнинг қисқача мазмунини ўқиш (Батафсил ўқиш учун ҳавола орқали сайтга ўтиш мумкин бўлади);

– соҳага доир китоблар рўйхати билан танишиш ва уларни онлайн харид қилиш;

– адвокатларни турли ютуқлари, жумладан ёш тўйлари билан табриклаш.

Шундай яхши мақсадлар билан, ­машаққатли меҳнат эвазига ташкил яратилган мазкур www.advokatnews.uz Порталини адвокатлар жамоаси илиқ қарши оладилар ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиб, ҳам журналнинг, ҳам Порталнинг келгусида энг сара оммавий ахбо­рот воситасига айланишида яқин ҳамкорликлари билан қўллаб-қувватлайдилар деб умид қиламиз!

Янги минбарингиз муборак бўлсин, азизлар!

2018-12-10 19:51:05  |  2375 |   0     Шаҳноза Халсаидова  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация