Фотосуратлар, аудио- ва видеоёзувлар жиноят ишига қандай қўшилади?



 
  Расм манбаси : Xabar.uz

Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган сўнгги қарорларда жиноят ишлари бўйича далиллар мақбуллигига оид масалалар кўриб чиқилиб, фуқаролик ишларини кўришга тайёрлаш тартиби белгиланган.

Norma эксперти Олег Замановга кўра, гап қуйидаги ҳужжатлар ҳақида бормоқда:

1. Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 24-сон қарори.

Ушбу мавзудаги аввалги ҳужжат билан солиштирганда, олий суд инстанцияси исботлаш жараёнида қийноққа солиш ва куч ишлатишнинг бошқа шаклларини қўллаш номақбуллигига кўпроқ эътибор қаратди. Шу йўл билан олинган ҳар қандай далиллар яроқсиз деб топилади.  

Процессуал ҳаракатда қонунга кўра ҳимоячи иштироки шарт бўлиб, далил унинг иштирокисиз олинган бўлса, ёхуд ҳимояга бўлган ҳуқуқ тушунтирилмаган ёки бу ҳуқуқдан фойдаланиш имконияти амалда таъминланмаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади.

Далилларни олишнинг айрим процессуал жиҳатларига аниқлик киритилди. Айниқса мақбул эмас деб топиладиган далилларга батафсил тўхталинди. Булар, масалан, номаълум ёхуд аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан ва ЖПК нормаларини бузган ҳолда олинган ҳар қандай маълумотлардир.

Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувларни жиноят иши материалларига қўшиш қоидалари ҳам тилга олинди. Ушбу материалларни тақдим этган шахслар сўроқ қилинган ва улар ким томонидан, қачон, қаерда, қандай ҳолатларда топилганлиги аниқланган ҳолдагина улардан фойдаланиш мумкин. Предметлар (нарсалар)ни кўздан кечириш тўғрисидаги баённома тузилганидан сўнг албатта уларни ишга ашёвий далил сифатида қўшиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарилади. Зарур ҳолларда тегишли экспертиза тайинланади (батафсил – ЖПКнинг 173-моддасида).  

2. Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш тўғрисида»ги 26-сон қарори.

1999 йилдаги худди шундай ҳужжат ўрнига қабул қилинди. 2018 йил 1 апрелдан ФПКнинг янги таҳрири кучга кирганини қайд этиб ўтамиз, Пленум энди унга ҳавола қилмоқда.

Ишни кўришга тайёрланиш жараёнида суд томонидан амалга ошириладиган барча ҳаракатлар қадамма-қадам батафсил баён этилган. Алоҳида процессуал ҳаракатлар амалга ошириладиган муддатлар кўрсатилган.

Маълумот учун, қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Олий суд Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир («Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси).

Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 24 августдан кучга кирди.

2018-09-13 15:44:37  |  2349 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация