Солиқ кодекси лойиҳаси рус тилида чиқди. Ўзбекларга бу қизиқ эмасми?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси лойиҳаси халқ муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Лойиҳа порталга жойлаштирилиши биланоқ интернет фойдаланувчилари уни муҳокама қилишни бошлаб юборишди. Аммо лойиҳанинг мазмунини муҳокама қилиш билан бирга, унинг ўзбек тилида эълон қилинмагани борасида ҳам эътирозлар билдирилмоқда, деб хабар беради Kun.uz.

«Бошқа чет тилларини ҳам ҳурмат қилган ҳолда шуни айтмоқчиманки, шундай муҳим қонуннинг лойиҳаси ҳам давлат тилида муҳокамага қўйилмагани дилни хира қилди. Лойиҳа раҳбарияти томонидан ўзбекзабон солиқ тўловчилар (солиқчилар ҳам) учун тез орада ўзбекча варианти ҳам қўйилади деган умиддамиз», деб деб фикр билдирган Шукур Сулаймонов.

Қонун лойиҳасининг ўзбек тилида ҳам эълон қилинмагани борасида бошқалар ҳам ўз фикрларини билдиришган.

Эътибор берадиган бўлсак, 20-21 ноябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 17 та қонун ва қарор лойиҳалари муҳокама учун жойлаштирилган бўлиб, улардан 9 таси рус тилида, 8 таси ўзбек тилида тақдим қилинган.

Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ушбу Қонуннинг 8-моддасида эса «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.

Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон этилади», дейилган.

Юқоридаги Қонундан келиб чиқиб ҳамда республика аҳолисининг 80 фоизидан ортиғи ўзбек тилида сўзлашишини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳалари биринчи навбатда ўзбек тилида жойлаштирилса (бошқа тилларга таржимаси билан бирга албатта), халқнинг қонунлардан хабардор бўлиш кўрсаткичи ошишига ва қабул қилинажак қонунлар муҳокамасида фаол иштирок этишига таъсир кўрсатиши тайин.

2018-11-22 18:58:03  |  2367 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация