Аёл кишини таҳқирлаган ички ишлар ходими 6,5 йилга “кесилди”



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Собиқ тезкор ходим Санъат Умаров жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан ҳукм ўқилди.

Суд жараёнида иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ишни судда кўриш 19 октябрь куни бошланган бўлиб, ўтган мажлисларда айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган, судланувчи С.Умаров ва жабрланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланган, шунингдек суд тергови ўтказилиб, унда гувоҳлар сўроқ қилинган.

Бугун, 21 ноябрь куни ЖИБ Самарқанд вилоят суди Санъат Умаров нисбатан ишни якунлади ва судья Ўткир Мамадалиев судланувчи устидан ҳукмни ўқиб эшиттирган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, С. Умаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а», «з» бандларида ва 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда (этишда) айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда (яъни, у озодликдан чиққанидан кейин 3 йил давомида давлат ишида ишлай олмайди), 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади. Жазо муддати 5 июлдан, яъни Санъат Умаров ҳибсга олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд туманида туғилган, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган.

У ва ИИБнинг бошқа ходимлари шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида аёл кишини ўғирликда айблаб ҳақорат қилгани ва ечинишга мажбурлагани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ, Санъат Умаров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Катта резонанс келтирган воқеадан сўнг Ички ишлар вазирлиги Санъат Умаров ички ишлар органлари сафига тасодифан кириб қолган нопок ходим, дея расмий баёнот берганди.

Бу воқеа ортидан Самарқанд вилояти Ички ишлар тизимида ишлаб келаётган бир неча ходимлар, жумладан, Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров ишдан бўшатилган.

2018-11-21 16:57:49  |  2201 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация