Диспетчерлик хизмати ходимасини урган ҳайдовчи 5 суткага қамалди
Тошкент шаҳар ИИББ «Тоштрансдиспетчерхизмат» УК ходимасини ҳақорат қилган ва урган шахс жавобгарликка тортилгани ҳақида маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда ушбу воқеа акс этган видео эълон қилинган эди. Диспетчер аёл «Матиз» автомобилининг жамоат транспорти бекатида тўхтаб туришини видеотасвирга олади, машина ҳайдовчиси унинг танбеҳига жавобан ҳақоратли сўзларни айтади, мобил телефонини тортиб олишга ҳаракат қилади, бунга муваффақ бўлмагач эса аёлга қўл кўтаришгача боради.
Ушбу ҳолат бўйича Тошкент ИИББ томонидан чоралар кўрилди. Ҳайдовчи қўлга олинди. У Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли Ҳикматулла М. бўлиб чиқди.
Қайд этилишича, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6- (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) ва 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) билан баённома расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, «Тоштрансдиспетчерхизмат» УК раҳбариятининг аризасига асосан Шайхонтоҳур тумани маъмурий суди томонидан Ҳикматулла М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилди ва унга 5 суткачага бўлган муддатда маъмурий қамоқ кўринишидаги жазо тайинланди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш