50 миллион сўмлик камомад истеъмолчиларга юкланди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Андижон туманида истиқомат қилган Алихўжа Зайниев (исмлар ўзгартирилган) ва Оғабек Ахматов Ёзёвон туманидаги оҳак цехларидан бирида иш ўрганишаётганда туман марказида танишиб қолган йигит уларни иши тўхтаб қолган бошқа бир оҳак цехига бошлаб боради. Йигитлар унга ишни бирга юргизишни таклиф қилишади.

– Шерикчилик билан иш қилмайман, – дейди Исматилло Ўрмонов. – Агар хоҳласаларинг, цехни ижарага беришим мумкин. Аммо айтиб қўяй, газ идорасидан рухсат олиш керак. Акам туман газ идораси раҳбари бўлиб ишлаган. Гапи ўтади, рухсатномани тайёрлатиб беради.

Йигитлар таваккал иш бошламоқчи бўлишади. Келаси куни И.Ўрмонов акаси билан гаплашганини, «Водийгазтаъминот»дан рухсатнома олиш учун 2 минг АҚШ доллари бериш кераклигини, агар хоҳлашмаса, цехни бошқа бировга ижарага беришини айтади.

– Бунча пулимиз йўқ. Қарз-ҳавола қилиб, минг доллар беришимиз мумкин.

– Бўпти, қолганини ишни йўлга қўйиб, топган фойдаларингдан берасизлар.

О.Ахматов опасидан қарз олиб, И.Ўрмоновга минг доллар ҳисобида 7 миллион 640 минг сўм беради. У алдаб олган пулни ўз эҳтиёжига сарфлайди, рухсатнома эса расмийлаштирилмайди.

Бундан бехабар О.Ахматов шериги А.Зайниев билан иш бошлайди. Бироқ туман газ идораси ходимлари цехни тармоқдан узиб қўйишади. Исматилло Ўрмонов эса акаси – МЧЖ раҳбари Р.Ўрмонов, «Ёзёвонтумангаз» корхонаси бошлиғи И.Солиев, етакчи мутахассиси Ш.Эсонов, мижозлар бўлими бошлиғи М.Сўпиев ҳамда етакчи муҳандиси Г.Мўйдинов билан ўзаро тил бириктиради ва оҳак цехини ноқонуний тармоққа улаб, газ билан таъминлаб туриш эвазига  О.Ахатов билан А.Зайниевдан яна 1000, 100 ва 300 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилиб олади. Шу тариқа пора бериб, ишни йўлга қўйган «тадбиркорлар» 43 кун мобайнида 22 миллион 614 минг сўм миқдоридаги табиий газни ўзлаштириб, талон-торож қилишади.

Туман газ идорасининг олғир раҳбар ва мутахассислари эса шу йўсинда табиий газнинг сарфланиши туфайли вужудга келган 50 миллион 600 минг сўмликдан зиёд камомадни чакана истеъмолчиларнинг гарданига юклашади. Ҳисоб варақларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан аҳолидан жами 23 миллион сўмдан зиёд тўловларни ундириб олиб, фуқароларнинг манфаатларига кўп миқдорда зарар етказишади.

Бундан ташқари, суюлтирилган газ таъминотчиси А.Ниёзов томонидан 39 млн. 278 минг сўмлик 196 та газ баллони ва баллонлар сотувидан келиб тушган 7 миллион 397 минг сўм пул маблағлари ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланди.

Суд мажлисида инкор этиб бўлмас далиллар билан расмий ҳужжатларни сохталаштириш, ўзлаштириб талон-торож қилиш, табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш ва фойдаланиш учун пора беришга далолат қилиш, пора бериш ва пора олиш, фирибгарликдан иборат жиноий қилмишлари тасдиқланган «Водийгазтаъминот» УКнинг Ёзёвон туман филиали собиқ бошлиғи И.Солиев, етакчи мутахассиси Ш.Эсонов, мижозлар бўлими бошлиғи М.Сўпиев, етакчи муҳандис Г.Мўйдинов, таъминотчи А.Ниёзов, МЧЖ раҳбари Р.Ўрмонов, унинг укаси И.Ўрмонов ҳамда «тадбиркор»лар О.Ахатов ва А.Зайниевларга қилмишларига яраша жазо тайинланди.

Баҳодиржон ҚЎЛДАШЕВ,

Департаментнинг Ёзёвон туман бўлими бошлиғи

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-11-08 17:54:30  |  1953 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация