Тўққиз ойда маъмурий судлар 1057 кишини транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган
2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 16567 та ишни кўриб чиққан. Бунинг натижасида 12525 кишининг ҳуқуқи тикланган ва 57 нафар мансабдорга интизомий жазо қўлланган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати маълумот берди, деб ёзади Turon24.
9 ой давомида маъмурий судлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 344198 кишига нисбатан қўзғатилган 276461 та ишни кўриб чиққан. 231809 кишига нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазоларни қўллаган.
Кўрилган ишларнинг аксариятини ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, ноқонуний тадбиркорлик, майда безорилик, паспорт тизими қоидаларини бузиш ва Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликлар ташкил этган.
Хусусан, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил жароҳат ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 16276 кишига нисбатан 15803 та иш кўрилган. Шундан 13711 нафар шахсга жарима солинган, 1057 киши транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Маст ҳолда транспортни бошқариб йўл-транспорт ҳодисасини содир этган 908 кишига нисбатан 904 та маъмурий иш кўриб чиқилган.
Маъмурий судлар 160151 та ишни, яъни барча ишларнинг 57 фоиздан ортиғини сайёр суд мажлисларида кўрган.
Бундан ташқари, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати назорат тартибида 2155 та шикоят ва протестни кўриб чиққан. Қуйи судларнинг 36 та қарори бекор қилинган ва 33 та қарори ўзгартирилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш