Адлия вазирлиги: “Қонун ҳужжатлари лойиҳалари ўзбек тилида жойлаштирилиши керак”



 
  Расм манбаси : Kun.uz

«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади

21 ноябрь куни Kun.uz сайтида «Ўзбек тилидаги қонун лойиҳалари билан қачон танишамиз?» сарлавҳали мақола нашр этилган, унда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилаётган аксарият қонун ва қарорлар лойиҳалари ўзбек тилида эмаслиги танқид остига олинганди (ушбу мақола бизнинг сайтимизда "Солиқ кодекси лойиҳаси рус тилида чиқди. Ўзбекларга бу қизиқ эмасми?" номи билан эълон қилинган, уни advokatnews.uz/xabar/553.html манзилида ўқишингиз мумкин).

Kun.uz хабарига кўра, 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги барча вазирлик, идоралар ва ҳокимликларга қонун ҳужжатлари лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига ўзбек тилида жойлаштирилишини таъминлаш тўғрисида хат жўнатган.

«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.

Бироқ, ўтказилган таҳлиллар айрим ҳолатларда норматив-ҳуқуқий лойиҳаларини ишлаб чиқувчи вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун фақат рус тилида жойлаштирилаётганини кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолат кенг жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда ҳамда муҳокама жараёнида уларнинг иштироки чекланишига олиб келмоқда», дейилади хатда.

Адлия вазирлиги вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари давлат тилида ва заруратга кўра бошқа тилларда жойлаштирилишини таъминлашни сўраган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Адлия вазирлигининг қонунчилик бошқармалари давлат тилида тақдим қилинмаган қонун ҳужжатлари лойиҳаларига расман эътироз ёзиш йўлга қўйилган. Вазирликда ўтказилган йиғилишларнинг бирида Қонунчилик бош бошқармасининг масъули барча вазирлик, идораларнинг юридик хизмат раҳбарларини давлат тили тўғрисида қоидалар бузилаётгани бўйича қаттиқ танқид қилган ва жиддий огоҳлантирган. 

Ахборот учун, 2007 йилдан буён вазирликдан давлат рўйхатидан ўтадиган идоравий норматив ҳужжатлар фақат давлат тилида рўйхатдан ўтиши таъминлаб келинмоқда.

2018-11-26 11:40:51  |  2583 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация