«Сеними, шошмай тур!»
«Мувад-видео»нинг хонавайрон бўлиши, Озодбек Назарбеков концертидан берилган «чўтал», Гулнора Каримованинг «командаси» ва бошқалар хусусида яна бир-икки шингил...
1
...«Мувад-видео»нинг ишлари чаппасига кетди! Унинг раҳбари Абдушукур Исломов икки акаси билан бирга нақ ўн икки йилга «кесилди», бор-буди мусодарага тушди...
Мусибатни на кутилган, на кутилмаган, деб бўларди. Кутилганики, Абдушукур Исломов кимлар билан «йўли кесишганини» билар, ўзаро муносабатлардаги кичкина англашилмовчиликнинг эҳтимолий оқибатларини тасаввур қиларди, ҳатто... Кутилмаганики, ўшаларнинг ҳар бир «амри»ни бажо қилиб юрибди: инсоф қилар, оёқдан олишгача боришмас?!
Узр, гапларимиз бошқотирмага ўхшаб қолмоқда.
Яхшиси, бир бошдан...
2
«Мувад-видео» беш-ўн йиллар нарида ўзбек шоу-бизнесидаги иккита «гегемон»нинг биттаси эди. Ушбу студия билан ҳамкорлик қилган аҳли санъат кам бўлишмагани ростдирки, «бирга ишлайлик», дегувчилар остонадан аримасди. Замон шу-да: минг иқтидорли бўлма, йўқни йўндирувчи ташкилотчисиз санъатда, хоссатан, қўшиқчиликда борингни намоён этмоқ душвор! Ўз навбатида, хонанданинг юлдузи порлаб турар экан, ҳамкорининг ҳам қозони сувга тушмайди. «Мувад-видео» сабаб озмунча қўшиқчиларнинг омади чопмадими?! Биргина Озодбек Назарбековни олинг. Дастлабки яккахон дастурларида, чўту чама яхши олинмаган чоғи, касодга учраёзди. «Мувад-видео» билан манфаатли келишувдан сўнг ишлари юришгандан юришди: илгари икки кунлик дастурига чиптаси сотилмаган ҳофиз, бора-бора ўн, ўн беш, ҳатто йигирма беш кунлаб «Халқлар дўстлиги»ни банд қиладиган бўлди...
3
«Terra-Group» компанияси, унинг қабатида «PanTerra-studio» пайдо бўлиши шоу-бизнес корчалонларига огоҳлик қўнғироғи эди, аслида. Ким-ким Гулнора Каримовага тегишли экани сир бўлмаган бу компаниянинг «йўллари ойдин бўлмоғи» кимда шубҳа туғдирибди?! «Мувад-видео» раҳбари ортиқча «саркашлик» қилгани йўқ: ҳаддини билди, «таклифлари»га «хўп», деди. Ҳатто ўзи билан ҳамкорлик қилаётган қатор иқтидорларнинг «биз билан ишлашсин» дейилишига-да қулоқ тутди. Ҳатто машҳур Озодбек Назарбековнинг ҳар концертидан «чўтал» талаб қилиндики, бу «амр»ни ҳам «миқ» этмай адо этди...
4
Кўнглингиз бурчагида иштибоҳ пайдо бўлди-а: «Мамлакатнинг даромадли соҳаларини бирма-бир ишғол қилган «Каримова ва унинг командаси» артистларнинг нонига шерик бўлиш даражасига бормагандир? Маҳобатдир-е?».
Бугун — ёвлар қочиб, ботирлар урчиган пайтда йиқилганни тепмоқ осон. Кеча «Опа»нинг пойига патак бўлиб, эндиликда орқасидан тош отаётганларнинг йўриғи бошқа. Бизнинг вазифа — ровийлик, холос. «Мувад-видео»га келган балолар баёни эса вазифамизнинг ажралмас қисми эканига таъкид шартми?!
Иштибоҳга келсак: сиёсат, илм, дипломатия, бизнес, заргарлик, дизайнерлик... ва бошқа соҳаларда бирдай «муваффақият»га эришган «Опа» санъатнинг қўшиқчилик йўналишида ҳам омадини синаб кўрганини ким билмайди? Боз норасмий «почча» ҳам шоу-бизнесга бегона эмас, «санъатдаги илк қадамлари»ни «Дадо» гуруҳида бошлаган хонанда (шунақа деймизда энди!) эканиям маълум. «Terra Group»-у «PanTerra-studio»лар ҳам ана шу шайдолик-ошноликнинг ҳосиласи бўлса, не ажаб?! Қолаверса, шоу-бизнес, ҳадисини олганга, сердаромад соҳа экани кимга сир бўпти? Ўзбекнинг тўйхўрлиги-ю артистпарастлиги бор экан, оддий отарчи ҳам фан докторидан яхши яшайверади. Баски, хонанда-ю хонандаликка ҳавасмандларнинг «бошини бириктириб», жилов қўлга олинса, осмондан чалпак ёғвормайдими? Устига-устак, «PanTerra-studio»даги устунлик бошқаларда йўқ. Энг муҳими, садоқатини намоён этган «юлдуз» унвон кутиб, сочи оқармайди! Ўша кезлар шоу-бизнесда «юлдузчалар»нинг сонига чакана барака кирдими?! Улар орасида унвондор бўлгани қанча?! Бу ҳақда юксак минбардан гапирилди ҳатто: «Лик-лик — хизмат кўрсатган артист; иккита лик, тўртта «шик» — халқ артисти»!..
...Эндиям иштибоҳ борми? Ўзингиз биласиз...
5
...«Муросаи мадора» қўр емади барибир. Сабаблар бордай: айрим хонандалар икки ўт орасида қоврилмоқда. «PanTerra-studio» «таклифига» йўқ демоқ — шаккоклик билан баробар, бироқ «Мувад-видео»га ҳам этак силкиб бўлмайди — ўртада шартнома бор. Абдушукур Исломов ҳамкор хонандаларнинг кетишига қаршилиги йўқ, бироқ шартнома шартларини эслатиб қўйгани, уларга ҳам, уларни интизор кутаётганларга ҳам ёқмади-да.
Буям камлик қилганидек, нима-нима, Исломов деганлари «Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси» деган нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) тузиб, кўпгина санъаткорларни унга аъзо қилибди?! Бу қанақа ташкилот, денг? Оддий. Битта вилоятда нечта телеканал, радиоканал бор? Камида иккита. Мамлакат бўйича-чи? Ҳисобини олаверинг! Ҳаммаси миллий кинолардан тортиб, хонандаларнинг қўшиқ-клипларини қўйиб ётишибди. Яна кафе-барларга қаранг: ўрнатилган катта-кичик мониторларда куй-қўшиқлар аримайди, тайёр қўшиқ мусиқасини (фонограммасини) қўйиб, мижозларга хизмат кўрсатаётган хашаки «санъаткорлар»ни айтинг. Бу куйлар, бу қўшиқ-клиплар, киноасарлар озмунча ҳаракат ва харажат маҳсулими?! «Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси» ўша радиоканаллару телеканаллар, кафе-барлар билан эринмай шартнома туздики, бировнинг шапалоғига юз қизартиришнинг фурсати ўтди, азизлар, эфир-экранларингизни тўлдираётган кинолару куй-қўшиқлар, клипларнинг эгалари бор, улардан фойдаланмоқчимисиз — бош устига, пулини тўлаб қўйсангиз, бас...
6
...Шу тариқа аста-секин «Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси» ННТ ҳисобига пул туша бошлади. Тушган маблағнинг йигирма фоизи ташкилот чиқимларига, қолганини эга-эгаларининг пластик картасига ўтказиб бериш йўлга қўйилди. Ҳамма хурсанд. Нега хурсанд бўлишмасин?! Ахир, таъбир жоиз бўлса, ҳаводан пул келмоқда. Кетмони учаётган санъаткорларга бу маблағ арзимасдай кўриниши мумкин, аммо, дейлик, Шуҳрат Аббосовдай ёши бир жойга бориб, пенсиядан бошқа даромади бўлмаган афсоналарга ташна пайтда топилган чашма эдики, чакана дуо қилмадими раҳматлик...
Нариги «команда» ҳам худди шундай жамоат бирлашмаси — «Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси»га асос солишганди.
Бу рақобатдаям улоқ «Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси»да кетди... Айтинг, бунақаси кимга ёқади? «Мувад-видео» раҳбари кимнинг «панжасига панжа» урмоқда? Ха-ап, сеними, шошмай тур?!
...Кўп ўтмай «Мувад-видео» МЧЖ, унга қўшиб, «Мувад-медиа-плюс» МЧЖларни текширувчилар босиб, ака-ука Исломовлар ҳибсга олинди.
7
...Исломовларга оид жиноят иши тафсилотини мухтасар мақолада баён этмоққа имкон қайда?! Қуруқ баённинг ўзи «Уруш ва тинчлик» ҳажмига баробар келар?.. Шу сабаб, маъзур тутасиз, айблов кўлами-ю «иш»нинг асосий нуқталарига тўхталишдан бошқа илож йўқ.
Бир неча ўнлаб жилдларга «жо бўлган иш»да Исломовлар нималарда айбланмади?! «Ўзлаштириш» (167-модда) дейсизми, «савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш»ми (184-модда), «мансаб сохтакорлиги»-ю (209-модда) «ҳужжатларни сохталаштириш»ми (228-модда), «жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш» (243-модда), «сохта тадбикорлик» (179-модда), «пора олиш» (210-модда)... хуллас, ҳамма-ҳаммасидан бор. Албатта, иш бор жойда камчиликлар бўлиши табиий. Шу маънода Исломовларга қарашли «Мувад-видео» ва «Мувад-медиа плюс» МЧЖларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида муайян қонунбузарликлар аниқланиши эҳтимолини тамоман инкор қилиш инсофдан эмас. Бу камчиликларда жиноят аломатлари бўлганда ҳам жазоси жаримадан нарига ўтмаслигининг эҳтимоли-да юқори. Бироқ текширувчилар «махсус топшириқ» билан келса, ҳўлу қуруқ баробар ёнар экан: «айбловлар шодаси»ни кўриб турибсиз. Ҳамма бало шундаки, айбловлар қонун асосида эмас, буйруқ асосида тиркалса, терговчи оддий солдатга, суд сўқир муҳрдорга айланиб қолишидан ажабланманг ва уларни айбламанг ҳам. Шўрпешона Чўлпон бежиз нола қилмаган, ахир: «Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни...»
8
«Муҳит кучли» бўлмаса, судланувчилар ўзларининг хусусий биносини ижарага бериб, олган пули пора (?!) сифатида ёпиштирилармиди? Ёки шахсий корхонада «аниқланган» камомад «ўзлаштириш» бўлибдими? Рост-да, ўзининг шахсий маблағини ўзи ишлатган тадбиркор «ўзганинг ишониб топширган мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш»да айбланиши қайда бор?! Ёхуд Жиноят кодексининг 189-(савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 184-(бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) ва бошқа моддалари билан жавобгарликка тортилиб, оладиганини олганига қарамай 243-модданиям («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») «босворилиши»-чи?! Бошқаси ҳақида гапирмадик...
9
...Турган гап: барча айбловлар суддан силлиққина ўтди, ҳукм апелляцияда ўз кучида қолди ҳам. Шу тариқа Исломовлар ўн икки йилдан «олиб кетишди» (2013 йил, 14 май)! Шу тариқа уч оила бор-буди мусодара (!) этилди. На уй-жойи, на машиналар, на шаҳар марказидаги икки қаватли офис биноси, на мебель цехи қолди бу «қонуний» ғоратдан! Ҳали ҳукм чиқиб улгурмай Абдушукур Исломовнинг ҳовлисига харидорлар пайдо бўлгани, қонуний кучга киргани ҳамоно янги таъмирдан чиққан офис биносидаги йигирмага яқин совутгичлар ечиб кетилиб, бино ичидаги жиҳозларга ҳам чанг солинганига ишонасизми?! Қароқчиликнинг ўзгинаси!..
Вазият шу даражага етдики, кенжа Исломовнинг Юсуф Ҳамадоний кўчасидаги (Яккасарой тумани) ҳовлиси суд ижрочилари томонидан 30 (ўттиз) минг пора эвазига нархи арзонлантирилиб, танишларига «сотилди»...
10
Ақлга сиғмайди: «Мувад-видео» эгалари бу мол-мулкларни гўёки 2010-2012 йилларда жиноий йўл билан топган даромадлари эвазига сотиб олган дейилади, бироқ ўттиз минг «шапка» эвазига сотилган ҳовли 2008 йилда, офис биноси 2006 йилда, дастлабки терговдаёқ банд солинган автомашиналар 2009 йилда сотиб олинганига биров эътибор берса, қани?!
«Хўш, унда бу мулклар қайси пулга олинган», дерсиз? Ана, ҳужжатлар тасдиқлаб турибди: А.Исломов 2006 йилдан то текширув бошланган вақт — 2012 йилгача «Мувад-видео» таъсисчиси сифатида уч ярим миллиард (!) сўмдан ортиқроқ дивиденд олган экан. Бунча маблағ шаҳар марказидан икки қаватли офис биноси, мебель цехи, қатор-қатор машиналар сотиб олишга етмоқ не, ҳатто ортиб ҳам қолади. Ё шубҳангиз борми?
11
Бунақа ҳукм шундоғича қолиб кетиши мумкинмас, албатта. Гап маҳкумларга шафқат қилишда эмас, суднинг мавқе нуқта назаридан ҳукмнинг «лаб-лунжи» тўғрилаб қўйилмаса, жуда юмшоқ айтганда, уят-да. Қолаверса, бу ишлар эрта-бир кун кўтарилмоғи бор. Чунки, «бир!» деганда озмунча ўзгаришлар содир бўлмаяптими?! Ана, Исломовларга нисбатан «иш очилган» пайтда (2012 йил) «Опанинг одамлари» еттинчи осмонда учиб юришганди. «Дело» ҳали суддан ўтиб-ўтмай (2014 йил) «Маликамиз»нинг қаноти қайрилди, унинг паноҳидагиларни эса бирин-кетин «тиқиб» қўйиш бошланди. Бунақаси етти ухлаб, тушингизга кирганми ўзи? Жазо муддатини ўтаётган А.Исломовни «Terra-Group» раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят юзасидан сўроққа келтирилиши-чи?
— Озодбек Назарбековнинг концертидан буларга «доля» берганмисан?..
— Берганман!..
— Қанча?
— А-анча...
12
...Қисқаси, 2016 йилнинг ўрталарига келиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари ҳукмнинг ака-ука Исломовларга тегишли қисмига протест киритди. Протест мазмуники, ошиб кетибди, оғажонлар, кўпгина айбловлар курак тугул, тувакда турмаяпти, судланувчиларга «босиб» жазо беришдан ташқари боридан мусодара қилиниши хусусида ҳам саволлар бисёр, алқисса, «иш» яна бир марта эзғилаброқ кўрилиши керак, бунақа ҳукм одил суднинг ойдек гўзал жамолига соя ташлайди, оҳай?!
Протест сабаб «иш» жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида қайта кўрилди. Бироқ шакл ўзгарди-ю моҳият ўша-ўша қолди: маҳкумлар зиммасидаги айрим айбловлар чиқариб ташланди, баъзилари қайта малакаланди, натижада ўн икки йиллик жазо саккиз йилга туширилди, тамом.
«Нег-а?» дейсизми? Жавоб аниқ: бу пайтга келиб, «иш»га «фатво» берганлар катта саҳнадан суриб ташланган бўлса-да, унинг ижрочилари мансабида ўтиришганди ҳали...
Йўқса, Исломовлар зиммасидаги «пора олиш» айблови (210-модда) «тижоратчини пора эвазига оғдириб олиш»га (1929-модда) квалификация қилинармиди? Яъники, аввал маҳкумлар ўзларининг хусусий биносини ижарага бериб, олган пули «пора» (?!) дейилган эди. Энди ўша бинони ижарачиларга бериш (!) учун уларга (кимлиги номаълум?!) «пора» (?) берган «аҳмоқлар»га айлантирилди?! Бировнинг хаёлига келмайдики, йўқни йўндириб юрган бу тадбиркорлар хусусий биносини кимгадир пора бериб(?), ижарага қўйгунча нархини тушириб қўйишга ақли етмайдими?! 2010-1012 йиллар мобайнида «жиноий фаолиятдан олган даромадлари» (243-модда) эвазига... 2008 йилда ҳовли, 2006 йилда офис биноси (яна денг,биржа савдосида!), 2009 йилда бир нечта автомашина олганлиги айблови-ку ўзгармай қолган... У ёғини сўрасангиз: маҳкумларни «ичкарида» ушлаб турган асосий айбловлар ҳам шу: 1929-модда билан тўрт, 243-моддага асосан етти йил жазо тайинланган... Асосий айбловларнинг аҳволи шу, қолганини тасаввур қилаверинг!
Куляпсизми ё куйяпсизми? Буниси ўзингизга тан!
13
Гапирсанг — мутаассибликда гумон қилинишинг мумкин, гапирмасанг — ҳар қадамда ўзини эслатиб тураверади: дунёнинг илоҳий қонуниятлари ҳам бор! «Қайтар дунё» деган гап, кўп айтилавергани боис сийқаси чиқиши мумкиндир, илло қувватини йўқотмайди! Ака-ука Исломовлар 2016 йилнинг кузагига бориб, бирин-кетин озодликка чиқиши, кўп ўтмай уларнинг бошига шафқатсиз балолар ёғдирган «фатво»чилар орқасидан ижрочилар ҳам бирма-бир ҳибс этилиши замирида ўша ўлмас қонуниятлар ётмайдими? Не-не генераллар ишдан олинди, бири умрбод қамоқ жазосига мустаҳиқ этилди ҳатто, ўзи «зам» бўлишига қарамай унча-мунча «биринчилар»дан дасти узу-ун прокуратура амалдорининг оиласи билан «олиб кириб» қўйилиши куни кеча эртакнинг ўзгинаси эмасмиди?
14
...Исломовлар қамоқдан чиққанига икки йилдан ошди. Кенжаси — Абдушукур элликка кирган бўлса, тўнғичи олмишни қоралаб қолди. Бу ёшда боридан айрилиб, ижарама-ижара яшаб, камига барчасини бошқатдан бошлаш ҳар кимгаям эмас. Кенжа Исломов илгари уддабуро тадбиркор бўлса, бугун малакали ҳуқуқшунос, қалами анча қайралган «ёзувчи»га айланиб улгурибди: қонунларни титиб, ёзаверса-ёзаверса, одамзоднинг янги ва янги қирралари очилиб бораверар экан-да.
Бироқ натижа бўлса, қани?!
Не-не ваколатли идора раҳбарларининг қабулидан умидвор бўлиб чиқмади. Ой ўтмай келган жавоб хатларида қабулдаги гапларнинг тескариси ёзилган бўлади, денг?! Ваҳоланки, шикоятларда мурувват эмас, жилла қурса, бор-йўғи икки йил аввал, Олий суд ўз ажрими орқали ҳукмда кўрсатилган камчиликлар қуйи судларда сифатли адо этилиши сўралмоқда, холос: «Бир неча йил «ўтирдим», кўрмаган азоб-қийноқлар қолмади, умрим елга учди... жилла қурса, мулкимни қайтаринглар, уларни жиноят эмас, меҳнат қилиб топганман, ахир?!». Энг юқори суд ўзи кўрсатиб берган камчиликлар қуйи судда қўл учида бажарилганини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олаётгани ажабланарлими?. Қайдам. Бу борада гап-сўзлар етарли. Бироқ уларни на айтмоққа тил боради, на ёзмоққа қўл...
Турсунали АКБАРОВ,
журналист
Xabar.uz
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш