Ногирон болалар ва қарияларни парваришлаётган шахслар учун пенсия қонунчилигини ўзгартириш таклиф этилди
Халқ-демократик партияси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонундаги касалликка чалинган болалар ва қарияларни парваришлаш билан шуғулланган шахсларнинг пенсияга чиқишига тўсқинлик қилаётган чекловларни бекор қилишни таклиф этмоқда.
«Народное слово» газетаси хабарига кўра, депутатлар томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда ногирон болаларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган таҳлиллар, 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг 98 фоизи уй шароитида ўз ота-онаси қарамоғида тарбияланаётганини кўрсатган. I гуруҳ ногиронлари ва ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қариялар ҳам асосан худди шундай шароитда яшайди. Парваришлаш билан шуғулланган қариндошлар одатда узоқ муддат ишлай олмай, пенсияга чиқиш вақтида муаммоларга тўқнаш келадилар. Натижада пенсия ёшига тўлганда ҳам пенсия тайинлаш учун зарур иш стажини тўплаш ниятида ишлашда давом этишга ёхуд нафақа (зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун) олишга мажбур бўладилар.
Бунга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун нормаси сабабчи, унда фуқароларнинг кўрсатилган тоифасини парваришлаш даври умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирдагина иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган. Мазкур чеклов сабабли ўзгалар парваришига муҳтож бўлган қариндошларига қаровчи кўпчилик фуқаролар пенсия тайинлаш учун зарур стажни тўплай олишмаяпти.
Депутатларнинг фикрича, яқинларини парвариш қилишга ўзини бахшида қилганлар олдига бундай чекловлар қўйилмаслиги даркор. Шу муносабат билан парламентарийлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисми «д» банди, шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмидаги амалдаги чекловларни истисно қилишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этди.
1 изоҳлар
1.Рухсора Азаматовна
Салом. Ман Навоий вилояти Кармана туманида яшайман. 1978-йилда тугилганман. Маълумотим олий, укитувчиман. 40-ёшда турмушга чикдим, шаърий никох бн ота уйимда яшайман.Оилада беш фарзандмиз. Икки акам ва бир укам тугма кузи ожиз 1-гурух ногирони. Отам Турдиев Азамат Исматович 2010-йилда, онам Турдиева Мухаббат Низомовна 2017-йилда вафот этишган. Хозирда икки нафар кузи ожиз 1-гурух акамларни узим парвариш киламан. Бир нафар соглом акам ва кузи ожиз укам улар оилали биздан алохида яшашади. Ногирон акамларни бир узим парваришлайман. Яна ижтимоий булимдан бир ходим бириктирилган хафтада уч кун бир келиб ишларимга карашиб кетишади. Мани энг кийнаётган муоммо биздан алохида яшаётган ака укамлар мерос талашиб, куп жанжал чикариб, турли гап сузлар билан тинчлик бермайди. Ногирон акамдарни саховат уйига топшириб, узим уйдан чикиб кетишимни талаб килишади. Ота онам вафотидан сунг уй томини таъмирлатдим, ховлини кайта кадастр килдирдим, бахолатдим. Лекин судга бериб мерос масаласини куриб чикиш учун етарли маблаг тополмадим. Илтимос бизга ухшаган инсонларга шунака вазиятларда бирор имтиёз ёки ёрдам беринглар. Имтиёзли ипотека кредити ажратилса бошка ховли олиб кучиб чикар эдим. Икки нафар акамларни саховат уйига топшириб уларни дилини огритишни хохламайман. Ахир уларни деб барча орзу хавасимдан воз кечиб яшаб келдим. Илтимос конунлардаги имтиёзларда шундай холатларга хам эътибор каратинглар.
Изоҳ қолдириш