Катта миқдордаги гиёҳванд модда билан Ўзбекистонда қўлга тушган тожик генерали 28 йилга қамалди
Тожикистон Олий суди Республика Ички ишлар вазирлиги Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармасининг собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал-майор Файзулла Гадоевни 28 йилга озодликдан маҳрум этди. Гадоев шу йилнинг ёзида Ўзбекистонда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси билан қўлга олинган.
Asia-Plus маълумотларига кўра, Гадоев Тожикистон ҳудуди орқали афғон гиёҳванд моддаларини Ўзбекистонга олиб ўтишда гумонланиб, уни қўлга олиш режаси икки қўшни давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган.
«Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан жуда кўп миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси, катта миқдордаги нақд пуллар топилди ва мусодара қилинди», – дея хабар берган нашр манбаси.
Қўлга олинганидан Ўзбекистон махсус хизматлари Файзулло Гадоевни Тожикистонга топширишди.
Файзулло Гадоев Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган.
У Тожикистон ИИВ Гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси билан кураш бошқармаси бошлиғи лавозимидан бўшатилгандан сўнг, 2007 йилда республика ички ишлар органлари пенсионери ҳисобланган.
Файзулло Гадоев Тожикистон Олий судининг 2018 йил 15 октябрдаги ҳукми билан 28 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, «милиция генерал-майори» махсус унвони, илгари топширилган барча кўкрак нишонлари ва медаллари ҳам бекор қилинди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш