Ёш актрисанинг қотиллари узоқ муддатларга “кесилди”
Тошкентда актрисани қасддан ўлдириб, жасадини каналга оқизиб юборган қотилларга қамоқ жазоси тайинланди. «Бир жиноят изидан» кўрсатувининг навбатдаги сонида мазкур ваҳшиёна қотиллик тафсилотлари маълум қилинди, деб ёзади Хабар.uz.
2018 йилнинг 6 январь куни Юнусобод туман ИИБга Аҳмадқулова Нодира жияни Султонова Нилуфар шу йилнинг 2 январь куни тахминан соат 12.00 да уйидан ўзининг «Спарк» русумли машинасида чиқиб кетиб, бедарак йўқолгани ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Нилуфар Султонованинг касби актриса бўлиб, қатор сериал ва клипларда турли ролларни ижро этган.
Текширув-суриштирув ишларига кўра, Нилуфар охирги марта Турғунбоев Пўлатжон билан учрашгани аниқланади.
Аниқланишича, 2 январь куни тахминан соат 16.00 атрофида Пўлат Нилуфар билан учрашади. Унга дўсти Бобур Умаровни Ғазалкентдаги уйига олиб бориб келишини айтиб, Нилуфарни ҳам ўзлари билан олиб кетишади. Улар Пўлатнинг «Эпика» машинасида Тошкент вилояти томон йўл олишади.
Пўлат машинани Тошкент — Ғазалкент йўлида овлоқ бир жойда тўхтади. Орқада ўтирган Бобур Нилуфарнинг бўйнига сиртмоқ солмоқчи бўлганида буни сезиб қолган қиз машинадан тушиб қочишга уринади. Уни яна зўрлаб машинага ўтқизишади. Қаршилик қилган Нилуфарнинг ўнг қўл билак соҳасига пичоқ санчади.
Нилуфар ошиқ йигити Пўлатга илтижоли боқиб ундан ёрдам сўрайди. Ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай кўрсатган Пўлат қизни шифохонага олиб боришга ваъда беради.
Қон оқиши натижасида ҳолсизланиб бораётган Нилуфарнинг бўйнига орқа ўриндиқда ўтирган Бобур яна сиртмоқ солади. Ожиз қолган қиз унга қаршилик қилолмай қолади. Ошиғи Пўлат эса унинг қўлини ушлаб туради.
Сўнгра икки жиноий шерик мурдани машинанинг орқа багажига солиб, Нилуфарнинг «Спарк» машинаси қолдирилган жойга қайтиб келишади. Мурдани «Эпика»дан олиб «Спарк»нинг орқа багажига солишади. Сўнгра машинани Пўлатнинг уйига ҳайдаб кетишади.
Ўша куни соат 23:30 ларда Нилуфарнинг мурдасини Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи «Дамариқ» каналига оқизиб юборишади.
Жиноят вақтида ишлатилган пичоқ ва арқонни ҳамда бошқа ашёвий далилларни ҳам каналга ташлаб юборади.
12 январь куни Тошкент вилоятининг Тошкент тумани Кўксарой ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дамариқ» каналидан Нилуфарнинг мурдаси топилади.
Жиноятчиларга нисбатан Тошкент вилояти Жиноят судида ҳукм ўқилди. Унга кўра Турғунбоев Пўлатжонга ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в», «и», «б» бандлари билан 19 йил муддатга, 164-модда 3-қисми «г» банди билан 14 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда «Қисман тайинловга жазо қўшиш» йўли билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Умаров Бобурга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в», «и», «б» бандлари билан 17 йил муддатга, 164-модда 3-қисми «г» банди билан 12 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда «Қисман тайинловга жазо қўшиш» йўли билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш