«Каптива»нинг «шапка»си ерга тушди



 
  Расм манбаси : “Huquq” газетаси

Суҳроб Баротов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ақлли, билимли, олий маълумотли йигит. Унинг биргина хатоси бу таърифларга соя солди. Ўзи аввалдан билган Нигора исмли аёл орқали Умида Бўстонова билан танишган эди.

Бир куни Суҳробга янги таниши Умида қўнғироқ қилиб, «2 та юкағдарувчи «Лигини» русумли қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун мўлжалланган техникаларим бор. Шуларни сотишга ёрдам беринг», дейди. Суҳроб эса: «Ҳаракат қиламан, агар харидор чиқиб қолса телефон қиламан», деб хайрлашади. Техникаларни оладиган киши топилмади. Шу тариқа бу савдо ниҳояланди.

Орадан бир неча кун ўтгач, Суҳроб таниши Умиданинг «Каптива» харид қилмоқчи эканлигини эшитиб, кўнглида ғараз ният ўрмалаб қолди. Ғаразли мақсадини амалга ошириш учун Умидага ўзи қўнғироқ қилиб, «Ситора авто савдо» МЧЖда ишлайдиган қариндошим бор. Агар тезроқ машина минмоқчи бўлсангиз, навбатдан ташқари автомобиль олиш учун шартнома олиб беришим мумкин», деб уни алдайди. Ўз навбатида ишонарли бўлиши учун орада С.Баротов автосалонда ишлайдиган қариндоши Эркин Жўраевга телефон қилиб, автомобиль харид қилиш учун шартнома тузишда қандай ҳужжатлар кераклигини сўраб олади. Хуллас, Умида рози бўлади. Шундан сўнг С.Баротов: «Фақат биласиз, ҳозир ҳеч бир ишни шундайга қилиб бўлмайди, бироз харажати, яъни «шапкаси» бор», деб қистириб ўтади.

– Қанча экан?

– 2000 АҚШ доллари берсангиз, ишимиз битади.

– Бунақа пулим йўқ. 1500 топишим мумкин.

– Бўпти келишдик.

Жорий йилнинг 15 май куни Умиданинг қўл телефонига «ишингиз битди» деб СМС-хабар келди. Келишилган жойда «корчалон» билан учрашган аёл айтилган пулни узатди. Кимёвий ишлов берилган долларларни ўзиники қилишга улгурмаган С.Баротов жиноят устида қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзини таништирганида, Суҳробнинг қўлида турган «Каптива»нинг «шапкаси» ерга тушиб кетди.

Суд ҳукмига биноан С.Баротов айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Рамзиддин Нуритдинов,

Бош прокуратура департаментининг Бухоро шаҳар бўлими катта инспектори

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-27 18:39:55  |  2097 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация