Жиноят ортидаги жиноят



 
  Расм манбаси : “Huquq” газетаси

Ўттиз ёшида раҳбарлик курсисига етишган Салим  Мираҳмадов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) афсуски бу мақомда кўп вақт қола олмади. Қилмишининг охирини кўра-била туриб қилган ножўя хатти-ҳаракати сабаб бир йилга бормай раҳбарлик курсисини суднинг қора курсисига алмаштирди.

«Таърифи»ни келтираётганимиз С.Мираҳмадов 2014 йил апрель ойидан 2015 йилнинг бошларига қадар «Ипотека банк»нинг Шайхонтоҳур филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб, одил судловга қарши жиноятлар туркумига кирувчи – суд ҳужжатини ижро этмаслик ҳамда бошқарув тартибига қарши жиноят туркумига кирувчи – пора бериш жиноятларини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Гап шундаки, Тошкент шаҳар хўжалик судининг (у пайтда иқтисодий судлар ва Мажбурий ижро бюроси ташкил этилмаган эди) 2014 йил 23 апрелдаги даъвогар Миробод  туман Давлат солиқ инспекциясининг филиал мижози бўлган жавобгар «Sifat-Saba-Qurilish» МЧЖнинг мол-мулки ҳисобидан 665 млн. сўмга яқин солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш мақсадида Суд ижрочилари департаментининг Миробод  туман бўлими томонидан ишга киришилади. Суд ижрочисининг 2014 йил 2 июлдаги қарори билан МЧЖ ҳисоб рақамига банд солинади. Шу тариқа филиал бош­қарувчиси гарданига қарз­дорнинг ҳисоб рақамидаги пул маблағларини рўйхатга олиш ва белгиланган ҳисоб рақамига ўтказиш мажбурияти юклатилади.

Бир қарашда барчаси аниқ-равшан, ноқонуний ҳаракатланишга асос йўқдек. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор экан. Банк мижози саналмиш мазкур МЧЖнинг банкдан кредит қарздорлиги ҳам мавжуд бўлиб, айнан шу сабаб филиал бошқарувчисини «бурнидан илинтирди». 2015 йилнинг 5 декабрида жамиятнинг ҳисоб рақамига 877 млн. 800 минг сўм келиб тушади. Бу ҳолатда С.Мираҳмадов инкассо топшириқномасига асосан ушбу маблағнинг 664 млн. 847 минг 370 сўмини МЧЖ­нинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарздорлигини сўндириш учун Департаментнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминлаши керак эди. Бироқ у бундай қилмади. Суд ҳужжатининг ижросини бир четга суриб қўйиб, мазкур маблағдан 591 млн. 901 минг сўмини жамиятнинг кредит қарздорлигини қоплашга йўналтиради. Тўғри, бу билан у фақат ўзининг киссасини қаппайтиришни ўйламади. Йил якуни бўлганлиги сабабли банкнинг рейтингини ошириш, ходимларнинг мукофот пули олиши учун «қаҳрамонлик» қилгандай бўлди. Бироқ, буни суд ҳужжати ижросига тўсқинлик қилиш йўли билан амалга ошириши жиноят эди.

Жамият ҳисоб рақамига пул келиб тушганидан сўнг суд ижрочиси банкдан пул маблағларини МЧЖнинг давлат олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтиришни сўрайди. Шундан сўнг филиал бошлиғининг пайтавасига қурт тушиб, қўлини оёғига олганича ижрочининг ҳузурига ошиқади. Негаки унинг қилмиши ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар топгудек бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини яхши биларди. У ижрочи билан учрашиб, пулларни белгиланган тартибда Департаментнинг махсус ҳисоб рақамига йўналтирмай, кредит қарздорлигига ушлаб қолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаслиги учун унга 3 минг АҚШ доллари таклиф қилади. Шу тариқа С.Мираҳмадов бир жиноятни ёпаман деб, бош­қасига қўл уришга мажбур бўлди ва бундай ҳаракатлари охир-оқибат ўзининг зиёнига ишлади.

2015 йилнинг 10 февраль санасида 3 минг «кўки»ни кўтариб, ижрочининг олдига борган филиал бошқарувчиси пора бераётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилиб, С.Мираҳмадов 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Илҳом ҚОСИМОВ,

Бош прокуратура бошқарма АМИБ катта терговчиси

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-19 18:30:24  |  2375 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация