ЎЗБЕКИСТОНДА “МИРАНДА ҚОИДАСИ” НЕГА ИШЛАМАЯПТИ?



 
  Расм манбаси : WEMU

Голливуд фильмларида бир ҳолатга кўп дуч келамиз: жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаган полиция ходими энг аввало фуқарони сукут сақлаш ҳуқуқи борлиги, ҳар қандай кўрсатуви ўзига қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Аммо биз учун, аксинча, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қўлга тушган фуқародан имкон қадар кўпроқ маълумот олишга интилиши табиий ҳолдек туюлади. Шу боис ҳатто киноларимизда ҳам қўлга олиш жараёни акс этган лавҳаларда фуқаролар ҳуқуқлари тўғрисида огоҳлантирилганини кўрмаймиз.  Ваҳоланки, бу қоида бизда ҳам жорий этилганига анча бўлди — у 2009 йил бошидан буён қонунчилигимизда мавжуд. Хўш, унда муаммо нимада? Нега орадан шунча йил ўтса-да бу қоиданинг бизда ҳам борлигига ҳамон кўникмадик? Қуйидаги мақоладан тадқиқотчи муаллифнинг шу ҳақдаги мулоҳазалари ва таклифлари ўрин олган.

“Миранда қоидаси” шартлари қандай?

АҚШда пайдо бўлиб, шартли равишда “Миранда қоидаси” деб юритиладиган мазкур қоида тарихи «Миранда Аризонага қарши» номли жиноят иши билан боғлиқ бўлиб, 1963 йилда одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятини содир этганликда гумон қилиниб полиция томонидан ҳибсга олинган Эрнесто Артуро Миранда исмли шахснинг адвокати томонидан билдирилган эътироз АҚШ Олий суди томонидан тан олиниши натижасида амалга жорий этилган. Яъни ўшанда олий маҳкама ўз қарори билан шахснинг ҳар қандай кўрсатувлари унга ҳуқуқлари тушунтирилганидан кейин олиниши кераклигини ва судда айблов томонидан бу исботлаб берилиши шартлигини, акс ҳолда у мақбул далил сифатида қабул қилинмаслигини белгилаб қўйган [1].

“Миранда қоидаси”га кўра АҚШда гумон қилинувчи қуйидагилар билан таништирилиши шарт:

— сукут сақлаш ҳуқуқи борлиги;

— ҳар бир айтган сўзи судда ўзига қарши далил сифатида ишлатилиши мумкинлиги;

— адвокатга эга бўлиш ҳуқуқи борлиги;

— агар адвокатга пул тўлаш имконияти бўлмаса, давлат томонидан адвокат билан таъминланиши.

Шунингдек, гумон қилинувчидан ушбу ҳуқуқларини тушунган ёки тушунмаганлиги ҳам сўраб тасдиқлатиб олинади.

Мазкур қоида бугунги кунда барча давлатлар конс­титуцияси ва қонунлари ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умум­эътироф этилган нормага айланган. Аммо, шунга қарамасдан, “Миранда қоидаси” турли давлатлар қонунчилигида турли хилда ўз ифодасини топганини ҳам кўришимиз мумкин. Бунда кўпроқ юқоридаги шартларга яна қўшимча бандлар киритилгани кўзга ташланади.

Масалан, АҚШнинг ўзида ҳам Техас, Аризона ва Калифорния каби штатлар қонунчилигида: “Агар Сиз Америка Қўшма Штатлари фуқароси бўлмасангиз, саволларга жавоб беришдан аввал ўз мамлакатингиз консули билан алоқада бўлишингиз мумкин” деган қўшимча огоҳлантириш мавжуд.

Германиянинг жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ эса гумон қилинувчи (айбланувчи)га биринчи сўроқ олдидан қандай ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётгани (айбланаётгани) маълум қилиниб, у мазкур жиноят ҳақидаги жиноят кодексининг тегишли моддаси билан таништирилиши, шунингдек унга айбловга нисбатан ўз муносабатини билдириш ёки билдирмаслик, ҳар қандай вақтда ва сўроқ қилингунга қадар ўзи танлаган адвокат билан холи учрашиш каби ҳуқуқлари таништирилиши кераклиги белгилаб қўйилган ва ҳоказо.

Ўзбекистон қонунчилигида “Миранда қоидаси”

2008 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, 2009 йилнинг 1 январида кучга кирган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ЖПКнинг 48 ва 224-моддалари янги таҳририда “Миранда қоидаси” шартлари ҳам акс этганини кўришимиз мумкин. Яъни, 48-модданинг биринчи қисмида гумон қилинувчининг ҳуқуқлари баён қилинган бўлса, 224-модданинг биринчи қисмига кўра «Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ... гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдиришлари ... шарт. Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт...».

Бизда нима етишмаяпти?

Кўриниб турибдики, гарчи бирон жойда “Миранда қоидаси” деб эътироф этилмаган бўлса-да, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида ушбу қоида ўз аксини топган. Аммо биз уни хориж қонунчилиги билан таққослаганимизда арзимасдек туюладиган фарқларга дуч келдик. Жумладан, АҚШ мисолида оладиган бўлсак, “Миранда ҳуқуқлари” ҳақида шахсга огоҳлантириш берилиши шарт бўлган вақт уларда аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Яъни фуқаро қўлга олиниши жараёнидаёқ бу талаб бажарилиши шарт (Зеро, юқорида ҳикоя қилганимиздек, “Миранда қоидаси”нинг АҚШ қонунчилигида алоҳида мустаҳкамлаб қўйилишига полиция томонидан шу талабнинг бажарилмагани сабаб бўлган эди). Икинчи тафовут эса “Миранда ҳуқуқлари”га доир огоҳлантириш қўлга олинган шахсга тўла-тўкис берилмаслиги ҳолатининг далиллар мақбуллигига таъсири масаласи. АҚШда Миранда ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмасдан олинган ҳар қандай кўрсатув ёки тўпланган далиллар номақбул ҳисобланиши қатъий белгилаб қўйилган, Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилигида эса бундай алоҳида қоида мавжуд эмас. Гарчи ЖПКнинг “Далилларнинг мақбул эмаслиги ҳақидаги 95-1-моддасида “Агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ушбу Кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса ... улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади” деб кўрсатилган бўлса-да, ушбу моддада бундай ҳолатларнинг санаб ўтилгани қонунни қўллашда тушунмовчиликни келтириб чиқаради. Яъни шу саналганлардан бошқа ҳолатлар далиллар номақбуллигига асос бўлмайдигандек тасаввур пайдо қилади. Улар орасида эса қўлга олинган шахсни “Миранда қоидаси” ҳақида огоҳлантирилмасдан олинган далиллар кўрсатилмаган. Эҳтимол, бизда “Миранда қоидаси” амалда ишламаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам шундадир.

Қонунчиликка тузатиш киритиш керак

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3723-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”нинг иккинчи бўлимида жиноят-процессуал тамойиллар тизимини замонавий ёндашувлар, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш, шунингдек, жиноят-процессуал қонунчиликдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш вазифалари белгилаб қўйилган.

Шундай экан, дунё тажрибасида аллақачон инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим қисмига айланган “Миранда қоидаси”нинг бизда ҳам амалда ишлашини таъминлаш чораларини ҳам кўришимиз ҳам мақсадга мувофқдир. Бу эса, бизнинг назаримизда, қонунчилигимизни юқорида қайд этилганлар каби етишмаётган меъёрлар билан тўлдиришни тақозо қилади. 

1. Мазкур суд жараёни ҳақидаги батафсил маълумотларни мақоланинг “Advokat” журналида чоп этиладиган тўлиқ матнида ўқишингиз мумкин.

Турдимурат УТЕНИЯЗОВ,

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

2020-05-17 02:21:59  |  3067 |   0  | 

1 изоҳлар

Бизда хам “Миранда қоидаси”ни амалда қўлласа бўлади. Бироқ унинг учун Ҳуқуқни мухофаза қилувчи Давлат идоралари ходимдари (ИИО, ДХХ, Прокуратура, Депортамент, ДСИ, Божхона ва боўқа х.к) Давдат идоралари ходимлари бунга тайёр эмас. Уларни Мутахассисликка кириш хақидаги фАННИ Ўқитаётганида амалиётда қўллаш кераклиги ҳақида уларни ҲЕЧ КИМ хеч қачон ўргатмаган ва амлиётда шундай ходимлардан ҳеч ким талаб қилиб олмаган. Мана энди шу нарсалар керак бўлганлигини тушуниб етишиб хамма ўзичасига ақилли бўлиб таклифлар беришмоқда. Буна Хар бир Давлат идораси ходимини ишга кираётганида ўргатиб тарбиялаш керак. Хозир хам ҳеч ким халақит бераётгани йўқ. Бунинг учун алоҳида қонун қабул қилиш хам керак эмас. Давлат идоралари ходимларини тарбиялаш ва уларни шунга ўргатиш керак холос. Бизда амалиётда улар хозирда бунга тайёр эмаслиги кўринмоқда.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация