ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ МАҚБАРАСИ
Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор деган мавзеда буюк ислом саркардаси, юртимизда ислом динининг ёйилишига беназир ҳисса қўшган тобеъин, милодий 714 йили шаҳид бўлган Қутайба ибн Муслим (РАҲМАТУЛЛОҲИ алайҳ)нинг қабри жойлашган. Бу маскан юртимиздаги мусулмонлар зиёрат қиладиган учинчи муқаддас макондир.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли мақбара яқинидаги қайрағоч танасидан томиб турувчи шарбатни инсонга тетиклик бахш этувчи ичимлик сифатида истеъмол қилиш учун ташриф буюради. Айтишларича, зиёратчининг нияти ва ихлосига кўра бу шарбат кўплаб хасталикларга ҳам шифо бўлар экан.
Хабарларга қараганда, сайёҳликни ривожлантириш дастурига кўра мақбарада улкан таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда дастлабки ҳаракатлар бошланган.
Буюк ҳодиса сабабчиси
Инсоният тарихининг энг буюк ҳодисаси Пайғамбаримиз Муҳаммад (САЛЛОЛЛОҲУ алайҳи васаллам)нинг Ислом динини келтириши бўлганини яхши биламиз. Бундан кейинги энг буюк ҳодисаларни эса уламолар асҳоби киром ва тобеъинларнинг динга хизмати ҳамда Ўрта Осиё туркларининг мусулмон бўлиши деб таъкидлаганлар. Зеро, турклар мусулмон бўлганларидан кейин Ислом динини дунёга ёйишга беназир ҳисса қўшдилар. Эски Туркистон диёрининг шаҳарлари дунёнинг энг катта илм ва маданият ўчоқларига айланди. Юртимиздан минглаб олим ва авлиёлар етишиб чиқди. Шу заминда юз мингдан ортиқ китоблар ёзилди.
Назарга тушган ёш саркарда
Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий 49 ҳижрий, 669 милодий йилда Ироқда, амир ва саркардалар оиласида дунёга келди. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим ибн Амр ибн Ҳусойн ал-Боҳилийдир. Отаси Муслим ибн Амр Ироқ волийси Мусъаб ибн Зубайрнинг ҳамсуҳбатларидан эди.
Қутайба ёшлигидан от минишни ўрганиб, моҳир чавандоз бўлиб етишди. У болалик чоғлариданоқ қилич ва найзаларга ошно эди. Отда чопишни жуда яхши кўрарди. Бундан ташқари, Қутайба болалик давридаёқ илм ўрганишга киришди ва тез фурсатда Қуръонни, фиқҳни ҳамда жанг санъатини мукаммал тарзда ўзлаштирди.
Ироқ минтақаси ўша пайтларда фитна ва инқилоблар ўчоғига айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Ироққа волий бўлган ҳар бир шахс аҳолининг инқилобий имкониятларидан исломни кенг ёйишда фойдаланар – бу диёр шарқий ўлкаларга жанговар қўшинларни юборадиган ҳарбий база ҳисобланарди. Қутайба ҳам ўсмирлик чоғларидан бошлаб ушбу ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлади. У мазкур юришлар давомида ўзининг нақадар шижоатли жангчи эканлигини, беназир етакчилик қобилияти борлигини намойиш қилди. Ўша кезларда Қутайба буюк саркарда Миҳлаб ибн Абу Суфранинг назарига тушиб қолди. Миҳлаб, ўз навбатида, қўмондонликни уддалай оладиган, жанг санъатини яхши эгаллаган кишиларни дарров пайқаш қобилиятига эга эди. У Қутайбанинг ҳам келажакда буюк фотиҳ ва қўмондон бўлиб етишишини англаб етди ва Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийга Қутайбага алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини тавсия қилди.
Муҳим иш масъулиятига лойиқ зот
Ўз навбатида Ҳажжож ҳам паҳлавон, шижоатли ҳамда қўшинга етакчилик қила оладиган кишиларни жуда яхши кўрар эди. У Қутайбани ҳар томонлама синаб кўриш мақсадида унга бир нечта муҳим топшириқ берди. Қутайба эса Ҳажжожнинг топшириқларини керагидан ҳам ортиқ қилиб бажариб, унинг ишончини тўлиқ оқлади. Халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида Ҳажжож Қутайбани аввал Рай, кейинчалик (милодий 705 йилда) Хуросонга волий қилиб тайинлади. У Шарқ ўлкаларини фатҳ этиш учун Қутайбадан яхшироқ номзодни топа олмаслигини биларди.
Зеро, бу саркарда қўл остидагиларга нисбатан адолатли, юксак ахлоқли, ҳақиқатгўй, айни пайтда, истеъдодли, қатъиятли ва иродаси мустаҳкам инсон эди. У юзаки камтарликни ёқтирмас, интизомни мустаҳкам сақлар, ҳар қандай ишни маслаҳат ила амалга оширарди. Шунингдек, у шарафга эга адиб ва олим сифатида ҳам танилганди.
Шундай қилиб, бу муҳим ишга Қутайба масъул этиб тайинланди (Хуросон у пайтларда Ироқ ўлкасининг қўл остида эди).
Туркистонда Ислом чироғи ёқилди
Қутайба ибн Муслим ўз зиммасидаги вазифани жуда юқори даражада амалга оширди. Айнан унинг тўғри сиёсати, тарғиботи ва меҳнати эвазига Ўрта Осиё туркларининг ҳеч қандай қаршилик кўрсатмай мусулмон бўлишига эришилди. Натижада миллионлаб аҳолининг бу тарзда бирданига мусулмон бўлиш обрўйи фақатгина туркларга тегишли бўлган фазилат сифатида тарихда қолди.
У 87 ҳижрийда (милодий 706) Зарафшон водийсини забт этди. Водийнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Пойкентга кириб келди. 89 ҳижрий (милодий 708) йили Марв ва Кешни, 90 ҳижрий (милодий 709) йили Бухорони забт қилади. 93 ҳижрий (милодий 712) йили Хоразм ва Самарқандга борди. 94 ҳижрий (милодий 713) йилнинг баҳорида Шошга, ундан – Фарғона водийсига, то Хитойнинг Қашқар ва Урумчисигача етиб борди.
Қутайба ибн Муслим қайси шаҳарга кириб келса, аввало, ўша шаҳар халқини Ислом динига даъват қилар эди. Ўз ихтиёри билан Исломни қабул қилганларни рағбатлантирар, ҳар хил имтиёзлар берарди. Масалан, ер солиғидан, ўғилларини суннат қилганларни жизя (жон) солиғидан озод қилган. Бу у зотнинг динни ёйишдаги уддабуронлигидан бўлса, берган имтиёзлари халқпарварлигидан эди.
Қутайба ва унинг сафдошлари эринмасдан, тинмасдан қабилама-қабила, уйма-уй юриб, халққа Исломни тушунтиришга, уларни диний йўлда ўқитиб-ўргатишга ва алалоқибат Туркистонда Ислом нурининг порлашига эришдилар.
Мисли кўрилмаган ибратли воқеа
Қутайба ибн Муслимнинг адолатпарварлиги ва халқпарварлиги, ҳар қандай ҳолатда адолат билан иш тутганини тарих манбаларида келтирилган қуйидаги воқеа ҳам яққол намоён этади.
Одамлар масжидга йиғилишди. Муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқазди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб, даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб, даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Бошқа мамлакатларга эса уч танлов: Ислом ё жизя ёки ҳарбни таклиф қилади. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.
Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?” — деди.
Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга Исломни танитдик!”
Қози унга: “Эй Қутайба, уларни Исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?” — деди.
Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”.
Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса, муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам, биз уйимиздан покиза Ислом динини ёйишлик учун, жидди жаҳд қилиш учун чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ ундан олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”
Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва Пайғамбари (СОЛЛАЛЛОҲУ алайҳи васаллам) суннатининг татбиқи бўлади”.
Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди. Иш узоқ чўзилмай, Самарқанд аҳли тўла Исломни қабул қилди.
Мусулмон халққа буюк хизмат
Қутайба ибн Муслим Туркистонда жуда кўп масжидлар, азон айтиш учун миноралар барпо эттирди. Жумладан, Мовароуннаҳр диёридаги биринчи масжидни Бухоро шаҳрида 712 йилда қурдирган. Бухородаги авваллари будда ибодатхонаси, кейинчалик мажусийларинг олов уйи бўлган жойда Моҳирўз масжиди бунёд қилинди. Байкент шаҳрида эса меҳроби билан машҳур, санъат асари бўлган жомеъ масжиди барпо бўлди (ундаги қимматбаҳо тошлар билан безалган нақшли меҳроб яқин атрофдаги масжидларда учрамас эди). Самарқандда ҳам, шаҳар мусулмонларнинг қўлига ўтган куннинг ўзидаёқ, энг чиройли маҳаллалардан бирида масжид қурилишини бошлади. Умуман, Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Туркистондаги барча шаҳар ва кўплаб қишлоқларда масжидлар қурдирган. Лекин улар аввал мўғул истилоси, кейин рус истилоси даврида вайрон қилинди.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Бухородаги туркларнинг ярмидан кўпининг уйларига мусулмон арабларни меҳмон қилиб жойлаштиргани натижасида мусулмон бўлган туркларнинг араблардан Исломни ўрганиши осонлашганди. Бунинг фойдаси орадан кўп вақт ўтмай билинди — Бухородан кетма-кет исломнинг йирик олимлари чиқа бошлади.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари янги мусулмонларни намозга тортиш учун мукофот ҳам жорий қилганди. Жума кунлари жарчиларга баланд овоз билан “Жума намозини ўқиганларга икки дирҳам пул берилади” дея жар солдирди. Фақир-фуқаро бу пулни олиш учун тўда-тўда бўлиб масжидларга келишарди.
Улуғларнинг эътирофи
Буюк ислом олими Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари:
“Туркистон оташпараст эди. Бу ерга Қутайба ибн Муслим Ислом динини олиб келди”.
* * *
Исмоил Ҳаққий (р-ҳ.)нинг “Тафсир ул-Рух ул-Баён” китобидан:
“Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Жайҳунга етганида бирга келган аскарларига қарата: “Эй биродарлар! Қалбингизда заррача дунё (бир шаҳарни босиб олиш, бойлик ортириш, инсонларга зулм қилиш) умиди бўлса, шу ерда қолинг, қалбингизда Аллоҳ таъолонинг розилиги ва унинг динини етказиш бўлса, менга эргашинг деб, “Парвардигор, ўзинг гувоҳсан, бизларнинг қалбимизда заррача дунё умиди бўлса, шу дарёда чўктиргин, қалбимизда фақат сенинг динингни етказиш бўлса, бизларга шу дарёдан нажот бергин” деб дуо қилдилар ва дарёга от солдилар. Бутун аскарлари билан дарёдан саломат чиқдилар”.
Интернет манбалари1 асосида, исломшунос Обираҳмат АБДУЛҒАНИЙ таҳрири остида тайёрланди.
Манбалар рўйхатини тўлиқ кўрсата олмаётганимиз учун муаллифлардан узр сўраймиз.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш