Ишга кирдингизми? Меҳнат шартномаси тузишни талаб қилинг!



 
  Расм манбаси : Kadrovik.uz

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида бир қанча имтиёз ва преференциялар берилмоқда. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг жамият ва давлат тараққиётидаги ҳиссаси ортиб бормоқда. Энг асосийси, улар одамларни иш билан таъминлаб, оилалар фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Лекин амалдаги қонунчиликка зид равишда фуқароларни расман рўйхатдан ўтказмасдан ишлатаётган тадбиркорлар ҳам бор. Бундай ҳолда норасмий равишда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиб, келажакда пенсия таъминоти кафолатсиз қолмоқда, деб ёзади Самарқанд шаҳар прокурорининг ўринбосари Беҳзод Султонов “Huquq” газетасида.

Фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқи фақатгина қонуний фаолият кўрсатиши, жамғарилиб бориладиган пенсия дафтарчаларининг белгиланган тартибда расмийлаштириши ва «Халқ банки»даги ҳисоб-рақамларига иш ҳақи ва бошқа даромадларидан жамғарма маблағлари ўтказилиши орқали кафолатланади.

Айрим тадбиркорлар расмий равишда хусусий корхона ташкил этиб, унда 2 ёки 3 нафар ходимни расмийлаштириб қўяди, лекин ушбу корхонада норасмий равишда 10 ёки 20 нафаргача ишчи ишлайди. Ана шу ёлланма ишчилар ҳеч қанақа ҳужжатсиз, демак ҳуқуқсиз қолиб кетаверади. Айниқса, бундай ҳолатни умумий овқатланиш шохобчалари, ресторанлар, базмгоҳлар, қурилиш ташкилотлари, фермер хўжаликларида  кузатиш мумкин. Бундай  корхона раҳбарлари ўзларининг фойдаларини кўзлаб, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қочиб, ҳам давлатга, ҳам ишчиларининг келажагига хиёнат қилмоқда. Норасмий ишлаётган ишчиларнинг ўз келажагига бефарқлиги ёки ҳуқуқларини билмаслиги бунга шароит яратмоқда.

Иш берувчиларнинг фуқароларни тегишли равишда расмийлаштирмаслигининг биринчи сабаби солиқ тўловларидан қочиш бўлса, баъзида меҳнат қонунчилигини яхши билмасликлари, шунинг­дек, тадбиркорлар учун яратилган имтиёзларни англаб етмаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Азиз фуқаролар, ишга кираётган вақтингизда иш берувчидан меҳнат шартномасини тузишни, меҳнат дафтарчаси юритишни ва тегишли буйруқ билан расмийлаштиришни талаб қилинг. Шунда сизнинг меҳнат ҳуқуқларингиз кафолатланади. Сиз билан тузилган меҳнат шарт­номасида шартнома муддати, иш вақти, иш ҳақи, меҳнат таътиллари ва бош­қа яратилган меҳнат шароитлари аниқ акс эттирилган бўлиши лозим.

2018-10-19 18:18:42  |  2423 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация