Жиноят кодексига дронлардан фойдаланиш билан боғлиқ иккита янги модда киритилди
Ушбу моддаларда 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппарат (дрон)ларни олиб кириш, сақлаш ва фойдаланишга билан боғлиқ иккита янги модда киритилди.
244-4-модда. Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш
Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, – уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
г) баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, – уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, – беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, – саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.
248-1-модда. Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш
Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш ёки уларни бошқа шахсларга бериш тартибини бузиш, шунингдек улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш, – уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
г) баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, – уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, – беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, – саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, 260-1-модданинг (Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) биринчи қисми диспозициясидаги «шу жумладан учувчисиз учадиган аппаратлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш» деган сўзлар «(бундан самовий ҳудудда учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳоллари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Қонун матни ЎзАда эълон қилинган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш