Конституцион ўзгартишлар муҳокама қилинди



2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири умумхалқ референдумида қабул қилинди. Шу муносабат билан ҳудудларда Асосий қонунимиздаги янги нормаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган учрашувлар ўтказилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири 27 май, шанба куни Хоразм вилояти Адлия бошқармаси мажлислар залида вилоят адвокатлари билан бўлди. Тадбирда Республика Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси Баҳром Саломов ҳамда “Advokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминовлар иштирок этди.

Палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Руслан Анназаров учрашувни очиб, Баҳром Саломовга сўз берди.

Маълумки, Янги Конституциясида адвокатура институтининг мазмун-моҳияти кенг маънода ва юқори даражада эътироф этилиб, илк бор адвокат мақомининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Маърузачи ўз сўзида аввало мана шу ўзгаришларга урғу берди.

“Адвокатура мақомининг Бош қонунимизда аниқ ва қатъий баён қилинганини чинакам тарихий воқеадир. Зеро, бу кўп чалкашликларга барҳам беради. Аввалги узуқ-юлуқ 116-модда ўрнига Янги Конституцияда 141 ва 142-моддаларни ўз ичига олган алоҳида боб киритилди, уларда адвокатура мақоми, фаолият принциплари ва адвокат дахлсизлиги белгиландики, мазкур нормалар соҳага доир қонунчилик ҳужжатларида ҳам акс этиб, амалиётга татбиқ этилиши суд-ҳуқуқ тизимимизда жиддий ижобий ўзгаришларга замин яратади”, деди Баҳром Саломов.

Маърузачи, шунингдек, Конституциянинг янги таҳриридаги айбсизлик презумпцияси ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига доир нормаларга ҳам тўхталиб, улар муҳим процессуал аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида қонунчиликка қатор ўзгартишлар киритиш назарда тутилган. Жумладан, жорий йилда жиноят иши бўйича дастлабки тергов якунланганидан сўнг иш материалларини судга ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилиши кутилмоқда. Адвокат Баҳром Саломов ушбу амалиётнинг таклиф этилаётган процессуал тартиби мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди, яъни ҳимоячи жиноят иши бўйича ўз фикрини терговчини четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри судга тақдим этиши жорий этилган тақдирдагина мазкур амалиёт кутилган натижани бериши мумкинлигини урғулади.

Бундан ташқари, маърузачи адвокатлик касбига киришдаги 2 йил юридик соҳада стажга эга бўлиш талаби бекор қилинганига нисбатан ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бу иш аслида эзгу ният билан қилиняпти – адвокатурага янги қон керак, чунки соҳа вакилларининг аксарияти 50-60 ёшдан катта одамлар. Бироқ масаланинг бошқа томони бор: кеча олийгоҳни тамомлаган кадр бирданига адвокат бўлиб ишлаб кета олмайди. Мустақил фаолият юритиш учун муайян тажриба бўлиши керак, ҳеч бир фуқаро ўз тақдирини ғўр, малакасиз адвокатга ишонмайди. Бироқ, агар ёш адвокат бир неча йил тажриба учун шогирд ёки ёрдамчи мақомида юрадиган бўлса, унинг моддий эҳтиёжлари нима бўлади? 2 йиллик стаж талабни бекор қилиш билан бирга ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, махсус механизм ишлаб чиқиш зарур”, деди сўзи якунида Баҳром Саломов.

“Advokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳриридаги адвокатурага доир муҳим ўзгаришлар соҳа ривожида катта қадам бўлиши, одил судлов сифатини ошириш баробарида адвокатлик касбининг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилиши ҳақида гапирди, шунингдек, адвокатлардан умум манфаатлари йўлида – ўз профессионал ҳуқуқ ҳамда ваколатларини талаб қилишда, қонунчилик ташаббусларида фаолроқ бўлишга, соҳа ҳаётини ёритишда “Advokat” журнали таҳририяти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Учрашув якунида Баҳром Саломов адвокатларнинг йиғилиш мавзуси ва касб фаолияти билан боғлиқ кўплаб саволларига жавоб берди.

2023-05-28 09:05:14  |  1460 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация