Фарғона: Адвокатларнинг 10-сонли тергов ҳибсхонасига кириб чиқиши муаммо бўлмоқда



 
  Расм манбаси : Фото: "Bastion" телеграм-канали

Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонаси маъмурияти ҳимоясидаги шахслар билан учрашиш учун борган адвокатларни соатлаб кутишга мажбур қилмоқда.

Бу ҳақда бир неча адвокат 25 апрель куни “Bastion” телеграм-каналига мурожаатида маълум қилган. Мурожаатда адвокатлар яқинда Фарҳод Сиддиқжонов раҳбар бўлиб келганидан бери тергов ҳибсхонасида “янгича тартиб” жорий этилгани, яъни адвокатлар ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун ичкарига галма-гал киритилаётгани, натижада ташқарида энг ози ярим соат кутиб қолишаётгани ҳақида сўз боради.

“Advokat” журнали мухбири ушбу масала юзасидан бир неча адвокат, шунингдек Палатанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умид Бўтабоев билан боғланди.

“Ҳақиқат тарафдори” а/ҳ адвокати Дониёр Шарипов 25 апрель куни 10-сонли ТҲга борган адвокатлар ҳимоясидаги шахс билан учрашувни анча кутиб қолишганини, бироқ воқеа “Bastion” каналида ёритилганидан сўнг аҳвол яхшиланганини билдирди.

Бироқ Фарғона шаҳридаги “Guardlex” адвокатлик бюроси адвокати Холида Зикриёева айтарли ўзгариш бўлмаганини, адвокатларни ташқарида маҳтал қилиб қўйиш ҳануз давом этаётганини айтмоқда:

“10-сонли тергов ҳибсхонасида маҳбуслар ўз адвокатлари билан учрашадиган атиги 7 та хона бор эди, яъни учрашув хоналари етишмасди. Шунинг ҳам иккитасини кутиш зали ва яна бирини тинтув хонасига айлантиришди. Боз устига, яқиндан бошлаб ҳибсхонага адвокатларни галма-гал киритадиган бўлишди, яъни битта адвокат кириб чиққанидан сўнгина бошқасига рухсат бериляпти. Терговчи тергов ҳаракатини ўтказиш учун келса,бемалол кириб кетаверади, худди ўша иш бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши лозим бўлган адвокатни эса орадан анча вақт ўтиб, ичкарига олишади. Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат”, – дейди Х.Зикриёева.

Адвокатга кўра, 25 апрель куни ТҲга соат 9:30 ларда келган адвокатлар соат 11.00 лардагина ичкарига кира олганлар, ўшанда ҳам “Bastion” телеграмм-каналига мурожаатдан сўнг.

“Ҳибсхона ходимларига эътироз билдирсак, янги раҳбаримиз Фарҳод Сиддиқжонов буюрган, биз ҳеч нима қила олмаймиз, дейишди. Бошлиқнинг ёнига кирмоқчи бўлгандик, аллақаерга йиғилишга кетганини айтишди. Аммо воқеа телеграмм-каналларга чиққанидан сўнг ўзи ичкаридан чиқиб келди – ҳеч қаерга кетмаган экан”, – дея арз қилади адвокат.

Х.Зикриёева бугун, 29 апрелда тергов ҳибсхонасига иш билан борганида яна эскича аҳволга дуч келганини сўзлаб берди.

“Ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Эски ҳаммом, эски тос. Анча вақт кутиб қолдим. Бир ҳамкасбимизни бир соатда ҳам ичкарига киришга рухсат ололмагач, терговчилар ўзи чиқиб олиб кирибди. Айниқса, чеккароқ туманлардан борадиган адвокатларга қийин бўляпти”, дейди Х.Зикриёева.

Адвокат мазкур ҳолат амалдаги қонун ҳужжатларига, жумладан, ЖПКнинг 46, 48, 53-моддаларига хилофлигини, ТҲ мансабдор шахсларининг ушбу хатти-ҳаракатлари эса МЖтКнинг 197-1-моддасига кўра ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини таъкидлайди.

Адвокатлар палатасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умид Бўтабоев туман-шаҳар ИИБлари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа идораларда ҳар сафар раҳбар алмашганида мана шунақа “янги тартиб” жорий этилишини ва аҳволни “эпақага келтиргунча” адвокатлар анча вақт жон койитишларига тўғри келаётганини айтди.

“Ҳамма гап раҳбар кадрлар савиясида. Улар ўз идораси фаолиятини ислоҳ қилишни мана шунақа тушунишади ва, натижада, аҳвол енгиллашиш ўрнига бадтар бўлади.

10-сонли тергов ҳибсхонасидаги вазиятдан хабаримиз бор. Бир талай адвокатлардан шикоятлар бўлди, бу сурункали муаммо эканига шак-шубҳа қолмади. Энди келаси ҳафта бошида ҳудудий бошқарма номидан ТҲ раҳбарига расман хат билан чиқамиз. Шунда ҳам вазият ўзгармаса, процессуал таомил бўйича юқори идораларга мурожаат қиламиз”, деди Умид Бўтабоев.

“Advokat” таҳририяти воқеалар ривожини кузатади ва бу мавзуга яна қайтади.

2023-04-30 00:04:44  |  1256 |   0  | 

2 изоҳлар

Апрел 30, 2023  11:44

1.Неъматулло

ҳақиқатан ҳам тўғри. Шахсан ўзим 29 апрел куни соат 11.50да 10-ТҲга борганимда менга ичкарида одам кўп, хоналар банд, ходим етишмайди, қайтиб кетаверсин, бошлиқ шундай буюрган, менга бошлиқ ойлик беради ва мен унинг айтганини бажараман деб айтишди. Мен ЖИЭББга қўнғироқ қилганимдан сўнг уларнинг аралашувидан сўнг муассаса бошлиғи чиқииб ҳал қилиб берди. Ходимларнинг битта гапи бор ичкарида хона йўқ ёки ходимлар етишмаяпти дейди. Аслида бу муассасанинг муаммоси, агар хона етишмаса ўзининг хонасини бўшатиб бериб бўлса ҳам таъминлаши керак, агар ходим етишмаса шахсан раҳбарини ўзи бўлса ҳам маҳкумни олиб чиқиб бериши керак

Простым глазом или взглядом понятно то, что даже простому гражданину не трудно определить логику. Это логика есть в том, что реальна недееспособность прокурора, прокуратуры или реальное отсутствие прокурорского надзора. Боюсь ошибиться, но в этом есть признаки коррупции. Поскольку в последнее время очень участились случаи правового беспредела со стороны следствия МВД. А суды лояльны или заняли либеральную позицию по отношению к фальцификации и недопустимости доказательств, допускаемых следствием МВД. Другой факт, что они почти объявили войну против адвокатов.... Тому факт громкие "сфабриковки"... против трех женщин адвокатов... Аллах всему свидетель!!! Кто же разбереться с этим бардаком...? Время покажет.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация