“Инфекционист шифокор иши” бўйича айбланувчи суд ҳукмисиз жиноятчига чиқарилмоқда...



 
  Расм манбаси : qalampir.uz сайтидан скрин-шот

Тошкент вилояти бош инфекционист шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг “Qalampir.uz” нашрига берган интервьюси инсон ҳуқуқлари масаласида танилган ҳуқуқшунослар, жумладан адвокатлар жамоасида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддинов тажрибали мутахассис сифатида мазкур ҳолат юзасидан ўзининг холис муносабатини қуйидагича баён қилади:

“Прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали терговолди ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкора қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: Жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки била туриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?

Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатда қонун ҳимояси учун масъул бўлган бу амалдор ўзи, ўз интервьюси билан, аввало амалдаги ҳуқуқий маданият ва прокурор этикаси талабларини жуда қўпол равишда бузган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси (“жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, у айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмайди”) ҳамда амалдаги ЖПКнинг 23-моддаси (“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади”) талабларини ҳам мутлақо менсимаган.

Зеро, ҳали якунланмаган ва судда кўриб чиқилмаган жиноят иши бўйича ОАВ орқали прокурор хулосасини айтишга, ҳатто гувоҳларнинг кўрсатувларию якунланмаган ҳужжатли тафтиш якунларигача ошкор қилишга унинг мутлақо ҳаққи йўқ. Шунга қарамасдан, у ўз интервьюсида жиноят иши қачон ва қандай қўзғатилганидан тортиб, аниқланган барча ҳолатларга бирма-бир тўхталади ва уларни айблов позициясидан келиб чиққан ҳолда, гўё рад қилиб бўлмас далил-исботлар сифатида талқин қилади ҳамда айбланувчининг бир бемор ўлимига шак-шубҳасиз сабаб бўлган ҳамда 250 млн. сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган жиноятчи экани ҳақида узил-кесил хулоса чиқаради. Демак, прокурор ўз мақсадлари йўлида қонун талабларини атай бузган кўринади.

Шунингдек, интервьюда прокурор жанобларининг ўзи ҳам чалкашиб кетган ўринлар мавжуд. Жумладан, у аввалига Г.Йўлдошеванинг ижтимоий тармоқларга чиқиши жиноят ишига ёки айбловга алоқадор эмаслигини асослашга уринса-да, Г.Йўлдошевага нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳақида гапираётиб юқоридаги ҳолат ҳам эътиборга олинганини айтиб қўяди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, амалдаги қонунчилигимизда инсон шаъни ва қадр-қимматига дахл қилинишининг олдини олишга қаратилган меъёрлар бекорга эмас. Жумладан,   ЖПКнинг 17-моддаси 1-қисмида “Судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт” эканлиги белгиланган бўлса, модданинг 3-қисмида“Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, дея очиқ-ойдин ёзиб қўйилган. Чунончи, мазкур талабларнинг бузилиши айланувчи ва унинг оила аъзоларига руҳий-маънавий азоб етказиб қўйиши мумкин.

Шу маънода ўзингиз тасаввур қилинг, давлатнинг масъул амалдори томонидан ўта маданиятсиз ва ноқонуний тарзда берилган интервьюни кўрган Г.Йўлдошева ва унинг аъзоларига, яқинларига қандай руҳий изтироб етганини...

Суд-ҳуқуқ соҳасида узоқ тажрибага эга мутахассис сифатида яна бир масалани айтишни хоҳлардим. Г.Йўлдошевага эълон қилинган дастлабки айблар мавжуд тасниф бўйича нари борса “унча оғир бўлмаган жиноятлар” турига кирса-да, унга нисбатан қамоқда сақлаш туридаги эҳтиёт чораси қўлланилишини ҳам ўринли деб бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда уй қамоғи туридаги эҳтиёт чораси ҳам мавжуд ва уни айнан аёл сифатида Г.Йўлдошевага нисбатан қўллаш мумкин эди. Аммо на прокурор, на журналист бу масалага эътибор қаратишмаган. Айниқса журналистнинг интервью давомида ўзини худди прокурор ёрдамчисидек тутиши ўқувчида бу суҳбатнинг олдиндан келишилиб, буюртма асосида тайёрлангандек таассурот уйғотади. Тўғриси, шахсан мен Qalampir.uz нашридан буни кутмаган эдим!”

Шу ўринда эслатиб ўтадиган бўлсак, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасининг собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган. 10 сентябрь куни эса Бош прокуратура матбуот хизмати айблов тўғрисида маълумот берди. Г.Йўлдошева 9 сентябрдан бери ҳибсда сақланмоқда. Айбланувчига қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан берилган апелляция шикоятини ЖИБТошкент вилояти суди қаноатлантирмаган.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, Г.Йўлдошева коронавирувга чалинган бир беморнинг ўлимига сабаб бўлишда айбланмоқда ва унга нисбатан ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми ҳамда 207-модда (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” банди билан иш қўзғатилган. Шунингдек, жиноят ишида 250 млн. сўмдан ортиқ бюжет маблағларининг талон-торож қилиниши эпизоди ҳам бор ва бу 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми бўйича айб қўйилишига асос бўлган.

Адвокат У. Салоҳиддинов қилмишнинг мана шундай тавсифланиши масаласига ҳам эътироз билдиради:

“Шахс 116-модда билан айбланиши учун унга ўз хусусиятига кўра ваколатлар (мутахассислиги бўйича) белгиланган бўлиши лозим, яъни хирург ёки акушер-гинеколог ва ҳкз.лар каби. Шунга кўра агар Г.Йўлдошевага нисбатан амалдаги ЖКнинг 116-моддаси билан айб қўйиладиган бўлса, демак унга ЖКнинг 207-моддаси билан айб қўйиш асоссиз бўлиб қолади. Агар айбланувчи касалхона раҳбари экани эътиборга олинаётган бўлса, демак, унинг исботланган ҳаракатлари амалдаги ЖКнинг фақатгина 207-моддаси билан тавсифланиши лозим (Яъни унга ЖКнинг 116-моддаси билан айб қўйиб бўлмайди).

Шунингдек, прокурорнинг тушунтиришича, тафтиш ишлари ҳали якунланмаган бўлса айбланувчининг ҳаракатларини амалдаги ЖКнинг 167-моддаси билан узил-кесил тавсифлаш ҳам мумкин эмас. Қолаверса, мазкур тафтиш ишларида адвокатнинг иштирок этиши ҳам мажбурийдир”.

***

Биз ушбу мавзуни ёритар эканмиз, айбланувчини оқлаш, унга адвокатлик қилиш фикридан мутлақо йироқмиз. Аксинча, юқорида қайд этилган интервьюда яққол кўзга ташланган, аслида эса жамиятимизда аввалдан мавжуд ва ҳануз ечимини топмаган муаммога омма эътиборини тортмоқчи бўлдик, холос. Гап айбсизлик презумпциясига риоя этиш масаласига бориб тақалганини эса тушунган бўлсангиз керак. Зеро у жамиятимиз учун ҳамон ҳассос мавзулигича қолмоқда. Энг ёмони, фурсат бўлди дегунча ОАВ ва журналистларни айбсизлик презумпциясини бузишда айблашга уринадиган ҳуқуқ-тартибот идоралари мансабдорларининг ўзлари бу борада намуна бўла олишмаяпти. Аслида эса айбсизлик презумпцияси жиноят-судлов процесси тамойили бўлиб, фақат шу жараёнгагина хос тушунчадир.

Таниқли журналист ва ҳуқуқшунос Карим Баҳриев таъкидлаганидек, оддий фуқаро ва ҳатто журналистдан кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсининг бу мазмундаги ахборотидан фуқарога кўпроқ зарар етиши мумкин. Чунки бундай ҳолатда у ўз фикрини эмас, давлат томонидан берилган ваколатлари доирасидаги расмий нуқтаи назарини ифодалаётган бўлади. Бошқача айтганда, унинг нуқтаи назари давлатнинг нуқтаи назари бўлади, яъни унинг фикрида масаланинг ҳуқуқий томонлари ҳамда ҳуқуқий оқибатлари намоён бўлади. Бундан келиб чиқадики, мансабдор шахс жиноят содир қилганликда айбланувчи шахс ҳақида фикр билдираётганида у токи айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиқиб, кучга киргунича айбсиз ҳисобланишини инобатга олиши лозим, яъни айбланувчини айбсиз «ҳисоблаш»га мажбурдир.

***

Шу ўринда яна бир масалани ҳам эслаб ўтмасак бўлмас: Гулжаҳон Йўлдошева тахминан бир ой муқаддам Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирус беморларини ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётганини, оғир вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Прокурор чиқишининг ижтимоий муҳокама марказига жуда тез кўчиши сабабларидан бири ҳам шу. Бизнингча, ҳуқуқ-тартибот органи масъуллари жамоатчиликка маълумот бераётганларида масаланинг мана шунақа нозик жиҳатларини ҳам эътиборга олишлари лозим бўлади. Чунончи, бунақа вазиятда қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш, жамаотчиликни ишонтираман деб бутунлай ишончни бой бериш ҳеч гап эмас...

2020-09-16 14:49:16  |  3607 |   0  | 

6 изоҳлар

Июль 16, 2021  08:31

1.Ваҳоббобо

Адвокат ва покурорнинг ҳуқуқли тенг эмаслиги судланувчининг кулфати. Теговчи, прокурор, судянинг бинеси. Бу бизнесдан судланувчилар, уларнинг яқинлари адвокатлар руҳан эзилиб келаёгани нафақат Ўзбекистон халқига бутун дунёга маълум. Ҳурматли адвокатлар бу кулфатнинг ечим борми ўзи? Шу ҳақида тушунча берсангизлар.

Октябрь 06, 2020  19:30

2.Фарход

Хакикатданхам шундай булиши керак адвокат билан прокурорни хкукини теглаштириш керак шундагина адолат карор топади,булмасам форма кийганлар бир бири тамон йикилаверадилар

Сентябрь 23, 2020  13:13

3.Азамат

Жуда уринли эътирозлар билдирилган. Прокуратура халк онгида аллакачон жазоловчи орган сифатида гавдаланиб булган. Лекин, Qalampir.uz нинг журналисти прокурорга кушилиб зур бериб Гулжаҳон Йўлдошевани ёмонотлик килишга уриниб жилпанглаши хакикатдан хам бу тахририятнинг анча обрусизланишига саба булди.

Сентябрь 18, 2020  08:13

4.Сайфидин

Прокурор ва адвокат ваколатлари тенглаштирилмагунча шундай давом этади. Америкада, Европада поокур формада юрмайди, чунки йук. Хамма баравар.

Сентябрь 18, 2020  07:59

5.Сайфидин

Суд олдида, конун олдида прокурор билан адвокатнинг ваколатлари тенглаштирилмагунча шундай давом этаверади. Нима учун прокурор юлдузчалари бор кителда утиради суда. Бу тенгликни бузади. Америкада еки Европада шунакасини курганмисиз? Хатто Хиндистонда прокурор хам йук.

Сентябрь 17, 2020  13:10

6.Исломжон

Жуда вактида билдирилган окилона муносабат, гап йук. Маьмурий органларни назорат килувчи мутассидлар жим. Бош врачни ошкора айтган сузлари кимгадир екмаган куринади. Адолат эртами кеч албатта, карор топади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация