Жиноятда иштирокчилик: нормаларни тартиблаш ва такомиллаштиришга доир таклифлар
Жиноятда иштирокчилик институти жиноят ҳуқуқининг энг кўп жиҳатли, мунозарали ва мураккаб институтларидан бири ҳисобланади. Ўн тўққизинчи асрда рус ҳуқуқшунос-криминологи Г.Е.Колоколов: “Иштирокчилик назарияси жиноят ҳақидаги умумий фаннинг тожи сифатида жиноят ҳуқуқининг энг қийин бўлими ҳисобланади”, — деб ёзган эди. Ундан бирмунча кейин, ХХ аср бошларида Н.С.Таганцев: “Жиноятда иштирокчилик ҳақидаги таълимот бетартиб (хаотик) ҳолатда”, — эътироф этганди.
Ўтган давр мобайнида иштирокчилик мавзусига қанчадан-қанча тадқиқотлар бағишланган бўлса-да, бу борада турлича қараш ва ёндашувлар ҳали-ҳамон сақланиб турибди.
...Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси илғор давлатларнинг тажрибалари асосида ишлаб чиқилган, аммо уни ҳам идеал норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб бўлмайди. Хусусан, Кодексда жиноятда иштирокчилик ҳақидаги нормаларнинг мукаммал эмаслигини кўрсатувчи бир қатор камчиликлар мавжуд. Бу камчиликлар иштирокчилик институтининг моҳиятини тўғри тушунишда, иштирокчиликда содир этилган жиноятларни аниқ квалификация қилишда муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда ҳамда ушбу институт такомилга муҳтож эканлигини кўрсатмоқда.
Айнан шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сонли қарори билан тасдиқланган “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”нинг 2.5 бандида жиноятда иштирокчилик институтини уларнинг мезонлари ва хусусиятларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур институтни такомиллаштиришга киришар эканмиз, аввало “иштирокчилик” тушунчасини аниқлаштириб олиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумки, ЖКнинг 27-моддасига кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади. Иштирокчилик тушунчасига собиқ Совет Иттифоқи давлатлари, Вьетнам ва Хитой Халқ Республикаси жиноят кодексларида ҳам деярли худди шундай таъриф берилган.
Жиноятни иштирокчиликда содир этилган деб топиш учун унда қатнашган икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг барчаси жиноят субъекти бўлиши керакми ёки йўқми, деган саволга амалдаги Кодекснинг 27-моддаси матнидан жавоб олиб бўлмайди.
Кўпгина олимлар бу борада ўз фикрларини билдириб ўтишган. Масалан, М.Усмоналиевнинг фикрича, агар жиноятда фақат икки киши бажарувчи сифатида қатнашиб, улардан бири ўша жиноят учун жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган ёки ақли норасо бўлса, жиноят иштирокчиликда содир этилган деб ҳисобланмайди [1].
М.Ҳ.Рустамбаевнинг таъкидлашича, бир нечта шахс иштирок этган ижтимоий хавфли қилмиш фақат унда қатнашган камида икки нафар шахснинг қонунга кўра жиноят субъекти белгиларига эга бўлганидагина жиноятда иштирокчилик деб топилиши мумкин. Шу боис Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган ёки ақли наросо шахслардан фойдаланиб жиноят содир этиш жиноятда иштирокчиликни ташкил этмайди [2].
Демак, юқоридаги фикрлардан шундай хулоса ҳосил бўлмоқда: Иштирокчилик учун жиноий жавобгарлик, жиноят содир этишда икки ва ундан ортиқ, ақли расо, ЖК 17-моддасида белгиланган ёшга тўлган шахсларнинг биргалашиб ҳаракат қилиши натижасида вужудга келади. Жиноят содир қилишда қатнашган икки шахснинг бири жавобгарлик ёшига етмаган ёки ақли норасо бўлса, бу жиноят иштирокчиликда содир қилинган деб топилмайди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 2010 йил 29 октябрдаги 13-сонли қарори 12-бандидаги “жиноят иштирокчиларидан бири қонунга кўра жиноят субъекти бўлмаган ҳолларда ҳам иккинчи иштирокчининг ҳаракатлари гуруҳ таркибида содир этилган жиноят сифатида квалификация қилиниши лозим”, — деган тушунтиришини жиноят ҳуқуқи назарияси қоидаларига зид деб ҳисоблаш лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, ЖК 27-моддасини қуйидаги таҳрирда баён қилишни таклиф қилган бўлур эдим:
“Икки ёки ундан ортиқ жиноят субъектларининг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади”.
Мазкур таърифдан келиб чиқиб, иштирокчиликнинг қуйидаги уч белгисини аниқ ажратиб олиш мумкин: 1) жиноятни содир этишда камида икки нафар жиноят субъектларининг иштироки; 2) жиноятни содир этишга нисбатан қасднинг мавжуд бўлиши; 3) иштирокчиларнинг жиноят содир этиш мақсадида биргалашиб ҳаракат қилиши.
ЖК 28-моддаси 2-қисми бажарувчининг қуйидаги иккита турини назарда тутган: бевосита бажарувчи ва билвосита бажарувчи. Жиноят ҳуқуқи назариясида бажарувчининг учинчи - бирга бажарувчи тури ҳам мавжуд. Бирга бажарувчи ЖК Махсус қисмида назарда тутилган муайян жиноятнинг объектив томони асосий белгисини, яъни қилмишни бошқа бажарувчи билан биргаликда тўлиқ ёки қисман бажарган шахсдир. Бирга бажарувчи ҳақидаги норма МДҲ ташкилотига аъзо барча давлатларнинг Жиноят кодексларида ўз аксини топган. Бироқ, бирга бажарувчининг белгилари ЖК 28-моддаси 2-қисмида кўрсатилмай қолган.
Шуларни инобатга олган ҳолда, бажарувчи тушунчасини аниқ ифодалаш мақсадида, унинг барча белгиларини, жумладан бирга бажарувчи турини кўрсатган ҳолда ЖК 28-моддаси 2-қисми қуйидаги таҳрирда таклиф қилинади:
“Жиноятни бевосита содир этган ёки уни содир этилишида бошқа шахс (бирга бажарувчи) билан биргаликда бевосита қатнашган, шунингдек ушбу Кодексга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган бошқа шахс орқали жиноят содир этган шахс бажарувчи деб топилади”.
ЖК 28-моддаси 3-қисмида ташкилотчи тушунчасига жуда тор таъриф берилган. Чунки, ташкилотчи нафақат жиноят содир этилишига раҳбарлик қилиши, балки бошқа иштирокчиларни бирлаштириши, уларни жиноятга тайёрлаши, жиноят содир этилишини ташкиллаштириши, уюшган жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этиши ёхуд уларни бошқариши ҳам мумкин. Шунинг учун ташкилотчининг жиноий-ҳуқуқий белгиларини тўлиқ кўрсатган ҳолда ЖК 28-моддасининг 3-қисмини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқдир:
“Жиноят содир этиш учун иштирокчиларни бирлаштирган, жиноятнинг содир этилишини ташкиллаштирган ёки унинг бажарилишига раҳбарлик қилган, шунингдек уюшган жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёхуд уларга раҳбарлик қилган шахс ташкилотчи деб топилади”.
Далолатчиликнинг айрим жиҳатларини ҳуқуқий баҳолашда ҳам муайян муаммолар мавжуд бўлиб, уларнинг асосий сабаби жиноят қонунчилиги нормаларининг мукаммал эмаслигида. Хусусан, ЖК 28-моддасининг 4-қисмига мувофиқ, жиноят содир этилишига қизиқтирувчи шахс далолатчи деб топилади. Бироқ бу таърифда жиноят содир этишга қизиқтириш усуллари ва бошқа турдаги иштирокчилардан ажратиб турувчи белгилар баён қилинмаган. Шу муносабат билан, таҳлил қилинаётган муаммони ҳал қилиш ва далолатчиликнинг ҳуқуқий моҳиятини тўлиқ тушуниш учун унга аниқлик киритиб, ЖК 28-моддасининг 4-қисмини қуйидаги таҳрирда баён қилиш лозим:
“Жиноят содир этишга — кўндириш, ҳақ эвазига оғдириш, таҳдид қилиш, мажбурлаш, алдаш ва бошқа йўллар билан қизиқтирган шахс далолатчи деб топилади”.
Жиноят кодекси 28-моддаси 5-қисмига кўра, жиноят содир этилишига ўз ... кўрсатмалари билан кўмаклашган ... шахс ёрдамчи деб топилади. Бироқ жиноят содир этишга кўрсатма беришда ифодаланган ёрдамчиликнинг бу белгиси кўпроқ ташкилотчига хосдир. Шу сабабли, қонун нормаларини бир хилда қўллаш ва жазони индивидуаллаштириш мақсадида жиноятда ёрдамчилик тушунчасидан "кўрсатмалари" сўзини чиқариб ташлаш тўғри бўлади.
Шунингдек, амалиётда ёрдамчиликдаги “олдиндан ваъда бериш” атамасини тушунишда ҳам муаммо мавжуд. Хусусан, “олдиндан ваъда бериш” баъзи ҳолларда бу жиноятнинг объектив томонини ташкил қилувчи ҳаракат бошланишидан олдин, бошқа ҳолларда эса бундай ҳаракатни тамомлаш пайтидан олдин деб тушунилади. Шу муносабат билан, жиноятда ёрдамчилик ҳақидаги нормани бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, унга тегишли аниқликлар киритган ҳолда, ЖК 28-моддаси 5-қисмини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мумкин:
“Жиноят содир этишга — маслаҳат бериш, жиноят содир этиш учун маълумот, қурол ва воситаларни тақдим қилиш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек иштирокчиларни, жиноят қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида жиноий қилмиш бошланишидан олдин ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилади”.
Амалиётда тергов ва суд органлари иштирокчиликнинг икки шаклини — мураккаб иштирокчилик ва уюшган гуруҳни ўзаро чалкаштириб юбориш ҳоллари кўп учрайди, ҳолбуки назарий жиҳатдан бу икки шакл ўртасида бир қатор жиддий тафовутлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг 2-моддаси “a”, “b” моддаларига кўра:
“уюшган жиноий гуруҳ” деганда, бевосита ёки билвосита молиявий ёки бошқа моддий наф олиш мақсадида уч ёки ундан ортиқ шахсдан иборат, муайян вақт давомида фаолият олиб борган ва бир ёки бир нечта жиддий жиноятларни содир этиш учун келишилган ҳолда ҳаракатланадиган гуруҳ;
“жиддий жиноятлар” деганда тўрт йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки ундан оғирроқ жазо чораси назарда тутилган жиноятлар тушунилади [3].
Ушбу концептуал қоидаларидан келиб чиқиб, хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, иштирокчиликнинг уюшган гуруҳ шаклини тавсифловчи барча белгиларни миллий қонунчиликда батафсил кўрсатиш ва аниқлаштириш мақсадга мувофиқдир.
Бунинг учун авваломбор “уюшган гуруҳ” атамасини “уюшган жиноий гуруҳ” деб ўзгартириб, унга қуйидагича таъриф бериш лозим:
“Қуйидаги белгилар билан тавсифланган гуруҳ томонидан жиноят содир этилиши уюшган жиноий гуруҳ деб топилади:
уч ёки ундан ортиқ шахсдан ташкил топган;
барча иштирокчилар ўртасида жиноят (жиноятлар) содир этиш ҳақида тил бириктириш мавжуд бўлган;
бир ёки бир неча жиноятларни содир этиш мақсадида олдиндан барқарор бирлашган;
иштирокчилар ўртасида вазифалар олдиндан тақсимланган”.
ЖК 73-моддаси 4-қисмининг “в” банди ва 75-моддасининг
5-қисмига мувофиқ, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларини жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ва жазони енгилроғи билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Бизнинг фикримизча, мазкур қоида фақат бундай гуруҳ ва уюшманинг ташкилотчилари ёки раҳбарларига тааллуқли бўлиши лозим, чунки уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бошқа қатнашувчиларга (аъзоларга) нисбатан анча юқори ҳисобланади. Демак, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма аъзоларининг жавобгарлик даражаси пастроқ бўлиб, шу сабабли уларга жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғига алмаштириш ҳақидаги нормаларни қўллаш учун ҳуқуқий асос яратилиши зарур. Бунинг учун ЖК 73-моддаси 4-қисмининг “в” бандидан “ва қатнашувчиларига” деган сўзларни чиқариб ташлаб, матнни қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:
“в) уюшган гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчиларига;”.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, юқорида баён қилинган муаммоларнинг ечими иштирокчилик институтини такомиллашишига хизмат қилади.
Изоҳлар
1. Усмоналиев М., Жиноят ҳуқуқи. Умумий қисм: Дарслик – Тошкент: Янги аср авлоди, 2010. – Б.278.
2. Рустамбаев М.Ҳ. Ўзбекистон Республикаси жиноят ҳуқуқи курси. I том. Умумий қисм. Жиноят тўғрисида таълимот: Дарслик. – Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2018. – 372 б.
3. https://lex.uz/ru/docs/1304566?twolang=true
Фазлиддин Ишанходжаев,
Судьялар олий мактаби магистратураси тингловчиси
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш